26 февраль куни Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга амалга оширган икки кунлик расмий ташрифи якунланди.

Тошкентда бўлиб ўтган олий даражадаги саммитда Ўзбекистон — Покистон стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг барча йўналишлари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат ­Мирзиёев ва Покистон Бош вазири ­Шаҳбоз Шариф кейинги йилларда кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

Тошкентда Ўзбекистон — Покистон ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган Қўшма дек­ларация ҳамда икки томонлама Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини тузиш тўғрисидаги баённома имзоланди.

Ўзбекистон — Покистон саммити якунлари покистонлик эксперт ва ижтимоий-сиёсий доиралар вакиллари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Сармад Али, Покистон Сенати аъзоси:

— Ташриф икки давлат ўртасидаги чуқур тарихий алоқалардан дарак беради. Покис­тон Ҳукумати раҳбари Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашуви янги келишув ва ташаббус­лар орқали минтақавий алоқалар доирасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Кун тартибидаги асосий масала ўзаро савдо ва сармояни рағбатлантиришдан иборат. Шу билан бирга, ҳар икки томон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича кўзланган мақсадни амалга оширишга интилмоқда.

Ишончим комилки, Тошкентда бўлиб ўтган музокараларда таъкидланганидек, иқтисодий муносабатларнинг бугунги суръатлари билан турли соҳаларда, жумладан, энергетика, инфратузилма ва юқори технологияларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард доллардан зиёдга ошириш мумкин.

Ташриф давомида муҳим ҳужжатлар тўплами — савдо, мудофаа ишлаб чиқариши, иқлим ўзгариши, туризм, маданият ва таълим соҳаларини қамраб олган келишув ва меморандумлар имзоланди. Ушбу келишувлар бизнес имкониятларини кенгайтириш ва муҳим соҳаларда Покистон — Ўзбекистон ҳамкорлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Ташриф доирасида бўлиб ўтган Покис­тон — Ўзбекистон бизнес-форуми, ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги В2В учрашувлари тижорат алоқаларини мустаҳкамлаш, янги сармоявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва қўшма корхоналарни ташкил этишга замин яратди.

Давлат раҳбарлари иқтисодий алоқалардан ташқари минтақавий хавфсизлик ва кўп томонлама ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. Икки давлат ҳам Марказий ва Жанубий Осиёда барқарорликни сақлаш ҳамда минтақавий савдо йўлакларини мустаҳкамлашдан умумий манфаатларга эга.

Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги минтақавий алоқаларни мустаҳкамлашда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг роли жуда юқори. Ушбу муҳим омил Покистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари учун муҳим савдо ва транзит маркази сифатидаги мавқеи билан бир қаторда ҳар икки томоннинг минтақавий тараққиёт ва иқтисодий интеграция ҳақидаги қарашларини мус­таҳкамлайди.

Покистон ва Ўзбекистон ўзаро алоқаларни янги чўққиларга олиб чиқиш, минтақада узоқ муддатли фаровонлик ва барқарорликни таъминлаш учун савдо, инвестиция ва мудофаа соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда.

Бош вазир Шаҳбоз Шарифнинг ташрифи Покистон — Ўзбекистон муносабатларини мустаҳкамлаш, кенгайтирилган дипломатик ва иқтисодий ҳамкорликнинг янги уфқларига йўл очишда муҳим қадам бўлди.

Холид Таймур Акром, “Умумий келажак жамияти” таҳлил маркази ижрочи директори:

— Покистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар икки томонлама стратегик шерик­ликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу ташриф жуда муҳим. Ҳар икки давлат ўзаро савдо ҳажмини кенгайтиришга интилаётган экан, унинг натижалари минтақавий боғлиқлик ташаббусини янги лойиҳалар билан бойитади. Дипломатик муносабатларни мустаҳкамлайди, иқтисодий алоқалар ва ўзаро фаровонликни рағбатлантирадиган ҳамкорликнинг янги йўналишлари бўйича келишиб олиш имкониятини беради.

