Дастлаб тадбирга ташриф буюрганлар иштирокида Экопарк ҳудудига турли манзарали дарахт кўчатларини экиш акцияси ўтказилди. Иштирокчиларга  мутахассислар томонидан дарахт экиш сирлари тушунтирилди. Ҳар қандай кўчат экилиши учун белгиланган ҳолда чуқур қазиш, ўғит ва сув миқдори, мўлжалланган жойи кўчатларнинг кейинчалик қуриб қолмаслигига асос бўлиши, бундан ташқари ёғингарчилик туфайли оқиб келадиган сувлар ҳам кўчатга зарар қилиши, томири қуриши мумкин эканлиги таъкидланди.

Шунинг учун биринчи навбатда дарахт кўчатларини экишда жой тўғри танланиши, кейинчалик қуриб қолмаслиги учун вақтида парваришлаб бориш ҳам айтиб ўтилди. Акция доирасида парк ҳудудига 50 дан ортиқ манзарали дарахт кўчатлар ўтқазилди.

Тадбирга ташриф буюрган бир гуруҳ маданият ходимлари томонидан ўқилган шеърлар, ватанга садоқатлик руҳида тарғиб этилган ҳикоялар ташриф буюрган барча меҳмонларни қалбини жунбушга келтирди, табиатга меҳр уйғотишни, дарахтларни парваришлашни, юртимизнинг ҳар бир қарич ерининг қадрига етишни тараннум этди.

Акция доирасида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг сиёсий партиялар раҳбарлари билан жорий йилнинг 2 февраль куни бўлиб ўтган учрашувида қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, партия олдида турган долзарб вазифалар хусусида ахборот берилди.

Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, “яшил” иқтисодиёт принципларини жорий этишга кўмаклашиш, сув тозалаш иншоотларини модернизация қилиш, экологик муаммоларни ҳал қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш, атмосфера хавоси ифлосланишини камайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, экологик таълим сифатини ошириш каби йўналишларда вазифалар белгилаб олинганлиги таъкидланди.

Шунингдек, дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига қарши мораторий талабларини бажарилиши қатий назоратга олишга жиддий эътибор қаратилиши қайд этилди.

Ҳудудий партия ташкилотлари жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва уларга ижобий ечим топиш бўйича тезкор чоралар кўриш, экологик рейдлар ташкил этиш, атроф  муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги муҳим муаммоларни ҳал этишда ОАВ вакиллари ва блогерлар ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда журналистлар ва блогерлар томонидан берилган  саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Тадбирларда фаол иштирок этганларга эсдалик совғалари топширилди.

Экопартия ахборот хизмати