Янги Ўзбекистон кейинги тўққиз йилда мустақил тараққиётнинг катта довонини бо­сиб ўтди. Иқтисодиётимиз янгидан шаклланди, бозор муносабатлари кенгайтирилди, қонун устуворлиги мустаҳкамланди. Энг муҳими, халқимизнинг кўп йиллик орзу-умидларини ўзида ифодалаган янги Ўзбекистонни барпо этишнинг маънавий-ҳуқуқий асослари яратил­ди. 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якуний натижаларига мувофиқ, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Мазкур тари­хий ислоҳотнинг асосий ғояси сифатида илга­ри мавжуд бўлган “давлат — жамият — шахс” парадигмаси янги “инсон — жамият — давлат” тамойилига ўзгарди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси худди мана шу тамойилни рўёбга чиқаришга қаратил­ган бунёдкор ғояларни ўзида жамлаган страте­гик харитадир. Мурожаатномада белгиланган улуғвор марралар ва янграган чақириқлар янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳал қилувчи босқичга қадам қўйилаётганини англатади.

Кейинги йиллардаги ислоҳотлар силсиласи­дан юртимизда “Инсон — жамият — давлат” тамойили мустаҳкам қарор топиб бораётга­нини англаш қийин эмас. Дарҳақиқат, қайси соҳада бўлмасин, юз бераётган ҳар бир тари­хий янгиланиш моҳиятида инсонни қадрлаш, жамиятни ҳаракатга келтириш ва давлатнинг қудратини янада ошириш мақсади мужассам.

Хусусан, “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” ғояси конституциявий қоида сифатида муҳрланди. Бу билан инсоннинг олий қадрияти унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қим­мати экани белгиланди. Шунингдек, охирги беш-олти йилда Бош қонунимизда белгиланган ижтимоий давлатнинг асосий талаблари ҳаётга изчил татбиқ этилди.

Сифатли таълим, малакали тиббий хиз­мат, кучли ижтимоий ҳимоя, муҳтожларнинг уй-жойга эҳтиёжини қоплаш, бандлигини таъ­минлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартириш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ижтимоий давлат мо­делининг амалий ифодасидир.

Бу манзилли ислоҳотлар, биринчидан, та­раққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган инсонни, унинг онг-тафаккури ва ролини ўз­гартирмоқда. Президентимиз таъкидлагани­дек, “Биз ислоҳотларни аниқ амалий нати­жага айлантиришни ўргандик”.

Иккинчидан, жамиятимизда ҳамжиҳатлик муҳити, бунёдкорлик руҳи ҳукм сурмоқда. Бир­гина 2025 йилда 5 миллион фуқаро даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фо­изга тушди. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд шахс камбағалликдан чиқди, илк бор 1435 маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга ай­ланди. Камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушди.

Учинчидан, давлатимиз салоҳияти ошиб, илгари тасаввур ҳам қилиш қийин бўлган оламшумул марраларга эришилмоқда. Ўтган йили тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард доллардан ошди. Жаҳон банки юритадиган Давлатлар­нинг технологик етуклик индексида Ўзбекистон 71 поғона юқори кўтарилиб, етакчи 10 та мамлакат қаторидан жой олди.

Мана шу амалий натижаларнинг ўзиёқ янги Ўзбекистон ғояси амалда қудратли ҳаракатга айланганини кўрсатади. Мурожаатнома шу каби ҳаётий ҳақиқатларни аниқ мисоллар орқали ифода этгани, жамиятимизга ҳаётбахш ғояларни олиб кираётгани ва халқимизни янги марраларга руҳлантиргани билан янада аҳамиятлидир.

Нега айнан бугун?

2026 йилга берилган номда келгуси тараққи­ётимиз формуласи акс этгандек — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”.

“Маҳаллани ривожлантириш” ғояси бир­мунча тушунарли ва таниш. Ўзбек давлатчи­лиги асрлар давомида ноёб бошқарув шакли бўлган маҳалла билан узвий боғлиқликда ва бу тизимнинг асоси бўлган бирдамлик, меҳр-оқи­бат, жамоавийлик каби қадриятлар таъсирида ривожланиб келган. Маҳалла ривожланса, мамлакат обод бўлиши бор гап. Бу ҳаёт фалса­фаси ортиқча исботга муҳтож эмас. Мурожаат­номада ҳам мамлакатимиз ривожланишининг бугунги босқичида маҳалла институтининг ўрни ва беқиёс аҳамияти кенг очиб берилди.

Йил номидаги “жамиятни юксалтириш” ғояси алоҳида эътиборга молик. “Инсон — жа­мият — давлат” тараққиёт занжирининг ажрал­мас бўғини бўлган жамиятни қандай юксалти­риш мумкин? Бунга эҳтиёж борми? Нима учун бу ғоя айнан бугун юзага чиқмоқда?

Шу каби саволлар туғилиши ва ҳар бир уйғоқ одамни безовта қилиши табиий. Минг йиллар давомида кўп мутафаккирлар ҳам бу саволлар­га ўзича жавоб излаган. Буюк аждодимиз Абу Наср Форобийнинг жамият ҳақидаги қарашлари қизиқ. У ўз фалсафий концепцияси асосида ин­сонларнинг бахт-саодатга эришиши учун ҳар бир аъзосининг касб-корига мувофиқ, ўзаро ҳамкор­ликда яшашини назарда тутадиган идеал, фозил жамият ва шаҳарни тушунтиради. Форобийнинг фикрича, адолат ўрнатилган жамиятгина инсон­лар талабига мос келади. Бундай жамиятда одам­лар ўзаро ёрдамлашиб, ҳар бири ўзининг вазифа­сини бажариши орқали умумий ривожланишга ҳисса қўшади ва мукаммалликка эришади. У жа­миятни инсон организмига ўхшатади. Бу ерда ҳар бир аъзо ўз вазифасини бажарса, бутун организм соғлом бўлади.

Форобийнинг бу ғояси кейинги даврларда Шарқ ва Европа фалсафасига ҳам катта таъ­сир кўрсатган. Хусусан, маърифатпарварлик давридаги ижтимоий таълимотлар, ХIX-XX аср бошларидаги тадқиқотларда жамият худди механизм ёки биологик организмга ўхшаш ва ҳатто уларга тенг бўлган яхлитлик сифатида тавсифланади.

Башарият ривожининг турли даврларида олимлар ички ва ташқи ўзгаришлар шароити­да самарали ишлайдиган ва ривожланадиган барқарор жамиятнинг кўринишини белгилаш­га, ижтимоий тизимни барқарорлаштириш омиллари ва механизмларини аниқлашга урин­ди. ХХ аср охирида барқарор жамият ва барқа­рор тараққиёт ғоялари Рио-де-Жанейро (1992 йил) ва Копенгагенда (1995 йил) бўлиб ўтган нуфузли халқаро форумларда эътироф этилди.

Президентимиз илгари сурган “жамиятни юк­салтириш” ғоясига ҳам жамиятни мисоли тирик организм сифатида узвий ҳаракатда ва барқарор сақлашга стратегик эҳтиёж сифатида ёндашиш лозим. Бошқача айтганда, бугун жамиятни юк­салтириш зарурати тасодифий эмас, балки объ­ектив ижтимоий қонуниятлар билан боғлиқ. Глобаллашув, рақамли трансформация, ахборот оқимининг кескин ортиши ва ижтимоий мурак­кабликлар инсоннинг фақат моддий эмас, балки ижтимоий адолат, хавфсизлик, ишонч ва маъна­вий барқарорликка талабини кучайтирмоқда.

Дунёда кучайиб бораётган сиёсий мавҳум­лик, кўп йиллик жаҳон тартиботига путур етиши оқибатида суверен демократик давлат­лар учун янги, аввал кузатилмаган таҳдидлар пайдо бўлмоқда. Бу эса ҳар бир давлатдан ўз тараққиёт стратегияларини жиддий таҳлил қи­либ, уларга тегишли ўзгартишлар киритишни тақозо этмоқда. “Ўзбекистон — 2030” страте­гияси такомиллашаётгани ҳам айнан шу фавқу­лодда омиллар билан боғлиқ.

Давлатимиз раҳбари раислигида яқинда ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгай­тирилган йиғилишида замонавий хавф ва таҳ­дидларнинг мазмуни ҳам, кўлами ҳам кундан кунга ўзгариб бораётгани, мудофаа ва хавф­сизлик соҳаси олдига катта вазифалар қўйила­ётгани таъкидланди. Саккиз йил олдин қабул қилинган Мудофаа доктринаси ҳамда 1997 йилдаги Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш вақти келгани айтилди.

Мураккаб давримизнинг ана шундай ўткир талабларидан келиб чиқиб, “Инсон — жамият — давлат” тараққиёт концепциясини ҳам янада тако­миллаштириш ва уни амалга оширишга доир янги ёндашувларни ишлаб чиқиш лозим. Хусусан, бу концепция тизимида жамиятнинг ролини ошириш ва жамиятни ҳаракатдаги организм сифатида ком­плекс ривожлантириш мақсадга мувофиқ.

“Жамиятни юксалтириш” ғояси орқали қатор ўткир чақириқлар кун тартибига олиб чиқилмоқда.

Биринчидан, жамиятимизнинг ҳозирги са­лоҳияти билан замонавий таҳдидларга қарши туриб бўлмаслиги билдирилмоқда.

Янги Ўзбекистонда инсон капитали учун катта ресурслар сафарбар қилинмоқда. Таълим, соғлиқни сақлаш, аҳоли бандлиги соҳасидаги амалий натижалар салмоқли. Мамлакатимиз­нинг имкониятлари ҳам йилдан йилга ошиб, улкан марралар забт этилмоқда. Навбатдаги босқичда энди жамиятимиз ҳам қудратли кучга айланиши ва барча ислоҳотларнинг мотивато­ри бўлиши лозим. Бунга эса жамиятимизнинг қон томири бўлган маҳаллани ривожлантириш орқали эришилади.

Иккинчидан, бугунги таҳликали дунёда миллий бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ҳар қачон­гидан долзарб аҳамият касб этаётир.

Давлатимиз раҳбари бу масаланинг ечими­ни жамиятни юксалтиришда кўрмоқда. “Биз учун ҳозирги глобал тараққиёт даврида, дунёда ўта кескин ва таҳликали жараёнлар юз бераётган бугунги кунда миллий бирлик ниҳоятда муҳим ва зарур. Бир бўлсак, яго­на халқ, ягона миллат бўлиб олға интилсак, кўзлаган улкан мақсадларимизга албатта етамиз!” деди Президентимиз.

Учинчидан, жамият ривожисиз инсон ва давлатнинг ривожига эришиб бўлмаслиги ҳақида бонг урилмоқда. Инсон жамиятда ҳара­катланади ва шаклланади. Ундаги ижобий ёки салбий ўзгаришлар, тафаккур эврилишлари, энг аввало, жамиятда акс этади. Давлат ҳам бе­восита жамиятдаги қадриятлар ва муносабат­лар таъсирида ривожланади. Масалан, жамият­да таълим сифати паст бўлса, ёшлар бандлиги таъминланмаса, муаммолар ўз вақтида ҳал этилмаса, ижтимоий тараққиёт ўз-ўзидан се­кинлашади. Жамиятнинг барқарорлиги давлат барқарорлигининг кафолатидир.

Бир сўз билан айтганда, “жамиятни юксал­тириш” ғоясининг бугун амалий ҳаракатлар марказига чиқаётгани ва 2026 йилда Ўзбекистон ривожланишининг устувор йўналишидан бири этиб белгилангани тасодиф эмас. Тараққиёти­мизнинг навбатдаги босқичида ушбу ғоя инсон ва давлатнинг уйғун фаолиятига эришишнинг асосий шарти сифатида юзага чиқмоқда.

Жамият қандай юксалади?

Жаҳонда тан олинган илмий таълимотлар­да жамият ривожига доир хилма-хил қарашлар мавжуд. Файласуфлар ва фикр эгалари бу борада турлича йўлларни тавсия этади. Бугунги глобал­лашув шароитида жамиятни юксалтириш маса­ласига фақат иқтисодий ўсиш билан эмас, балки ижтимоий адолат, фуқаролик фаоллиги, таълим сифати ва ишончли институтлар билан бевосита боғлиқ ҳолда қаралмоқда. Ривожланган давлат­лар тажрибаси барқарор жамият — давлат, жа­мият ва шахс ўртасидаги мувозанатли ҳамкорлик маҳсули эканини кўрсатади.

Жамият қуйидаги асосий омиллар уйғунли­гида ривожланади:

— инсон капитали: таълим, илм-фан ва касбий салоҳиятнинг юксалиши;

— ижтимоий институтлар: маҳалла, оила, таълим ва фуқаролик жамиятининг самарали фаолияти;

— қонун устуворлиги ва адолат: барча учун тенг қоидалар ва шаффоф бошқарув;

— фаол фуқаролик позицияси: жамият ҳаётида бефарқлик эмас, иштирок маданиятининг шаклланиши.

Ривожланган жамиятда давлат “ҳамма нар­сани ҳал қилувчи” эмас, балки шароит яратув­чи институт сифатида майдонга чиқади, фуқаро эса ижтимоий жараёнларнинг фаол субъектига айланади.

Халқаро тажрибада жамиятни юксалти­ришга доир турли моделлар мавжуд. Бироқ уларни бирлаштириб турувчи умумий жиҳат бор — инсон капиталига инвестиция киритиш.

Келинг, уларнинг баъзиларини кўриб чиқай­лик.

Скандинавия моделида жамиятнинг юк­салиши ижтимоий тенглик, кучли таълим ва фуқаролар ишончи орқали таъминланган. Бу мамлакатлар жамиятни юксалтиришда “фаровонлик давлати” моделини муваффақиятли қўллаб келмоқда. Скандинавия моделида: бе­пул ёки арзон таълим ва соғлиқни сақлаш ти­зими; кучли ижтимоий ҳимоя механизмлари; давлат қарорларида фуқароларнинг иштироки кенг йўлга қўйилган.

Натижада бу давлатлар халқаро рейтинглар­да ижтимоий ишонч, бахт ва ҳаёт сифати бўйи­ча доимий етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Энг муҳим жиҳати — жамиятда “давлат менга хизмат қилади” деган тушунча шаклланган.

Японияда жамоавий масъулият, интизом ва маънавий қадриятлар ижтимоий барқарорлик­ни мустаҳкамлаган. Уларда маҳалла ва жамоа даражасида: аҳоли ҳудудни тозалаш, тартибни сақлашда кўнгилли иштирок этади; кексалар­га ҳурмат ва ёшларни тарбиялашга ижтимоий норма сифатида қаралади; таълим тизимида фақат билим эмас, балки хулқ-атвор ва масъулият ҳам шакллантирилади.

Кунчиқар давлат тажрибасидан шуни англаш мумкинки, жамият юксалиши учун катта маблағдан кўра маданий интизом ва умумий қадриятлар муҳим.

Сингапур модели самарали бошқарув ва қонун устуворлигига таянади. Қисқа муддатда жамиятни юксалтиришда мислсиз натижалар­га эришган бу мамлакатда ижтимоий тартиб, хавфсизлик ва ҳаёт сифати юқори даражада таъминланган. Қонун устуворлиги ва корруп­цияга мутлақо муросасиз муносабат, сифатли шаҳарсозлик ва уй-жой сиёсати (аҳолининг катта қисми давлат қурган уй-жойларда яшай­ди), давлат хизматларининг очиқлиги ва тез­корлиги Сингапур муваффақиятининг асосий омилларидир.

