Бу вазифани эса бирор автоулов жамоат транспортичалик уддалай олмайди. Қолаверса, Тошкент шаҳрида енгил автомобиллар сони тобора ортиб, йўлларда тирбандлик кўпайган, шахсий автомобилда ҳаракатланиш қийинлашиб боряпти.
Чиндан ҳам, бир вақтлар фақат киноларда кўрганимиз автомобиль йўлларидаги узундан-узун тирбандликлар бугун пойтахтимиз учун ҳам оддий ҳолга айланди. Айниқса, эрталаб ва кечқурунги тиғиз пайтларда бу тирбандликлар янада ортади.
Тўғри, бу аксарият ривожланган давлатларга хос. Тошкент шаҳри эса Марказий Осиёдаги энг йирик мегаполис. Аҳоли сони тез ўсяпти, йилига ўртача 100 мингга ошмоқда. Маълумотларга кўра, бугунги кунда пойтахтимизда 5 миллион аҳоли бўлиб, шундан 3 миллиони доимий истиқомат қилувчилардир. Шаҳримизга келиб-кетувчилар ҳам кўп. Одамларнинг аксарияти доимий ҳаракатланишда жамоат транспортидан фойдаланишни афзал кўради. Мавжуд талабни қондириш зарурати эса кўпроқ автобус ва йўналишларга эҳтиёж туғдиради. Яъни, жамоат транспортини ривожлантириш орқали аҳолининг улардан фойдаланиш кўрсаткичини ошириб, тирбандликларни қисқартириш, экологик хавфсизликни таъминлаш каби вазифаларга эришиш мумкин.
Шу мақсадда юртимизда жамоат транспортининг асосий қисми бўлган автобуслар ҳаракати ҳолатини яхшилаш бўйича зарур чора-тадбир ва дастурлар амалга оширилмоқда. Автобуслар паркини янгилаш, транспорт-инфратузилмасини модернизация қилиш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ишлари параллел тарзда олиб бориляпти.
— Жамоат транспорти кўплаб ривожланган давлатлардаги каби бизда ҳам одамлар кундалик ҳаётда фойдаланадиган асосий ҳаракатланиш воситасига айланиши лозим, — дейди Транспорт вазирлиги Жамоат транспорти бошқармаси бошлиғи Миракбар Икромов — Чунки катта шаҳарларда енгил автомобиллар сони ортгани сари тирбандликлар ҳам ошиб бораверади. Бу эса фуқароларнинг ҳар куни аниқ манзилга қатнашида ноқулайликлар туғдириб, кўп вақтининг йўлда ўтишига олиб келади. Жамоат транспорти бу масалада бир неча марта самаралироқ бўлиши лозим. Биз айнан шунга интиляпмиз ва бу борада аниқ вазифаларни белгилаб олганмиз. Хусусан, пойтахтда аҳолига қулай шароит яратиш, шаҳардаги экологик вазиятни яхшилаш мақсадида ерусти жамоат транспорти тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Кўчаларда жамоат транспорти устуворлигини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни назарда тутувчи бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Натижада охирги йилларда шаҳарда қўшимча жамоат транспорти йўналишлари ишга туширилиб, мавжуд автобуслар модернизация қилинди, тизимни бошқариш ва мониторинг қилишнинг янги технологиялари жорий этилди.
Ҳар йили хориждан автобуслар олиб келиняпти. Масалан, 2022 йилда Тошкент шаҳри учун 200 дона ўрта сиғимли ва 190 дона катта сиғимли автобуслар ва илк бор 20 дона замонавий электробус харид қилинган эди. 2023 йилда эса шаҳар жамоат транспорти ҳаракат таркибини мукаммал янгилаш юзасидан амалга оширилган лойиҳалар натижасида қўшимча 1000 дона автобус келтирилди. Уларнинг 302 таси электробус бўлиб, аста-секин шаҳарда шу каби экаологик транспорт воситаларига ўтиш кўзда тутилган. Умуман, шаҳримизда сўнгги икки йилда автобуслар сони 2 баробар, ҳаракат таркибининг ўртача сиғими эса 74 фоизга ошди. Уларнинг оралиқ интервали 2-3 марта қисқариб, ҳозирда 8-10 дақиқани ташкил этяпти. Кунлик йўловчи оқими 1 миллион нафарга етди. Пойтахтга кириб келадиган аҳолининг шаҳар марказига етиб бориш вақти эса 45 дақиқадан 30 дақиқагача қисқарди. Йўналишлар масофасини ўртача 18 километрдан 12 километргача қисқартириш ҳисобига жамоат транспорти ўртача тезлигини 18 километр соатдан 21 километр соатга кўтаришга эришилди.
Енгил автомобилга нисбатан 135 баробар самаралироқ
Чиндан, охирги бир неча йилда Тошкентнинг жамоат транспорт тизими сезиларли даражада яхшиланди. Очиғини айтганда, юртимизда бу тизим йиллар давомида бир ҳолатда қотиб қолган, ислоҳ қилишга энг муҳтож соҳалардан бири эди. Болалигимдан то ўсмир давримгача жамоат транспорти йўналишида катта ўзгариш бўлгани, доимий кўринишдаги манзара янгиланганини эслолмайман. Ёдимда, 2010 йилларда автобуслар салонида кичкина телевизорлар пайдо бўлди. Ўшанда биз учун бу катта янгиликдек туюлган. Аммо бу одамларни жамоат транспортидан фойдаланишга жалб эта олмади. Чунки автобуслар сони кам, оралиқ интерваллар жуда узоқ, автобуслар бекатга етиб келиб, у ерда яна бир муддат туриб, то ҳаракатлангунча анча вақт ўтарди. Ҳозир эса автобусларни узоқ кутишга тўғри келмайди, ҳатто қачон келишини ҳам мобил иловалар орқали кўриб туриш мумкин.
— Қиш қаҳратони ёки ёз жазирамасида бекатда автобус кутиш азоб эди, — дейди фуқаро Шойим Болтаев. — Камига транспортдаги тирбандликни кўриб, навбатдагисини кутишга тўғри келарди. Бу, айниқса, ишга ёки ўқишга шошилаётган йўловчиларга ноқулайлик туғдирарди. Ўзим пенсионерман. Ҳар доим жамоат транспортидан фойдаланаман. Тўғрисини айтсам, кейинги йилларда шаҳримизда автобуслар қатнови кўпайди. Янги, замонавий транспортларда, қулай шароитларда манзилга етиб оляпмиз.
Таҳлилларга кўра, ҳозир пойтахтдаги муқим аҳолининг кунлик қатнови сони ўртача 9 миллионн бўлиб, шундан 6 миллиони ҳаракатланиш транспортида амалга оширилмоқда. Ушбу қатновларнинг 1,7 миллиони, яъни 28 фоизи жамоат транспорти ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳали кам кўрсаткич. Яқин йилларда аҳолининг кўп қисмини жамоат транспортида ҳаракатланишга жалб этиш кўзда тутилган.
Эътибор берилса, кўчаларда ҳаракатланаётган машиналарнинг кўпида фақат 1 та одам кетаётган бўлади, 5 та одам тўлиқ бўлганини деярли кўрмаймиз. Агар ана шу шахсий машинада кетаётганларни битта автобусга жамлайдиган бўлсак, 50 та автомобилни ҳаракатдан чиқариш мумкин. Мутахассисларнинг айтишича, Тошкент шаҳрида битта енгил автотранспорт воситасида бир кунда ўртача 4,3 нафар йўловчи ташилса, битта автобусда бу кўрсаткич ўртача 580 йўловчини ташкил этмоқда. Бу автобуснинг енгил автотранспортга нисбатан 135 баробар самарадор эканини кўрсатади. Шаҳарда тирбандликларнинг олдини олиш, аҳолининг кунлик ҳаракатланишга бўлган эҳтиёжини қондириб, йўлга сарфланадиган вақт ва моддий ресурслар самарадорлигини ошириш учун ҳам сифатли, қулай, хавфсиз ва жозибадор жамоат транспорти тизимини жорий этиш лозим.
— Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган 760 минг автотранспорт мавжуд бўлиб, улар сони йилига 76 мингтага кўпаймоқда, — дейди Транспорт вазирлиги ҳузуридаги лойиҳа офиси раҳбари Муроджон Обидов. — Пойтахтда транспорт воситалари доимий ҳаракатланадиган асосий йўл тармоқлари узунлиги 470 километр бўлгани ҳолда, 380—400 минг автотранспорт ҳаракатига мўлжалланган. Аммо, одатда, бу рақам 1 миллионга етиб, автотранспортлар ҳаракати бир вақтнинг ўзида ҳаракатланиш сиғимидан 2 баробар ошиб кетяпти. Бу асосий кўчаларга 2 баробар кўп юклама тушяпти, дегани. Йўлларда турнақатор тирбандликлар юзага келиши ҳам шу билан боғлиқ. Бу олдимизга жиддий ва тезкор чоралар кўриш вазифасини қўяди. Хусусан, Тошкент шаҳрининг узунлиги 29 километр бўлган 8 та асосий транспорт артерияларида йўл бўйи парковкаларни тартибга солиш, жамоат транспорти ҳаракат устуворлигини таъминлаш, пиёдалар учун тўсиқсиз ва хавфсиз муҳит яратиш бўйича қурилиш-реконструкция ишларини амалга ошириш, агломерация ҳудудини шаҳар жамоат транспорти тармоғи, жумладан, метро бекатлари билан боғлайдиган шаҳар тарифлар режаси асосида автобус йўналишларини ташкил этиш, транспорт оқими самарали мувофиқлаштирилган бошқарув (ақлли светофорлар) тизимларини ўз ичига олган комплекс тадбирларни амалга ошириш каби вазифалар белгиланган.
Автобуслар ҳам йўлда ҳаракатланади ва улар ҳам тирбандликларда қолиши мумкин. Бундай ҳолатда уларнинг қулайлигини таъминлаш, одамлар жамоат транспортида манзилига тезроқ етиб олади, дейиш қийин. Алоҳида автобус йўлаклари ташкил этиш эса масалага энг тўғри ечимдир. Пойтахтимизда 2023 йилдан ана шундай йўллар ташкил этила бошлади. Махсус йўлаклар кўчанинг ўнг томонида фақат автобуслар ҳаракати учун ташкил этилади, унда ҳаракатланадиган енгил автомобилларга эса жарима белгиланган.
2023 йил бошида Тошкент шаҳрида 186,6 километр автобус йўлаклари ташкил этиш белгилаб олинган бўлса, Президентимизнинг тегишли қарори билан 2025 йилгача пойтахт кўчаларида жамоат транспорти доимий ҳаракатланадиган умумий узунлиги 475 километр бўлган 36 та алоҳида автобус йўлаклари пайдо бўлади.
Шу асосда “Яшил шаҳар” транспорт йўлагини барпо этиш ҳам кўзда тутилган. Бу бўйича Транспорт вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Тошкент — Кам углеродли автотранспортга инвестициялар жалб этишни жадаллаштириш (TAILEV)” лойиҳаси тайёрланиб, куни кеча тақдимоти ўтказилди.
— Яшил транспорт йўлаги Шота Руставели кўчасида жорий этилади, — дейди Лойиҳани бошқариш гуруҳи раҳбари Нодир Худойбердиев. — Унинг концепт-дизайни, математик модели ва техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилган. Лойиҳага кўра, мазкур йўлак жорий этилиши натижасида йўлак бўйлаб автотранспортнинг ўртача тезлиги 11 фоиз ошиши, атмосфера ҳавоси ифлосланиши 12,3 фоиз қисқаришига эришилиши ҳисоблаб чиқилган. Чунки унда асосан электробуслар ҳаракатланади. Қолаверса, алоҳида велосипед йўлаклари, яшил ҳудудлар ташкил этилади.
