Президентимиз Шавкат Мизиёев томонидан “Муаллимнинг обрў-эътибори – бу аввало миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътибори эканлиги”га алоҳида эътибор қаратганлиги устозларга бўлган юксак эҳтиром янгиланган Конституцияда ҳам ўз ифодасини топди.

Жумладан, 52-модданинг биринчи хатбошида “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади”, деб ёзиб қўйилди. Боиси, жамиятни инсон, инсонни эса таълим ва тарбия ўзгартиради. Миллат ва халқнинг ривожи, унинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, авваламбор, ўқитувчилар фаолиятига боғлиқ. Зеро, ўқитувчи аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган илм-фан сир-асрорлари, маънавий ва маданий меросни ёшларга етказишда муҳим бўғин ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунга келиб ўқитувчи мақомининг кўтарилиши бевосита уларнинг мамлакат эртанги куни бўлган ёшларни буюк истиқболини белгилаб беришда асосий омил ҳисобланади.

Шунингдек, мазкур модданинг иккинчи хатбошида таъкидаланганидек, “давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади” дейилган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ўқитувчи касбининг мақоми ва обрўсини кўтариш, уларнинг моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватланишини таъминлаш, самарали меҳнат фаолияти учун муносиб шароитлар яратилмоқда. Устоз ва мураббийларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар берилиши, чекка-чекка ҳудудларга бориб ишлаётган устозларга муносиб турмуш-тарзи шароитлари яратиб берилаётганлиги фикримиз тасдиғидир.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда фаолият юритаётган 700 мингга яқин ўқитувчини давлат томонидан касбий лаёқатини ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланишининг кучайтирилиши уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми ва обрўсини янада оширишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, дунёда кечаётган мураккаб сиёсий-иқтисодий вазиятда мамлакат ривожини белгилаб берувчи таянч ҳисобланган ёшларни ҳар томонлама етук қилиб таълим-тарбия беришда устозларнинг фаол иштироки асосий омил саналади.

Лазиз АКБАРОВ,

Жамоат хавфсизлиги университети дотценти,

педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)