Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақалараро ҳамкорликни янада ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилгани баробарида икки мамлакат ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш тадбирлари доирасида қўшма тадбирларни ташкил этиш юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.  

Учрашув доирасида Пёнтек шаҳри мэри Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳамда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш учун олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар билан яқиндан таништирилди.

Жанубий Корея томони мамлакатларимиз ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўзбекистонлик санъаткорлар иштирокида гала-концерт ташкил этилишига кўмаклашишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Йирик денгиз портига эга бўлган Пёнтек шаҳри Жанубий Кореянинг Кёнгидо провинциясида жойлашган. Ушбу шаҳар улкан савдо-иқтисодий салоҳиятга эга эканлиги ҳисобга олинган ҳолда икки мамлакат минтақалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишга кўмаклашиш ҳамда қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.