Чунки жамоат транспорти тизимини яхши йўлга қўйиш орқали иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш, ҳавонинг мусаффолигини асраш, одамларни кўзлаган манзилига етказиш ва албатта, тирбандликларни камайтириш мумкин.

Шу боис Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари Тошкент шаҳрида жамоат транспорти билан боғлиқ муаммоларни ўрганиб чиқди ва ундан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг муҳим омилларини баҳолади. Бунинг учун аҳоли ўртасида сўров ўтказилди. Унда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 1 минг 315 киши иштирок этди.

Сўровда қатнашганларнинг катта қисмини, аниқроғи 624 нафарини 31-55 ёш, 574 нафарини 18-30 ёш оралиғидаги кишилар ташкил этди. 76 киши 55 ёшдан ошганлар, 41 киши эса 18 ёшгача бўлганлар гуруҳидан жой олди. Ёш тақсимотидан кўриниб турибдики, респондентларнинг асосий қисми меҳнатга лаёқатли ёшдагилардир. Улар кўзланган манзилга қандай етиб бориш мумкин, деган масалага ҳар куни дуч келади.

Сўровда иштирок этганларнинг 29 фоизи автомобилини шаҳардаги махсус транспорт марказларида қолдириб, йўлни жамоат транспортида давом эттиришга тайёрлиги ва шундай марказларга эҳтиёж сезишини билдирди. Респондентларнинг 33 фоизи бу масала юзасидан тизим самарали ишлагандан кейингина бир қарор қабул қилишини, 17 фоизи эҳтиёж сезмаслигини ва 21 фоизи шундай имкониятдан фойдаланишни истамаслигини билдирди.

Тадқиқот давомида респондентларнинг 73 фоизи йўловчиларнинг ҳаддан ташқари кўплигини, 60 фоизи жамоат транспортининг келиш ва ҳаракатланиш жадвалига риоя қилмаслигини, 36 фоизи ноқулайлигини, 27 фоизи бошқа транспорт воситаларининг мавжудлигини, 26 фоизи бекатларнинг ҳолати ва ноқулай жойлашувини жамоат транспортидан фойдаланмасликдаги асосий сабаб сифатида келтирган.

Респондентлар шаҳар жамоат транспорти тизими сифатини 1 дан 10 баллгача бўлган шкала бўйича баҳолади. Шунда ўртача балл 4,42 ни ташкил қилди. Узоқ кутиш вақти, транспорт алмаштиришлар сони, тегажаклик муаммоси ва ҳафталик саёҳатлар сони респондентларнинг субъектив баҳосига салбий таъсир қилади. Масалан, ҳар бир транспорт алмаштириш баҳони 0,16 баллга камайтиради. Транспорт кутиш вақтини ҳар 10 дақиқага қисқартириш субъектив баҳолашни 10 дан 0,4 баллга, келиш ва ҳаракат жадвалига риоя қилиш, онлайн кузатиш имконияти мавжудлиги сифатни жами 1,65 баллгача ошириши мумкин (ҳар бир таркибий қисм алоҳида 0,55 балл).

Тегажаклик муаммосини жамоат транспорти сифатига салбий таъсир кўрсатувчи яна бир омил сифатида келтириш мумкин. Ушбу муаммога дуч келган фуқаролар жамоат транспорти сифатини ўртача 0.54 баллга паст баҳолашган.

Одилжон Назаров,

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти катта илмий ходими