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида икки давлатнинг иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга бўлган интилишини кучайтирувчи қатор икки томонлама шартномалар имзоланди.

Ташрифнинг асосий нуқтаси Покистон — Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб, унда етакчи бизнес вакиллари В2В форматидаги учрашувларда иштирок этди. Ушбу форум якунлари Покистон ва Ўзбекис­тон бизнеслари ўртасида тўғридан тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали савдо алоқаларини мус­таҳкамлайди, сармоявий ва иқтисодий имкониятларни оширишга замин яратади.

Янги келишувларнинг имзолангани савдо, иқлим ўзгариши, мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алмашинувда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун ҳам замин яратади.

Мамлакатларимизни иқтисодий ва стратегик шерикликни барча соҳаларда кенгайтириш, барқарор ривожланиш ва минтақавий тараққиётга кўмаклашиш истаги бирлаштиради.

Покистон ва Ўзбекистон минтақавий ва глобал тинчликка кўмаклашиш, хусусан, Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш борасида умумий қарашларга эга.

Ҳар икки давлат минтақавий савдо алоқалари ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, жумладан, терроризмга қарши кураш масалаларида ўз ролини кучайтириш ниятида.

Бош вазир Шаҳбоз Шарифнинг ташрифи Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайди. Бу нафақат кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга замин яратади, балки минтақавий барқарорлик ва иқтисодий фаровонликни янада оширишга ҳам хизмат қилади. Стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ҳар икки давлатнинг ўсиб бораётган икки томонлама алоқаларидан узоқ муддатли фойда олишда давом этишини таъминлайди.

Адам Сауд, “Баҳрия” университети гуманитар ва ижтимоий фанлар факультети декани, профессор:

— Покистон Бош вазири Шаҳбоз ­Шарифнинг Ўзбекистонга бу галги ташрифи икки биродар халқ ўртасидаги алоқалар мус­таҳкамланиб бораётган бир паллага тўғри келмоқда.

Расмий Исломобод ва Тошкент ўзаро алоқаларни кўп томонлама даражада, айниқса, COVID-19 пандемияси ҳолатида ҳам мустаҳкамлади.

Ўзаро савдони янада ривожлантириш, маданий алмашинувларни мустаҳкамлаш, стратегик шериклик учун янги умумий асос­ларни излаш, шунингдек, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари бўйича яқин ҳамкорлик, Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш ташаббуси доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш — буларнинг барчаси икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалардир.

Умумий дин, тарих ва маданият халқ дип­ломатиясини ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади. Ўзбекистонда покис­тонлик талабалар сони сезиларли даражада ошгани бу мамлакатнинг Покистон жамияти учун аҳамиятидан далолат беради. Бундай ўзаро ҳамкорлик фаол равишда қўллаб-қувватланиши керак.

Зиёрат туризми, албатта, муҳим йўналиш ҳисобланади. Аксарият покистонликлар Имом Бухорий ва Имом Термизий меросига ҳурмат билан ёндашади. Шунингдек, ­Покистонда ўзбек халқининг буюк аждодлари Амир Темур ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур эъзозланади.

“Uzbekistan Airways” покистонлик йўловчиларга гўзал Ўзбекистонга тўғридан тўғри ва энг қисқа масофани босиб ўтишни ­таъминлаш баробарида Марказий Осиё, МДҲ ва Европанинг бошқа мамлакатларига саёҳат қилиш учун муқобил йўналиш тақдим этиши мумкин.

Ҳар икки томон илм-фан, билим алмашиш, технология ва ривожланиш соҳасида бир-бирини қўллаб-қувватламоқда.

Ишончим комилки, Ўзбекистонга бу галги ташриф икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантиришга янги суръат бағишлайди.

