Юртимизда турли соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Кейинги йилларда буюк алломалар меросини тадқиқ этишни янги босқичга кўтариш мақсадида бир қанча халқаро мақомдаги тадқиқот марказларини очилгани, ўз йўналиши бўйича беназир Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши, Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятининг йўлга қўйилиши халқимиз маънавий ҳаётида муҳим воқелик бўлди.
Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси томонидан “Глобаллашув жараёнида исломни тушуниш муаммолари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий онлайн конференция ўтказилди.
Тадбирни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов кириш сўзи билан очиб берди. Глобаллашув жараёнида исломни тушуниш учун маърифат сув ва ҳаводек зарурлиги, жаҳолатни фақат маърифат билан енгиш мумкинлигини бугун халқаро ҳамжамияти теран англаётгани қайд этилди.
Шунингдек, конференцияда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов анъанавий тарзда ўтказилаётган ушбу халқаро анжуманнинг йилдан-йилга нуфузи ошиб бораётганини билдириб, иштирокчиларни самимий муборакбот этди.
Анжуманда Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази профессори Мустафо Усмон Амин, Россия Федерацияси Булғор ислом академияси профессори Муҳаммад Айман Заҳровий, Сарбонна университети доктори Муҳаммад Тоуалбиа, Мармара университети профессори Хуля Алпер, Анқара университети тадқиқотчиси Мине Демирбилек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари, таниқли исломшунос олимлар, юртимиз ва хориждаги илмий марказларнинг етакчи мутахассислари, хориждаги нуфузли олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчи ва магистрантлари иштирок этди.
Дарҳақиқат, глобаллашув турли соҳаларда тараққиёт суръатларини ўсишида муҳим омил бўлди. Унинг илм-фан ривожи, ахборот алмашинувидаги ўрнини бирор восита билан қиёслаб бўлмайди. Шу билан бирга глобаллашув медиа оламида ва халқаро тармоқда дин-эътиқодни тўғри англаш, соғлом дунёқараш-тафаккурни шакллантиришдаги муаммоларни кўрсатиб берди. Мазкур муаммолардан келиб чиққан ҳолда анжуманда “Динлараро тотувлик ва радикализмни енгиш”, “Мусулмон жамоасида конфессиялараро мулоқот: ўтмиш, ҳозир ва келажак”, “Олий ислом таълимини ривожлантиришда ютуқларга эга бўлган ўзбек ва хорижий олимларнинг илмий, услубий ва ахборот алмашинуви”, “Ислом илоҳиёти тафаккури ривожланишининг анъаналари ва замонавий тенденциялари: мусулмон жамоаларининг ички ва хорижий тажрибаси” каби долзарб масалалар муҳокама этилди.
Тадбирда “Ислом тушунчасида глобаллашув: муаммолар ва имкониятлар”, “Глобаллашув жараёнида исломни тушуниш муаммолари”, “Диний таълим методологияси ҳамда унинг Ватанга муҳаббатни ўстиришдаги аҳамияти”, “Бугунги кунда исломни қандай тушунамиз?”, “Глобаллашган дунёда ислом: визуаллик ҳукмронлиги остида маънонинг йўқолиши муаммоси”, “Мотуридия таълимотида дин ва сиёсат масаласи” каби мавзулардаги маърузалар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Конференцияга маҳаллий ва хорижий олимлар ва тадқиқотчиларининг 100 га яқин мақоласи тақдим қилингани унинг аҳамияти ва нуфузини белгилаб беради. Шулардан 20 га яқини хориж олимлари ва тадқиқотчиларининг мақолалари. Мазкур мақолалар таҳрир ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, тўпламга 70 дан зиёд мақола киритилиши режалаштирилмоқда.
Иштирокчилар эътирофига кўра, мазкур халқаро анжуман диннинг моҳиятини теран англашда, ислом таълимотини тўғри тушуниш ва англашда, ёшлар онгида турли бузғунчи ғояларга қарши иммунитетни шакллантиришда долзарб аҳамият касб этади. Шунингдек, “Жаҳолатни фақат маърифат билан енгиш мумкин”лиги нуфузли олимлар ва ёш тадқиқотчилар томонидан алоҳида таъкидланди.
Мухтасар айтганда, 2018 йил 12 декабрда Ўзбекистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” халқаро резолюциясидан сўнг жаҳон оммавий ахборот воситаларида янграган муносабат конференциянинг якуний хулосаси бўлди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати