Кеча тунда "Ал Файсали" ҳамда "Насаф" ўртасидаги ОФК Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 1-тур ўйини якунланди.

Эътиборли жиҳати, Қаршининг насаф жамоаси меҳмонда ўйнашига қарамасдан, рақибларига қарши муносиб баҳс олиб борди ҳамда Зафармурод Абдирахматовнинг ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда киритган ягона голи эвазига ғалаба қозонди.

Афсуски, "Ал Иттиҳод" меҳмони бўлган яна бир жамоамиз – ОКМК ОФК Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 1-турини 3:0 ҳисобидаги мағлубият билан бошлади.

Кеча тунда ўтказилган баҳсларнинг энг қизиқарли, сенсацион ўтгани, шубҳасиз, "Ал Ҳилол" ҳамда "Навбаҳор" ўртасидаги тўқнашув бўлди. Чунки мухлису мутахассислардан тортиб, ҳатто Навбаҳор мухлислари ҳам Неймар бошчилигидаги юлдузли жамоадан меҳмонда мағлубият аламини тотиб кўришни кўпроқ ўйлашгани бор гап.

Лекин, Навбаҳор футболчилари бу ўйин жамоавий баҳс экани, ўйин тақдирини юлдузлардан кўпроқ ҳамжиҳатликдаги меҳнат ҳал қилишини исботлади.

Легионеримиз Тома Табатадзе 52 дақиқада рақиб дарвозасига гол киритиб, "Навбаҳор"ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Катта эҳтимол билан ўйин шу ҳисобда, жамоамиз ғалабаси билан тугаши мумкин эди. Лекин ҳакам ўйинга 14 дақиқа қўшиб берди ва қўшимча вақтнинг 10 дақиқаси – умумий ҳосибда эса 100 дақиқада Али Ал Булайҳи ҳисобни тенглаштирди.

Шу тариқа мазкур баҳс 1:1 ҳисобида дуранг билан якунланди.