Лойиҳани ишлаб чиқишда йўловчи ва аҳоли фикри ўрганилиб, ногиронлиги бўлган шахслар, қариялар, болалар ва аёлларнинг жамоат транспорти инфратузилмасига эҳтиёжи инобатга олинди. Ўрганишларга кўра, бир кунда йўлак бўйлаб автобусда ҳаракатланадиган барча йўловчилар ҳамда шахсий транспорт эгаларининг тежалган умумий вақти 3 318 соатни, тежалган ёқилғи йилига 2,6 миллион литрни ташкил этиб, йилига 21,2 миллиард сўм иқтисодий самарага олиб келади.
Лойиҳанинг яна бир янгилиги, яшил транспорт коридорида айрим автобус бекатлари кўчанинг ён қисмида эмас, балки марказида жойлашади. Бунда йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир бекатдаги светофор, пиёдалар ўтиш йўлаклари тегишлича тартибга солинади. Ушбу йўлак орқали ҳаракатланадиган автобус йўналишларидан бошланишига кунига 70 мингдан ортиқ йўловчи фойдаланиши ҳисоб-китоб қилинган.
Автобус ёки Дамас?!
Юртимизнинг барча ҳудудида жамоат транспортига талаб юқори. Айниқса, чекка ҳудудлар, қишлоқларда аҳоли қатновини ташкил этишда автобуслар энг қулай транспорт воситаси ҳисобланади.
— 2020 йил 30 ноябрда давлатимиз раҳбари раислигида транспорт соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва тизимни ривожлантириш бўйича кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишда жамоат транспортининг янги йўналишлар тармоғини “қишлоқдан — туман марказига”, “туман марказидан — вилоят марказларига” боғлаш тизимини ташкил этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди, — дейди Транспорт вазирлиги Жамоат транспорти бошқармаси бошлиғи Миракбар Икромов. — Жараён аввалида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, маҳаллалар ва улар таркибидаги аҳоли яшаш масканларининг жамоат транспорти билан қамраб олинганлиги тўлиқ хатловдан ўтказилиб, мавжуд тизим таҳлил қилинди. Натижаларга кўра, 9 406 та маҳалладан 1 113 таси туман марказлари билан боғланганмагани, шаҳар ва туманларда 81 та автовокзал ва автостанциялар ҳамда 2 860 та оралиқ бекатлар қуриш ва реконструкция қилишга эҳтиёж борлиги аниқланди. Олис ҳудудларга қатновчи йўналишларнинг аксарияти паст рентабелли ва норентабель бўлгани сабабли маҳаллалар ва қишлоқларни туманлар маркази билан боғловчи 200 дан ортиқ автобус йўналишлари ёпилиб кетгани маълум бўлди. Шундан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан норентабель йўналишларда ишлаётган ташувчиларга 2021 йилда 51,1 миллион, 2022 йилда 8,5 миллиард ва 2023 йилда 12,1 миллиард сўмдан ортиқ субсидия берилди. Бунинг натижасида ҳудудларда янги йўналишлар сеткаси ишлаб чиқилиб, жамоат транспорти етиб бормаган 1 081 та фуқаролар йиғинига жамоат транспорти воситалари ҳаракати йўлга қўйилди.
Биргина Тошкент вилояти мисолида ҳам ушбу ишларнинг амалий натижасини кўриш мумкин. Тошкент туманида яшаганим боис, 2023 йил бошида шу ердаги Чимкент йўли кўчаси бўйлаб шаҳар йўналишидаги автобус қатновининг йўлга қўйилиши катта воқелик бўлганини айта оламан. Ҳудуд аҳолиси, одатда, Дамас автомобилида қатнар, йўл ҳақи эса 5 минг сўмгача кўтарилиб кетганди. Шаҳар йўналишидаги автобус нархи эса 1400 сўм бўлгани кўпчиликка манзур бўлди. Бу йўлдан аввал сира бундай катта, шинам автобус қатнамаган. Қайсидир йиллари қўйиб берилган автобуслар эски, кичик ва ичи тор бўлгани, бекатларда одам тўлгунга қадар тургани учун аҳоли қиммат бўлса ҳам Дамасда қатнашни афзал кўрган. Бу йил нафақат Тошкент тумани, балки вилоятнинг бошқа ҳудудларига ҳам янги автобус йўналишлари йўлга қўйилиб, аҳолининг қувончига сабаб бўлди.