Германияда эса касбий таълим, фуқаролик жамияти ва маҳаллий бошқарув жамият та­раққиётининг таянчига айланган. Бу моделда жамиятни юксалтиришда фуқаролик жамияти институтлари ва дуал таълим тизимига усту­ворлик берилади. Бу модель бандликни оши­риш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкам­лашга хизмат қилмоқда. Маҳаллий бошқарув органлари аҳолига энг яқин институт сифатида ишлайди.

Ривожланган давлатлар тажрибаси жамият­ни юксалтиришнинг универсал рецепти йўқли­гидан дарак беради. Бироқ умумий тамойиллар мавжуд. Инсон қадрини устун қўйиш, маҳалла ва жамоани ривожлантириш, адолатли бошқа­рув ва қонун устуворлиги, таълим ва тарбияга сармоя йўналтириш шулар жумласидан.

Муваффақиятли моделлар жамиятни юксал­тириш учун фақат иқтисодий ўсиш эмас, балки ижтимоий онг ва маданиятни ривожлантириш ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини кўрса­тади. Ўзбекистоннинг жамиятни юксалтириш модели ўзига хос ва ноёб. “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” ғояси, “Халқимиз эртага ёки яқин келажакда эмас, бугун бахтли яшаши керак” тамойили бугун биз танлаган буюк йўл­нинг асосидир.

Сўнгги 9 йилда мамлакатимиз жамиятни ривожлантиришнинг илғор халқаро тажриба­ларини миллий қадриятлар билан уйғунлашти­риб, барқарор натижаларга эришмоқда. Энг муҳими, бугун бу ютуқларни ҳар бир юртдо­шимиз ўз ҳаётида чуқур ҳис қилмоқда. Аждод­ларимиз орзу қилиб, курашиб ўтган жамият — инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, кучли ижтимоий ҳимоя, сифатли таълим ва тиббий хизмат кафо­латланган, қонун устуворлиги, ижтимоий адо­лат ва хусусий мулк дахлсизлиги таъминланган янги Ўзбекистон жамияти сари дадил қадамлар қўйилмоқда.

Ҳаммаси мустаҳкам заминга эга

Мурожаатномада бугунимиз ва эртамиз учун муҳим янги ғоя ва аниқ ҳисоб-китоблар­га асосланган ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, унда жамиятни ривожлантиришнинг қуйидаги устувор йўналишлари яққол кўзга ташланади:

— инсон қадрини улуғлаш — барча ис­лоҳотларнинг марказига инсон манфаатини қўйиш;

— маҳалланинг ролини кучайтириш — жамият муаммоларини энг қуйи бўғинда ҳал этиш;

— ёшлар ва аёллар фаоллигини ошириш — таълим, бандлик ва тадбиркорлик орқали;

— очиқ ва халқчил давлат бошқаруви — давлат органларининг халққа хизмат қилиши.

Бу ғоялар жамиятни маъмурий босим орқа­ли эмас, балки ишонч ва ҳамкорлик асосида юксалтиришга қаратилган.

Президентимиз маҳалла инфратузилмаси­ни янада яхшилаш; иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш; ички бозорда талабни рағбатлантириш; касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архи­тектурасини яратиш; экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш; замонавий дав­лат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни давом эттириш орқа­ли барчамизни янги ва улкан маррага — кел­гуси беш йилда иқтисодиётимиз ҳажмини 240 миллиард доллардан оширишга бошламоқда. Кейинги йилларда халқимиз ва давлатимиз эришган оламшумул ютуқларга таяниб фикр­ласак, ўз кучимизга ишонсак, бу натижага эри­шиш мумкин.

Жамиятга таклиф қилинаётган ислоҳотлар­ни аниқ ташаббуслар мисолида кўриб чиқай­лик. Масалан, мамлакатимиз меҳнат бозорини мутлақо янги архитектура асосида — касб, малака, технология ва таълимни бирлаштира­диган ягона механизм сифатида ишлатиш ма­саласи кўтарилди.

