Аммо улардан ҳам аввал бундай лаҳзада хаёлингизга муваффақият йўлидаги оғир меҳнат, сабр, ички курашлар, яқинлар, устозлар қўллови ва албатта, ортингизда тоғдек мадад бўлиб турган ватан ва халқ ишончи келади.

Мен учун 2025 йил ана шундай ҳислар билан эсда қолди. Шахмат тахтаси ёнида ўтириб, ҳар бир юришни ўйлаб амалга оширган, минг бир ҳаяжон билан ўтказган лаҳзаларим кўп бўлди. Ўша паллаларда нафақат рақиб, балки ўзим билан ҳам баҳсга кирган пайтларим етарли.

2025 йил халқаро майдонларда кўплаб йирик турнирларда иштирок этдим. Кучли рақиблар, кескин партиялар, бир неча соатлаб чўзилган ўйинлар ҳаётимнинг одатий манзарасига айланди. Осиё ва жаҳон миқ­ёсидаги мусобақаларда қўлга киритилган ғалабалар, рейтингдаги ўсиш, терма жамоа сафида эришилган натижалар, ўйлайманки, юртимиз ёшларининг интеллектуал салоҳиятига далил, мамлакатимизда спортга, хусусан, шахматга алоҳида эътибор ва рағбатнинг амалдаги намоёни бўлди. Айниқса, Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида ўтказилган ФИДЕ жаҳон кубогида ғолиб бўлиб, бундай натижага эришган тарихдаги энг ёш шахматчи сифатида эътироф этилишим ўзимга, ўз кучимга ишончимни янада оширди. Бу ғалаба жаҳон шахмат тожи учун курашиш имконини берувчи номзодлар мусобақасида қатнашиш йўлланмасини тақдим этиши билан ҳам жуда аҳамиятли эди.

Ўтган йил давомида бошимдан ўтказган энг эсда қоларли воқеалардан бири Президентимиз билан учрашув бўлди. Давлатимиз раҳбари менга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” унвонини бериб, мукофотларни топширар экан, бу ­эътибор шахсий ютуқдан кенгроқ маъно касб этишини чуқур ҳис қилдим. Бу ишонч ўзбек шахматига, ёш спортчиларга, интеллектуал меҳнатга берилган юксак баҳо сифатида қалбимдан чуқур жой олди. Ўша учрашувдан кейин халқимиз олдидаги дахлдорлик масъулиятим янада ортди дея оламан.

Янги йил кайфияти билан келажак ҳақида кўп ўйлаяпман. Олдинда турган асосий мақсадларим аниқ. Бу йил бўлиб ўтадиган номзодлар турнирида муносиб иштирок этиш ниятим бор. Мазкур мусобақа шахмат оламидаги энг катта синовлардан бири саналади. Бунда ҳар бир партия, ҳар бир юриш, ҳар бир қарор жаҳон шахмат тожига элтадиган йўлнинг бир бўлаги. Ўша йўлда бор кучимни сарфлаб, юртимиз байроғини энг юқори чўққига олиб чиқиш орзуси билан яшаяпман.

2026 йил шукуҳи кунларида ич-ичимда ўзига хос хотиржамлик, шукуҳ ва энг муҳими, ишонч бор. Ортда қолган 2025 йил эса менга нафақат спортда, балки ҳаётда ҳам асқатадиган сабоқлар берди. Уни тенгдошларим, ука-сингилларим билан ҳам бўлишмоқчиман: имкониятларингизга, билим ва салоҳиятингизга ишонинг, меҳнатдан қочманг. Шунда натижалар ўз вақти билан бирин-кетин келаверади, орзулар ушалади.

Янги йил барчамизга янги имкониятлар, тоза ниятлар ижобатини олиб келсин. Мен ўша имкониятларни шахмат тахтаси устида, ҳалол кураш ва тинимсиз изланиш билан қарши олишга тайёрман.

Жавоҳир СИНДОРОВ,

халқаро гроссмейстер,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи