Тадбир Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда, Ўзбекистон шахмат Федерацияси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳомийлигида ташкил этилди.

Тўртта босқичдан иборат бўлган турнирда 32 нафар шахматчи ўзаро баҳс олиб борди. Ўйин 5 нафар ҳакамлар ҳайъати томонидан кузатиб борилди. Ўйин вақтини назорат қилиб бориш учун электрон соатлардан фойдаланилди.

Ақл гимнастикачилари ўртасидаги баҳсларда 4 нафар ватандошимиз фахрли ўринларни қўлга киритди. Хусусан, KEFA компанияси ходими Қобилжон Икромжанов 1-ўринни, Ажу университети талабаси Шукурулло Йўлчиев 2-ўринни, Ёнсей университети магистранти Акбархўжа Акрамхўжаев 3- ўринни ва Ажу университети докторанти Фарҳод Абдуқодиров эса 4-ўринни эгаллади.

— Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси томонидан биз ватандошлар учун ажойиб спорт байрами ташкил этиб берилгани учун миннатдорлик билдирамиз, — деди Жанубий Кореянинг KAIST Бизнес мактаби магистранти, турнир иштирокчиси Усмонжон Абдурайимов. — Спорт турлари ичида шахмат инсоннинг ақлий ривожланишида ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Шахмат олами ўзининг нозик жиҳатлари, тактик схемалари билан инсонни ўйлашга ва аниқ қарорлар қабул қилишга ундайди. Шу томондан бугунги турнир ёш ватандошларимиз учун учун фойдали бўлди деб ўйлайман. Умид қиламизки, дипломатик ваколатхонамиз ҳамда ёшлар ассоциацияси томонидан бу каби мусобақалар давомли бўлади.

Турнир якунида ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.