Мусобақанинг эркаклар ўртасидаги баҳсларида тўрт нафар ҳамюртимиз - Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Якуббоев ва Шамсиддин Воҳидов иштирок этади.
Аёллар ўртасидаги баҳсларда эса Нилуфар Якуббоева ўз омадини синаб кўради.
Ҳамюртларимизнинг мусобақадаги эҳтимолий рақиблари аниқ бўлди. Унга кўра, вакилларимиз илк босқични қуйидаги рақибларга қарши бошлайди.
Жумладан, Нодирбек Абдусатторов 1-босқичдан автоматик ўтади, 2-босқичда Вахап Шанал (Туркия) / Зденко Козул (Хорватия) ўйини ғолиби билан дона суради.
Шамсиддин Воҳидов 1-босқичда мезбонлар вакили Абдулла Гадимбайли, 2-босқичда эса испаниялик Давид Антон Гуийарро билан куч синашса, Жавоҳир Синдаров 1-босқичда Денг Киприано Реан (ЖАР), 2-босқичда Маркус Раггер (Австрия) / Карим Вагеи (Миср) ўйини ғолиби билан рўбарў келади. Яна бир кучли шахматчимиз Нодирбек Якуббоев эса 1-босқичда мисрлик Малек Кониахли, 2-босқичда эса венгриялик Бенжамин Гледура ва қирғизистонлик Элдиар Орозбаев жуфтлиги ғолиби билан ҳисоб-китоб қилади.
Қизлардан ягона вакиламиз Нилуфар Якуббоева 1-босқичда Ева Репкова (Словакия), 2-босқичда Ю Венюн (Хитой)га қарши дона суради.
Эслатиб ўтамиз, мусобақа Олимпия тизимида ўтказилади. Мағлуб спортчи мусобақа билан хайрлашади. Ғолиб эса мусобақани давом эттиради.