Бу нима учун керак? Бугунги глобаллашув шароитида рақамлаштириш ва сунъий интел­лект кўп соҳаларга кучли таъсир ўтказмоқда. Натижада дунёдаги иш ўринларининг сони, шакли ва мазмуни кескин ўзгараётир. Яқин беш йилда мавжуд касбларнинг 30 фоизи тў­лиқ автоматлаштирилиши, 50 фоизи бўйича эса янги малакалар талаб қилинишидан келиб чиқ­сак, дунё меҳнат бозори туб бурилиш бўсағаси­да экани маълум бўлади.

Мамлакатимиз етакчиси янгиланаётган меҳнат бозорига мослашиш учун касбий таъ­лимнинг энг муҳим бўғини бўлган техни­кумларни янги сифат босқичига олиб чиқиш лозим, демоқда. Бунинг учун 2026 йилдан бошлаб, ҳар йили камида 100 тадан техникум тў­лиқ таъмирланиб, технологик ва талаб юқори касбларга мос ҳолда жиҳозланади. Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Жанубий Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий қилинган техникумлар сони 100 тага етказилади.

2026 йилда 7 вилоятда, 2027 йилда эса қол­ган ҳудудларда Илғор касбий маҳорат техни­куми ва “Касблар шаҳарчаси” фаолияти йўлга қўйилади. Мурожаатномада ҳар бир ташаббус­нинг амалий механизмлари, ҳар бир инфрату­зилманинг аниқ вазифаси кўрсатиб берилди. Хусусан, Илғор касбий маҳорат техникумлари ҳудуддаги бошқа техникумлар учун методик ва амалиёт базаси сифатида фаолият юритади. “Касблар шаҳарчаси” эса мактаб ўқувчиларини қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт, “яшил” энергетика каби соҳаларда­ги замонавий касбларга йўналтиради.

Техникум ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам бундан буён янгича ташкил қилинади. Дуал таълим асосида ўқитишни самарали ташкил қилган корхоналарга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади. Тадбиркорлик рейтингида қўшим­ча 5 балл берилади. Корхоналар ишга олган техникум ўқувчиси учун 1 фоизли ижтимоий солиқ имтиёзи яна уч йилга узайтирилади.

Бу ўринда ёшларнинг касбий ривожлани­ши билан бирга иш берувчиларга ҳам янги имтиёзлар, қўшимча қўллаб-қувватлов чора­лари таклиф қилинмоқда. Шунингдек, касбий таълимдаги янгича ёндашувлар, хусусан, дуал таълим асосида ўқитишни оммалаштириш чоралари белгиланмоқда.

ОТМлар ва иш берувчилар ўртасида йўлга қўйиладиган рақамли экотизим ҳам долзарб. Бунда битирувчи курс талабалари учун ўзи­га мос иш топиш, корхоналарга эса малакали кадрларни жалб қилиш имконияти кенгаяди. Меҳнат бозорига йилига 300 минг олий маълу­мотли кадр кириб келаётганини ҳисобга олсак, бу экотизимнинг аҳамияти янада ёрқин намоён бўлади.

Булар тасодифий ечимлар эмас. Жамият­ни юксалтириш бўйича Германия моделида касбий таълимга устуворлик бериш ортидан катта ютуқларга эришилган. Бу давлатда ҳам ёшлар таълим билан бирга корхоналарда ама­лиёт ўтаб, касбга эрта мослашади. Замонавий Германия жамиятида фуқаролик жамияти институтларига кенг ўрин берилган. Нодавлат ташкилотлар ижтимоий муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этади.

Президентимиз “Ислоҳотлар самарадорли­гини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли муҳим. Шу боис, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсат келгусида ҳам изчил давом эттирилади”, деди. Хусусан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқилиши маъ­лум қилинди. Ушбу институтларга ижтимоий буюртма бериш тизими рақамлаштирилиб, молиялаштириш ҳажми 2 карра оширилади. Бу ташаббуслар ҳам жамиятни юксалтириш бўйича дунёдаги илғор тажрибаларга тўла мос келади.

2026 йилдан бошлаб Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланиши эълон қилин­ди. Барча давлат идораларининг 1000 дан зиёд давлат хизматлари; 5000 дан ортиқ функция ва вазифалари; 200 та маълумот базаси ва ахбо­рот тизими; 100 мингдан зиёд давлат хизмат­чисининг маҳалла, туман, вилоят, республика даражасидаги ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилиниши ҳам муҳим ташаббуслардан. Бу ислоҳотлар давлат хизмат­ларининг очиқлиги ва тезкорлигига асосланган Сингапур моделини акс эттиради.

Мурожаатномада коррупция давлат та­раққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган жиддий таҳдид сифатида қайд этилди. Бу иллатга қар­ши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қилиниши ва коррупцияга йўл қўйиш ислоҳотларга хиёнат деб баҳоланиши билдирилди. Жамиятни юксалтириш бўйича Сингапур тажрибаси муваффақияти ҳам кор­рупцияга муросасиз курашда экани кенг эъти­роф этилган. Ўзбекистон ҳам коррупцияга қар­ши курашишда қатъият кўрсатиб, ривожланган давлатларда ўзини оқлаган ижтимоий адолат тамойилларига содиқлигини намоён қилмоқда. Мурожаатномадаги янги чақириқлардан бу борада бошланган ишлар мавсумий эмаслиги, балки муқаррар ва тизимли тусга эгалигини кўриш мумкин.

2026 йилда 1 миллион одамни доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағал­ликдан чиқариш, камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоизга тушириш, камбағаллик­дан холи маҳаллалар сонини 3500 тага етказиш кўзланмоқда. Бу мақсадларга ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш, аҳолини ҳар жиҳат­дан қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли чора-тадбирлар орқали эришилади. Ўзбекистонда сўнгги йилларда яратилган ижтимоий ҳимоя тизимида ҳам жамиятни юксалтиришга доир Скандинавия моделининг илғор тажриба­лари намоён бўлади. “Бахтли одамлар мамла­кати” сифатида дунёга танилган бу давлатларда ҳам кучли ижтимоий ҳимояга жамиятда фаро­вонликни таъминлашнинг муҳим воситаси си­фатида қаралади.

Президентимиз илгари сурган ғоялар кўла­ми кенг. Биз уларнинг баъзиларига тўхталдик холос. Бу ғояларнинг ҳар бири мустаҳкам за­минга эга. Улар моҳиятан Ватанимиз тараққи­ётининг янги архитектурасини ифодалайди ҳамда янги Ўзбекистоннинг миллий манфаат­лари, халқимизнинг кўп асрлик давлатчилик анъаналарига асосланган. Шу билан бирга, бу ташаббуслар жамиятни юксалтириш бўйича жаҳондаги энг илғор тажрибаларга ҳам муво­фиқ келади.

* * *

“Жамиятни юксалтириш” — шиор эмас, балки ҳаётий стратегия. Кучли жамият кучли маҳалладан бошланади. Ҳар бир обод кўча, ҳар бир банд ёш, ҳар бир ижтимоий ҳимояга олин­ган оила, қўйингки, ҳаётидан ва давлатидан рози ҳар бир инсон бу — юксалаётган жамият­нинг аниқ ва кўзга кўринадиган натижасидир.

Қисқаси, жамиятни юксалтириш инсонни қадрлаш, фуқароларнинг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга қаратилган страте­гик эҳтиёждир. Бу бир йиллик кампания эмас, балки узоқ муддатли тамаддуний жараён. У инсон онги, ижтимоий институтлар ва давлат сиёсати уйғунлигида амалга ошади. Президен­тимиз илгари сураётган ғоялар ана шу уйғун­ликни таъминлашга қаратилган. Уларни ҳаётга татбиқ этиш ҳар бир фуқаронинг фаол иштиро­ки туфайли самарали натижа беради.

Шуҳрат ОРИПОВ,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар

институти тадқиқотчиси