— Айни пайтда Тошкент вилояти жамоат транспортида 74 та шаҳар йўналиши мавжуд бўлиб, шундан 17 таси автобус, 11 таси микроавтобус, 46 таси Дамас транспорт воситаларидир, — дейди вилоят Транспорт бошқармаси ходими Фахриддин Солиев. — Ҳудудимизда 204 та йўловчи ташиш йўналишларига хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолият олиб боради. Улар томонидан ўтган йили жами 6 та автобус ва 183 та микроавтобус харид қилиниб, йўналишга йўлга қуйилди. Шунингдек, тегишли қарорлар асосида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга тегишли 160 та Исузу русумли автобус Тошкент вилояти аҳолисига хизмат кўрсатиш учун бепул топширилди. Айни пайтда улар одамларнинг узоғини яқин қилмоқда.
Вилоятда автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш ҳам бошланган. Дастлабки ҳаракатлар ўтган йилнинг ноябрь ойида Ангрен шаҳрида олиб борилди. Шаҳарнинг “Бунёдкор” кўчаси бўйлаб белгиланган йўналишли транспорт вочиталари учун йўл ётиқ чизиқлари чизилиб, ҳаракатланиш тасмаси билан ажратилди. Мазкур йўлларда автобус ҳаракатланиш йўналишини билдирувчи “А” белгилари чизилди. Махсус автобус йўлаклари Олмалиқ шаҳри, кейинчалик, бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этилиши белгиланган.
Вилоятда йўловчи ташиш билан шуғулланувчи 50 дан ортиқ корхонада диспетчерлик хизматлари ташкил қилинган. Келаси йили вилоятнинг 7 та шаҳридаги шаҳар ичи автобус йўналишлари диспетчерлик хизматига уланади. Қолаверса, 2024 йилда Тошкент вилояти шаҳарларида автобус йўналишларининг янги тармоғини жорий этиш, автоматлаштирилган тўлов тизими ва диспетчерлик хизматини босқичма-босқич йўлга қўйиш режалаштирилган.
Бари рақамлашади
Худди шу вазифалар юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам фаол амалга оширилади. Бу 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида кўрсатилган.
Пойтахтимиз бу борада етакчилик қилиши, шубҳасиз. Ўтган йилнинг ўзида шаҳар бўйлаб жамоат транспорти тизимини рақамлаштиришнинг янги тартиб ва усуллари жорий этилди. Электрон тўловларни оммалаштириш, йўловчилар учун қулай тарифлар ҳамда табақалашган тарифларни жорий этиш кабилар шулар жумласидан. Яъни, жамоат транспортида тўлов тизимидан тортиб, кунлик йўловчи ташувлари сони, сифатини назорат қилишнинг бари автоматлаштирилган тизимга ўтди. Айниқса, тўловларни нақд пулда эмас, балки АТТО ва банк карталари орқали амалга ошириш кўпчилигимизга қулайлик яратаётгани рост.
— Электрон тизимларни қўллашдан кўзланган асосий мақсад, аввало, шаффофликни таъминлашга қаратилган, — дейди Траснпорт вазирлиги ҳузуридаги "Рақамли транспорт маркази" давлат муассасаси директори Шохруз Ҳожиев. — Бунинг халқимиз орасида ижобий қабул қилиниб, кенг оммалашаётгани замонавий қарашлар билан ҳам боғлиқ. Ҳозир ҳар соҳада рақамлаштиришга ўтиш заруратга айланган. Хусусан, 2020 йилда Тошкент шаҳар жамоат транспортида автоматлаштирилган тўлов тизимидан 45 мингдан зиёд йўловчи фойдаланган бўлса, 2023 йилга келиб улар сони 78 мингдан зиёд ёки 173,5 фоизга етди. Тизим орқали тушаётган тушумлар эса 28,4 миллиард сўмдан 98,6 миллиард сўмга ошди. Айни пайтда электрон тўловларнинг умумий тушумдаги улуши 60 фоизни ташкил этмоқда. Демак, тўловларни электрон тарзда амалга ошириш одамлар учун қулай ва улар бу афзалликдан фойдаланяпти. Мана шу жиҳатни янада рағбатлантириш мақсадида 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида аҳоли учун қулай бўлган янги тўлов тарифлари жорий этилди. Унда электрон тўлов тизими фойдаланувчиларига устуворлик берилгани боиси ҳам шунда.
