Иккиламчи тамаки тутуни жамоат жойларида шу жумладан иш жойларида, барлар, ресторанлар, меҳмонхоналар ва аэропортларда ҳаво ифлосланишининг асосий манбаидир. Тамаки тутунида 4000 дан ортиқ кимёвий модда бор, улардан камида 250таси зарарли, 50таси эса канцерогенлардир. Иккиламчи тамаки тутуни ўпка саратони, юрак касалликлари, инсульт, болаларда тўсатдан ўлимни келтириб чиқариши мумкин. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ҳар йили иккиламчи тамаки тутунидан нафас олиш бутун дунёда тахминан 600 000 нафар инсоннинг бевақт ўлимига сабаб бўлади, уларнинг 31 фоизини болалар ва 64 фоизини аёллар ташкил этади. ЖССТ маълумотларига кўра, 43,9 фоиз болалар уй шароитларида, 55,8 фоизи эса жамоат жойларида тамаки тутуни таъсирида бўлади. Иккиламчи тамаки тутунидан мунтазам нафас оладиган 5 ёшга тўлмаган 165 минг нафар бола ҳаётдан кўз юмади. Катта ёшга етганларида эса сурункали обструктив ўпка касаллиги ривожланиши эҳтимоли ошади. Дарвоқе, чекувчилар оиласида яшовчи ўсмирларнинг ўзи ҳам чекувчига айланиш эҳтимоли ота-онаси чекмайдиганларга нисбатан 1,5-2 баравар юқоридир. Жамоатчиликни иккиламчи тамаки тутунининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишнинг ягона усули — бу чекишни тақиқлаш ҳақида қонун қабул қилиш!

Жамоат жойларида чекишни чеклаш ҳақидаги комплекс қонунлар иккиламчи тамаки тутунининг таъсири даражасининг пасайиши, кашандаларга сигареталар истеъмол қилишни камайтиришга ёки умуман чекишдан воз кечишга ёрдам бериши, ёшларнинг чекишга қарам бўлиб қолишининг олдини олиши ҳисобига инсонлар соғлиғини яхшилайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенцияси 8-моддасининг талабларига мувофиқ ҳар бир давлат тамаки тутунидан 100 фоиз холи бўлган муҳитни таъминлаши лозим. Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенциясига 2012 йил 24 апрелда қўшилди. Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, чекишни чеклашга қаратилган комплекс қонунлар камида 60та мамлакатда, шу жумладан даромад даражаси паст ва ўрта мамлакатларда қабул қилинди.

Арманистонда жамоат жойларида чекиш умуман тақиқланган. Грузия, Молдова, Тожикистон, Украинада аксарият ёпиқ жамоат жойларида чекиш мумкин эмас. Россияда жамоат жойларида чекиш тўлиқ тақиқланган, чекиш учун махсус жойлар фақат олис сафарда бўлган денгиз кемаларида, кўп квартирали уйларда ва аэропортларнинг транзит ҳудудларида ажратилиши мумкин. АҚШ, Аргентина, Австралия, Бразилия, Буюк Британия, Хитой, Канада, Туркия ва кўплаб бошқа мамлакатларда умумий овқатланиш корхоналари (қаҳвахоналар, ресторанлар, барлар ва ҳ.к.)нинг ёпиқ хоналарида чекиш тақиқланган.

АҚШда 2012 йилда ўтказилган таҳлил шуни кўрсатдики, чекишни чеклаш тўғрисидаги комплекс қонунлар респиратор касалликлар туфайли касалхоналарга ётқизишлар хавфини, айниқса астма ва ўпка инфекциялари бўйича 24 фоизга, болалардаги астма бўйича эса 12,5 фоизга пасайтирган.

Жамоат жойларида чекишни чеклаш натижасида иккиламчи тутуннинг таъсири даражаси пасаяди ва шу тариқа инсульт ривожланиши хавфи 81 фоизга, инфаркт ривожланиши хавфи эса 85 фоизга камаяди. Чекиш тақиқланган жойларда ишлайдиган кашандалар бир кунда ўртача 2-4та кам сигарет чекишади.

Қайд этилишича, агар хоналарда чекиш бутунлай тақиқланса, бу истеъмол қилинадиган сигареталар сонини 15 фоизга камайтиради ҳамда чекишни ташлашга муваффақиятли уринишлар сонини 80 фоизга оширади. Бундан юмшоқроқ чекловлар, хусусан, чекиш хоналарини ёпиқ жойларда ташкил қилиш тамаки истеъмолининг камайишига олиб келмайди, аксинча, тамаки маҳсулотлари чекиш учун янада қулай шароитни яратади.

Айнан шунинг учун тамаки индустрияси одамларни иккиламчи тамаки тутунидан ҳимоя қиладиган чора-тадбирларга тўсқинлик қилиб келмоқда, чекувчиларнинг “манфаатларини ҳисобга оладиган” ташаббусларни илгари сурмоқда, бундай ташаббуслардан биттаси — чекишни қисман тақиқлаш тўғрисидаги қонунлар. Бундай қонунлар маълум бир жамоат жойларида чекишга ва (ёки) муассасаларда чекувчилар учун махсус ҳудудлар ажратилишига рухсат беради. Чекувчилар “манфаатларини ҳисобга олиш” уларнинг чекишни давом эттиришига имкон туғдириб, жамоатчиликни иккиламчи тамаки тутунининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилмайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Саратонни ўрганиш бўйича агентлиги маълумотларига кўра, чекувчилар учун махсус жойларни ажратиш соғлиқ учун хавф-хатарларни бартараф этмайди, чунки тамаки тутуни чекувчиларнинг “махсус ҳудудлари”дан чекмайдиганлар ҳудудларига бемалол тарқалади. Тамаки ишлаб чиқарувчилар жамоат жойлари ва меҳмонхоналарда ҳаво вентиляцияси ва фильтрлаш тизимларидан фойдаланишни ҳам худди шундай мақсадларда илгари сурмоқда, зеро, ҳаво вентиляцияси ва ҳавони фильтрлаш иккиламчи тутунни йўқотиш учун самарасиздир. Вентиляция тизимлари тамаки тутунини йўқотмайди ва унинг таъсиридан тўлиқ ҳимоя қилмайди. Боз устига, тамаки тутуни таркибидаги никотин ва токсик моддалар девор, мебель юзалари, гилам, пардаларга ўтириб қолади ва сигарета ўчирилгандан кейин ҳам сақланади.

Американинг иситиш, совутиш ва ҳавони кондиционерлаш бўйича мухандислар уюшмаси (ASHRAE) қуйидаги хулосага келди: “Соғлиқ учун хоналардаги тамаки тутуни таъсири билан боғлиқ хавф-хатарни бартараф этишнинг ягона самарали усули — чекишни тақиқлаш. Ҳеч қандай муҳандислик ёндашувлари, шу жумладан замонавий такомиллаштирилган вентиляция тизимлари ва ҳавони тозалаш технологиялари соғлиқ учун чекиладиган жойларда иккиламчи тамаки тутуни билан боғлиқ хавф-хатарларни камайтириш нуқтаи назаридан самарадорликни намоён қилмайди”.

Жамоат жойларида чекишни тақиқлаш бўйича комплекс қонунлар иқтисодий жиҳатдан ҳам фойдалидир

Иккиламчи тамаки тутуни таъсирида бўлиш соғлиқни сақлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш харажатларини ошириб юборади, меҳнат унумдорлигини камайтиради ва чиқимларни кўпайтиради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таъкидлашича, жамоат ва иш жойларида чекишни тақиқловчи қонунлар “номақбул иқтисодий оқибатларга олиб келмайди”, аксинча, бизнесга ижобий иқтисодий таъсир ўтказади.

2017 йилда Европанинг 19та давлатида ўтказилган тадқиқотлар натижасида  тамакига қарши қонунлар мамлакатларда ресторан, бар ва қаҳвахоналардаги сотувлар ҳажми, тушум, фойда ва бандлик каби кўрсаткичларга  жиддий салбий таъсир кўрсатмагани аникланди. Янги Зеландияда тамакига қарши комплекс қонун қабул қилинганидан кейин бир йил ўтгач, чет эллик туристлар сони 1,5 фоизга, уларнинг харажатлари эса 3,3 фоизга ошди. Худди шундай вазият Аргентина, Ирландия, Норвегия, Мексика, Кипрда ҳам кузатилди.

Иккиламчи тутун таъсирининг хавфсиз даражаси бўлмайди

Ўзбекистон Республики Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассисларининг фикрича, чекиш учун жойларни ташкил қилиш (хоналар, бинолар ичида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш учун алоҳида жойлар ажратиш) мамлакатимиз Конституциясига (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддаси (Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир), шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасига (Фуқаролар қулай яшаш муҳити ҳуқуқига эга) зид, яъни фуқаролар тоза ҳаводан нафас олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида юқумли бўлмаган касалликлардан барвақт ўлимни 2030 йилгача 25 фоизга қисқартириш кўзда тутилган. Жамоат жойларида тамаки тутунидан 100 фоиз холи муҳит яратиш бу мақсадга эришишга кўмак беради.

Жамоат жойларида чекишни тўла тақиқлашга қаратилган қонунлар аҳолининг ҳаётини сақлаб қолади ва унинг соғлиғига ижобий таъсир кўрсатади.

Жамоат жойларида чекишни қисман тақиқлаш тўғрисидаги қонунлар, ёпиқ хоналар ва биноларда вентиляция тизимларини ўрнатиш ва чекиш учун махсус жойларнинг ажратилиши инсонларни иккиламчи тамаки тутунининг фалокатли таъсиридан ҳимоя қилмайди!

Фақат чекишни тақиқлаш тўғрисидаги комплекс қонунлар ҳамма учун тоза ҳавони кафолатлайди, ходимлар ва чекмайдиганларнинг соғлиғини ҳимоя қилади ва чекувчиларни чекишдан воз кечишга рағбатлантиради.

Аҳоли ва келажак авлод соғлиғини сақлаш учун 100 фоиз тамаки тутунидан холи бўлган муҳит зарур!

Барно ОДИЛОВА,

 Соғлиқни сақлаш вазирлиги

 Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш

 ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори