Ўтказилган сўровда жаҳон океани сувлари миқдори бўйича кейинги пайтда камида олтита илмий ишни чоп этган 100 дан ортиқ олимлар иштирок этди. Уларга CO2 эмиссияси сценарийси доирасида океан сувларининг кўтарилишига доир фикрларини баён этишлари таклиф этилди. Сўров натижалари БМТ ҳузурида фаолият юритувчи иқлим ўзгаришлари бўйича мамлакатлараро экспертлар гуруҳининг қарашларига нисбатан салбийроқ бўлиб чиқди. Экспертлар 2100 йилга бориб энг ёмон ҳолатда океан сувларининг 1,1 метрга кўтарилишини башорат қилган бўлса, олимлар аср охирига келиб бу кўрсаткич 1,3 метрга етишини билдиришди. 2300 йилга бориб эса, бу миқдор 5 метрни ташкил этиши мумкин.
Бунинг сабаби, биринчи навбатда, Гренландия ва Арктика музликларининг эришига бориб тақалади. “Бу ердаги мавжуд музлар эрийдиган бўлса, унингҳажми дунё океани юзасини 65 метрга кўтарилиши учун етарли бўлади. Бу музликлар қопламасини бағоят кам фоизга ҳам йўқотишга йўл қўймаслигимиз зарурлигидан далолат беради” — дейди тадқиқот муаллифларидан бири, Потсдам университети илмий вакили Штефан Рамшторф.
Яқинда НАСА сунъий йўлдошлари ёрдамида ўтказилган бошқа тадқиқот хулосасига кўра, фақатгина Гренландиянинг ўзи йилига 200 гигатонн муз йўқотмоқда.
Рауф Нуруллаев