Кеча кун давомида тўрт нафар боксчимиз рингга кўтарилди ва кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди.
Хусусан, 50 килограмм вазнли боксчимиз Азиза Ёқубова АҚШ вакиласи Женнифер Лозанога қарши рингга кўтарилди ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. 54 килограмм вазндаги вакиламиз Нозимахон Бултурова эса сенегаллик рақиби Диенабу Диалло рингга чиқмагани сабаб автоматик тарзда кейинги босқичга йўл олди.
60 килограмм вазн тоифасида Моҳинабону Абдуллаева украиналик рақибаси Амина Абрамовага қарши жанг қилиб, 3:2 ҳисобида ғалабага эришган бўлса, 66 килограмм вазнли боксчимиз Навбаҳор Ҳамидова қозоғистонлик рақибаси Дарига Шакимовани 3:2 ҳисобида мағлуб этди ва у ҳам кейинги босқичга йўл олди.
Бугун Истанбул шаҳрида IBA Конгресси ўтказилади. Шу сабабли фақатгина кечки дастурда жанглар ташкил этилади. Унда боксчиларимиз ичида -70 килограмм вазнли Хадичабону Абдуллаева рингга кўтарилади. Унга 1/8 финал жангида австралиялик Франсис Скотт рақиблик қилади. Ушбу жанг бизнинг вақт билан соат 20:00да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, Хадичабону илк жангида Кайман Ороллари вакиласини мағлубиятга учратганди.