- Лейблни яратилиши ғояси қандай кечган? Нима туртки бўлган?

- 2005 йил эди. Биз олийгоҳда ўқиш даврида танишиб қолдик. Икковимиз ҳам, мусиқага, қўшиқ тинглашга ва куйлашга ҳам жуда қизиқардик. Машҳур қўшиқларни дискка ёзиб олиб, машинада тинглардик. Шундай кунларнинг бирида тасодифан бир қўшиқни машинада тинглаб кета туриб, унинг аранжеровкасидаги хатолар ҳақида баҳслашиб қолдик. “Агар мен шу қўшиқни ёзган бўлганимда мусиқасида мана шу ерда авжига урғу берган бўлардим. Мана бу ерда мусиқа пастлаши керак, бу ерда эса, кўтарилганда, бу қўшиқ хит бўларди!” деб фикрлаб, баҳслашиб, фикримиз бир жойдан чиқиб қолди. Шундан сўнг, мусиқадан яхшигина хабардорлигимиз учун “нима учун ўзимиз ҳам қўшиқ яратишга уриниб кўрмаяпмиз?” деб ўйлаб қолдик. Шундан кейин, уриниб кўришга аҳд қилдик. Ният холис экан, 2006 йил “Jama Music” лейблига асос солдик. Икковимиз ҳам адаш яъни, бир хил исм  эгаси бўлганимиз учун ҳам, лейблга “Jama Music” деб ном қўйдик. Чунки, икковимизни ҳам дўстларимиз “Jama” деб чақиришади. Лейбл яратилганда, дастлаб мақсадимиз фақат қўшиқлар учун шеър ёзиб, мусиқа басталаб, аранжировка қилиб, санъаткорларга сотиш бўлган. Шу кунгача Шахзода, Озода Нурсаидова, Лола, Нилуфар Усмонова, Райҳон, Муниса Ризаева, Даврон Эргашев, Рашид Холиқов ва бошқа кўплаб таниқли эстрада хонандаларига қўшиқлар ёзиб берганмиз.

-Лейбл яратилгач, уни ривожлантириш йўлида қандай қийинчиликлар бўлган?

-“Jama Music” лейбли яратилгач, энг катта қийинчилик бу бино, яъни қўшиқлар яратиш учун студия керак эди. Биз замонавий энг сўнгги русумдаги овоз ёзиш студиямиз бўлишини истардик. 2006 йилдан бошлаб, бинолардан керакли хоналарни студия учун ижарага олганмиз. Энг катта қийинчилик шу бўлган. Бундан ташқари, ҳар битта хонанданинг дидига мос ижод намунаси яратиш ҳам қийин албатта. Аммо, биз бунинг уддасидан чиқа олдик. Аста-секин буюртмачилар кўпайди. Вақт ўтиб, биз “Jama Music” студиясини яратиш кераклигини тушундик ва 2022 йилда бунга эришдик! Ҳозирги кунда “Jama Music” студияси энг кўп санъаткорлар мурожаат қиладиган овоз ёзиш студияларидан биридир.
 
- “Jama Music” лейбли ва ўзаро ижодий ҳамкорлик қиладиган хонандалар билан ҳеч келишмовчиликлар бўлганми? Очиқ айта оласизми?

- “Jama Music” лейбли чиройли ижодий ҳамкорлик тарафдори. Биз ҳеч қачон ҳеч қайси хонанда билан шу кунга қадар келишмовчиликка бормаганмиз. Ҳар бир буюртмачи хонанда биздан мамнун бўлган ва мамнун бўлиб келмоқда.
 
-  “Jama Music” лейблининг бошқа лейбллардан фарқли жиҳати?

- Биринчи навбатда юқори сифат! Шунингдек, қўшиқни ғоясидан тортиб, сўзи, мусиқаси, аранжеровкаси энг сўнгги нуқтасигача  “Jama Music” да амалга ошириш мумкинлиги! Бу хонандаларга қулайлик туғдиради.
 
- “Jama Music” бренди остида шу кунгача яна қандай ишлар амалга оширилди?

- 2019-2020 йилларда Youtube тармоғида “Jama Music” номли канал очдик ва бу канал ҳозирги кунда муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда. Қолаверса, бошқа интернет тармоқларида ҳам, “Jama Music” профиллари очилди. Шундан сўнг, мазкур лейбл остида янги ном, янги хонандаларни лойиҳа сифатида кашф этишни йўлга қўйдик. Бугунги кунда “Jama Music” лейбли лойиҳаси сифатида бир неча хонандалар фаолият юритишмоқда. Жумладан, Адиз, Uz Tim, Бекзод Соипов ва бошқалар. 2019-2020 йилларда “Jama Music” лейбли остида янги қўшиқлар чиқара бошладик. Бу қўшиқлар Youtube тармоғининг “RizaNova” канали ва бошқа интернет каналларига чиқарилди. Шунингдек, радиотўлқинларда ҳам янграй бошлади. Жумладан, “Jama Music”нинг “Фарёд” қўшиғи тингловчиларга тақдим этилди ва унга видеоклип суратга олинди. Шундан сўнг, “Jama Music” томонидан “Сени севаман” қўшиғи яратилди. 2021 йилда яратилган “Бобо” қўшиғи ҳам мухлисларга тақдим этилиб, барчага манзур бўлди.