Нашр Ўзбекистон сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида сезиларли натижаларга эришганини таъкидлаган. Бугунги кунда мамлакатда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига мунтазам ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўзига хос модели шаклланди.
Материалда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ асосий халқаро ҳужжат, шу жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та ихтиёрий баённомаларга қўшилгани маълум қилинган. Уларнинг бажарилиши тўғрисида БМТнинг инсон ҳуқуқлари механизмининг турли органларига мунтазам равишда миллий маърузалар тақдим этиб келинмоқда.
Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош ассамблеясининг 72- ва 75- сессияларидаги иштироки ҳам муҳим воқеа бўлди. Ҳамкорликнинг янги муҳити туфайли Ўзбекистон БМТ фаолиятининг барча йўналишлардаги жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди. Бу эса етакчи халқаро ташкилотга аъзо давлатларнинг республика билан муносабатларига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
БМТ доирасида Ўзбекистон илгари сураётган барча ташаббуслар дунё ҳамжамияти томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Мазкур ташаббуслар бугунги кунда тинчлик, барқарорлик ҳамда изчил ривожланишни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга амалий ҳисса қўшмоқда.
«Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича органларининг бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ушбу универсал халқаро ташкилот билан ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралади. Чунки инсон ҳуқуқларини таъминламай туриб, давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар ривожланиш масалаларини ҳал қилиш мумкин эмас», - деб ёзади Жанубий Корея нашри.
Ўзбекистонда халқаро қонунчилик базасини ўрганиш, фавқулодда вазият, эпидемия ва пандемия шароитида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳуқуқий тартибга солишнинг илғор хорижий ва маҳаллий тажрибалари асосида 50 дан ортиқ қонун, давлат раҳбарининг фармон ва қарорлари қисқа вақт ичида қабул қилинди.
Мақолада қайд этилишича, мазкур ҳужжатлар аҳоли хавфсизлиги, одамлар ва тиббиёт муассасаларининг дори-дармонлар, тиббиёт буюмлари, тиббий асбоб-ускуналар ва зарур товарларга бўлган эҳтиёжини қондириш, коронавирус инфекциясига қарши курашиш, касалликнинг тарқалиши олдини олиш, коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш жараёнида иштирок этаётган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимлари, санитария-эпидемиологик барқарорликни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, фуқароларнинг манзилли ижтимоий ҳимояси, иқтисодиёт ва тадбиркорларга шароитлар яратишга қаратилган.
«Умуман олганда, тезкор ва ўз вақтида кўрилган тизимли чоралар Covid-19 коронавирусининг кенг тарқалишини олдини олишга, мамлакатнинг барқарор ижтимоий ва иқтисодий ривожланишини таъминлашга имкон берди», - деб якун ясайди «The Korea Post».