Транспорт карталаридан фойдаланилган ҳолда бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тариф рeжалари ҳам мавжуд. Унга кўра, бир соат ичида учинчи ва тўртинчи автобусдан фойдаланиш мутлақо бепул этиб белгиланди. Йўлкирани тўлашда табақалаштирилган тариф ва электрон тўлов тизимларини қўллаш хориж тажрибасида анча олдин оммалашган. Мутахассислар ўша тажрибани ўрганиб, янгиликларни жорий этаётгани самарадорликни янада оширмоқда.
Пойтахтда 2023 йил 1 августдан бошлаб 167 та йўналишдан иборат янги йўналишлар тармоғида тўлиқ брутто-шартнома тизими йўлга қўйилгани ҳам рақамлаштиришнинг бир кўриниши. Брутто-шартнома тизими — бу йўналишларда чекланган тарифларда йўловчи ташиш хизматлари учун “босиб ўтилган йўл” ва “сифат” мезонларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб қилишни назарда тутувчи ваколатли орган ва ташувчи ўртасида тузилган шартномани англатади.
— Айни пайтда Тошкент шаҳрида 167 та янги йўналишлар тармоғида кунига 1 638 та автобус ҳаркат қилмоқда, — дейди “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбари Анвар Жўраев. — Брутто-шартнома тизими асосида йўловчилар сони ва тушумлар солиштирилади. Олинган натижаларга кўра, масалан, сентябрь ойида апрель ойига нисбатан автобус саройларида ҳафталик ўртача тушум 4,5 миллиард сўмдан 6,5 миллиард сўмга, ташилган йўловчилар сони эса 4,2 миллиондан 5,5 миллионгача ошган. Бунда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар улуши 41 фоиздан 51 фоизга етди.
— Илгари кунлик пул тушуми бўйича планимиз бор эди, — дейди ҳайдовчи Дилмуҳаммад Амирқулов. — Автобус бошқараётган одам рулни ушлаганидан бошлаб то ишини тамомлагунига қадар ана шу белгиланган режани бажариш ҳақида ўйларди. Бу ўз-ўзидан ишимизга ҳам халақит берган пайтлар кўп бўлган. Сабаби, жамоат транспортига турфа характерли одамлар чиқади ва ҳайдовчининг ҳолати билан ҳисоблашмайди. Энди эса план деган нарсалар олиб ташланди. Электрон тизим асосида йўловчилардан йўл ҳақи олиш имкони йўлга қўйилди. Ойлик маошларимиз қарийб икки баробар ошди. Хуллас, тизимдаги янгиликлар ҳам ҳайдовчи, ҳам йўловчи учун қулайлик яратмоқда.
Жамоат транспорти йўналишида марказлашган диспетчерлик хизматини жорий қилиш бўйича ҳам иш олиб бориляпти. Бу борадаги хорижий ҳамкор эса Хитойнниг етакчи “Magnetic North” компаниясидир. Ушбу дастурда йўналишдаги автобусларни онлайн кузатиш, автобус иш тартиби ҳисобини юритиш, йўловчилар оқимини аниқлаш, йўналишлар ва автокорхоналар кесимида таҳлил қилиш, ҳайдовчиларни онлайн кузатиш ва ҳайдовчи билан VoIP тизими орқали онлайн боғланиш имкониятлари яратилган. Хитойликлар билан биргаликда ишлаб чиқилган дастур дастлаб Тошкент шаҳрида жорий қилинди, 2024 йилда эса барча ҳудудларда татбиқ этилади.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири