Беш кунлик ўқув дастурида мамлакатимиз вазирлик ва ҳокимликлари вакиллари иштирок этиб, давлат бошқарувида инсон ресурсларини самарали бошқариш, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш бўйича Жанубий Корея тажрибасини ўрганмоқда.

Дастур доирасида иштирокчилар Жанубий Кореянинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутган Saemaul Undong (Янги қишлоқ ҳаракати) тажрибаси билан танишдилар. Унда қишлоқ ҳудудларини аҳоли ташаббуси ва фаол иштироки асосида ривожлантириш механизмлари ўрганилди.

Шунингдек, лавозим таҳлили, ходимларни баҳолаш ва HRD сертификатлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Корея давлат бошқарув институти (KIPA) ва KERIS ташкилоти мутахассислари томонидан ходимларни тизимли баҳолаш, уларнинг индивидуал ривожланишини таъминлаш ҳамда “Best HRD” давлат сертификатлаш тизими мезонлари ҳақида маълумотлар берилди.

Ўқув жараёнида “Smart Village” (Ақлли қишлоқ) концепцияси ҳам атрофлича ўрганилди. Хусусан, рақамли тафовутни қисқартириш, қишлоқ хўжалигида сунъий интеллект, дронлар ва IoT (Internet of Things) сенсорларидан фойдаланиш бўйича Корея Миллий ахборот жамияти агентлиги (NIA) тажрибаси тақдим этилди.

Делегация аъзолари, шунингдек, давлат бошқарувида сунъий интеллект трансформацияси (AX) йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар. Сунъий интеллектдан хавфсиз ва самарали фойдаланиш, давлат хизматларини соддалаштириш ҳамда фуқароларга қулайлик яратишга қаратилган “AI National Secretary” хизмати фаолияти намойиш этилди.

Ташриф давомида хусусий секторнинг кадрлар салоҳиятини ривожлантириш борасидаги тажрибасига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, POSCO Group University корпоратив таълим марказига ташриф буюрилиб, ходимларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш (Re-skilling ва Up-skilling) дастурлари билан танишилди.

Дастурнинг амалий қисми сифатида иштирокчилар тўртта ишчи гуруҳга бўлиниб, Корея тажрибасини Ўзбекистон давлат хизмати тизимига татбиқ этишга қаратилган махсус “Ҳаракатлар режаси” (Action Plan) лойиҳаларини ишлаб чиқмоқдалар.

Ўқув дастури якунида ишчи гуруҳлар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар тақдимот қилиниб, ҳимоя қилинади.

Маълумот ўрнида, KOICA молиявий кўмагида ташкил этилган мазкур малака ошириш дастури 12 сентябрга қадар давом этади.

Жаҳонгир БОБОБЕКОВ,

Бошқарув самарадорлиги агентлигининг

Жиззах вилояти филиали бош инспектори