Маҳмуд ул-Ҳасан Хон, “Жанубий Осиё ва халқаро тадқиқотлар” таҳлил маркази ижрочи директори:

— Ташриф Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорлигини барча муҳим йўналишларда, хусусан, савдо, транспорт, энергетика, минтақавий хавфсизлик, мудофаа, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда мустаҳкамлаш ҳамда стратегик шериклик муносабатларини кенгайтиришда янги босқичнинг бошланиши бўлади.

Мутахассисларга кўра, имзоланган ҳужжатлар янги лойиҳалар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб, уларнинг ҳаётга татбиқ этилишини тезлаштиради.

Томонлар бизнес, транспорт ва логистика, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, терроризм ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш, оммавий ахборот воситалари, маданият, таълим ва бошқа соҳаларда самарали идоралараро ва вазирликлараро механизмларни йўлга қўйишга интилмоқда.

Тўқимачилик, мода, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва ахборот технологиялари каби соҳаларда янги қўшма корхоналар яратиш учун улкан салоҳият мавжуд.

Икки давлат етакчиларининг музокаралари якунлари ва эришилган келишувлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, сармояларни жалб қилиш, савдо уйлари ва маданият марказлари ташкил этиш, бизнес-форумлар, В2В ва G2D учрашувлари, саноат ва қишлоқ хўжалиги кўргазмалари ва бошқа тадбирларни ўтказишга кучли туртки беради.

Покистон ва Ўзбекистон “GSP+” тизими мақомига эга бўлиб, ушбу имтиёз уларнинг тўқимачилик, тикувчилик ва мода ­саноати каби турли соҳалардаги ҳамкорлигини мувофиқлаштириш истиқболларини янада кенгайтиради. Ўзбекистоннинг турли ­ҳудудларидаги тўқимачилик корхоналаридан биргаликда фойдаланиш қўшимча ­афзаллик бериши мумкин.

Ҳар икки давлат барқарор транзит тизимини яратиш, савдо-иқтисодий мақсадларга эришиш, минтақавий ижтимоий-иқтисодий интеграция, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини жадаллаштириш учун транспорт-логистика коридорларини диверсификация қилиш устида ишламоқда.

Электрон тижорат ва инсон капиталини ривожлантириш бўйича қўшма дастурларни жорий этиш иқтисодий дипломатиянинг яна бир истиқболли йўналиши ҳисобланади.

Иқтисодий интеграция ва саноат кооперациясининг янги инновацион, интеграциялашган ва рақамли моделини шакллантириш ҳам икки томонлама кун тартибининг муҳим банди сифатида қаралмоқда.

Хусусий сектор вакилларининг иқтисодий жараёнларда бевосита иштирок этиши, улар томонидан ҳар икки давлат ҳудудида барпо этилаётган савдо уйлари, замонавий ишлаб чиқариш ва саноат ­объектлари стратегик шерикликни янада мустаҳкамламоқда.

Ишонаманки, ташриф янги марраларнинг бошланиши бўлади. Шунингдек, у Покистон ва Ўзбекистон халқларига, Марказий ҳамда Жанубий Осиё минтақаларига барқарорлик ва фаровонлик олиб келади.

Асад Мажид Хон, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби:

— Ташриф муҳим воқеа бўлди, чунки Покистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг муҳим аъзолари ва фаол иштирокчилари ҳисобланади.

Минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори бўлган ташкилот сифатида ИҲТ етакчилик даражасидаги бундай иштирок нафақат мамлакатларни икки томонлама асосда яқинлаштиришда муҳим роль ўйнашига, балки минтақавий иқтисодий ўсиш, савдо интеграцияси ва алоқадорлик бўйича мазкур тузилма кун тартибини илгари суришда ёрдам беришига қатъий ишонади.

Биз ушбу муҳим ташриф натижаларига ижобий қараймиз ва у минтақалараро ҳамкорликни янада жадаллаштиришига умид қиламиз.

“Дунё” АА