Тарихимиз ва қадриятларимиз қалқони
Шундай даврлар бўлдики, Амир Темур шахси ва фаолиятига адолатсизлик билан ёндашилиб, бир ёқлама баҳо бериб келинди. Мустақилликка эришганимиздан сўнг бундай қарашлар барҳам топди, истиқлол боис, Амир Темурнинг буюк саркарда, давлат арбоби, илм-фан, маънавият ва руҳоният ҳомийси эканини билдик. Унинг жаҳон тарихида тутган ўрни, фаолиятини ўрганишга ва уни оммалаштиришга кенг йўл очилди.
Давлатимиз раҳбари буюк аждодимиз шахсига тўхталиб айтган сўзларига диққат қилайлик: “Ўн бешинчи асрда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат, юртимизда иккинчи Уйғониш даврини бошлаб берди”. Бу билан ҳар биримиз темурийлар даврида фан ва санъатнинг гуллаб-яшнагани Европада уйғониш жараёнига ҳаётбахш таъсир этганини, умумжаҳон тараққиётига кўмаклашганини англаб, фахр ва ғурурга тўламиз.
Юртимизнинг февраль ойида кечган сиёсий-ижтимоий ҳаёти мавзусига бағишланган мақоламиз ибтидосида келтирилган ушбу мулоҳазалар Президентимизнинг шу йил 5 февралдаги “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори билан танишган ҳар бир юртдошимиз кўнглидан ўтган бўлса, ажаб эмас. Ҳужжатда Соҳибқирон сиймоси миллий давлатчилигимиз тимсолига айланиб, ўзликни англаш, анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасида халқимизга улкан маънавий куч бағишлаб келаётгани урғуланади.
Мамлакатимиз миллий ривожининг янги босқичи — Учинчи Ренессансга қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда Соҳибқирон Амир Темурнинг шахсияти, буюк аждодимизнинг башарият тарихи ва Турон тамаддунидаги ўрни ҳамда темурийларнинг бой ва бетакрор меросини чуқур ўрганиш, юртимиз ва чет элларда кенг оммалаштириш мақсадлари акс этган қарорда кенг кўламли вазифалар қамраб олинган.
Зеро, ҳужжатнинг асосий мақсадларидан бири ёш авлодни янги Ўзбекистон бунёдкорлари этиб тарбиялаш борасидаги улкан
масъулиятни инобатга олиб, ушбу йўналишдаги ташкилий-амалий, илмий ва маънавий- маърифий ишларни янги сифат босқичига кўтариш ҳисобланади.
Февраль ойида халқимиз қалбига янада яқин ва мўътабар айёмга айланиб бораётган муборак Рамазон ойи кириб келди. Шу муносабат билан мамлакатимиз етакчисининг 16 февраль куни эълон қилинган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори кейинги йилларда мамлакатимизда инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, эҳтиёжманд тоифаларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларимизни ўзида акс эттирган ҳужжат бўлди.
Диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида юртимиз бўйлаб “Рамазон — меҳр- мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида муқаддас ойни муносиб кутиб олиш ҳамда юқори савияда ўтказиш чоралари белгиланди ва бу ишлар айни кунларда изчиллик билан адо этиляпти. Қарорда назарда тутилганидек, бунда кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш, табиий муҳитни асраш, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни обод этиш, Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларни исрофгарчиликка йўл қўймасдан, ихчам, мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Давлатимиз раҳбари қарор қабул қилинган куни Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказганида ҳам чуқур маъно ва юксак инсонийлик фазилатлари мужассам. Бугунги кунда мамлакатимизда Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар қилинаётгани, бу хайрли ташаббуслар орқали Рамазон нафақат шахсий ибодат ойи, балки жамиятда меҳр-оқибат, аҳиллик ва ўзаро ғамхўрликни мустаҳкамлайдиган улкан маънавий мактаб сифатида намоён бўлаётганини кўрсатади.
Президентимиз ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилаларнинг аниқ ва шаффоф рўйхатини шакллантириш, ёрдамларни фуқароларнинг дини, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, тенг ва адолатли тарзда етказиш шартлигини алоҳида таъкидлади. Масъул идораларга бу борада қатъий назорат ўрнатиш топширилди.
Жорий йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 19 февраль кунига тўғри келди ва унинг арафасида давлатимиз раҳбари Ўзбекистон халқига Рамазон табриги йўллади.
“Эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, инсонни эзгу ва савоб ишларга даъват этадиган ушбу ойни муносиб тарзда ўтказиш мақсадида бу йил ҳам мамлакатимизда катта тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳалла ва уй-жойлар, масжид ва мадрасаларни обод қилиш, кекса, ногирон ва ёрдамга муҳтож шахсларнинг ҳолидан хабар олиш, қўшнилар, яқин қариндошларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, ибодат ва ифтор маросимларини тартибли ўтказишга хонадон ва маҳалла аҳллари, жамоатчилик вакиллари тарафидан алоҳида аҳамият берилмоқда”, дейилади Президентимиз табригида.
Инсон тақдирига дахлдор омил
Жамиятнинг қай даражада ривожланаётгани инсонларнинг кундалик ҳаётидаги ўзгариш, улар ўзини жамиятда қанчалик керакли, ҳимояланган ва қадрланган деб ҳис этишида акс этади. Агар давлат сиёсати инсон тақдирига бевосита таъсир кўрсатмаса, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами эътибордан четда қолса, ислоҳотлар қиймати йўқолади. Давлатимиз раҳбари ислоҳотлар юртимизнинг энг чекка ва олис нуқталарига ҳам етиб боришини истаётгани, буни барча мутасаддилардан талаб қилаётгани ҳам юқоридаги омиллар билан асосланади.
Февраль ойида Президентимиз мутасаддилар иштирокида Фарғона, Навоий, Андижон вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ислоҳотлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларни муҳокама қилди. Шунингдек, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларига ташриф буюриб, ҳудудлардаги бунёдкорлик ишлари, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, қурилиш, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар билан танишди.
Хусусан, 4 февраль куни Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда ер ва қазилма бойликлари чекланган бўлишига қарамасдан, ҳудудда сўнгги йилларда иқтисодиётни диверсификация қилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва ахборот технологиялари соҳаларида барқарор ўсиш таъминлангани қайд этилди.
Йиғилишда эришилган натижалар хотиржамликка асос бўла олмаслиги таъкидланиб, истиқболдаги кечиктириб бўлмас вазифалар белгилаб олинди, мавжуд имкониятлар таҳлил қилинди. Вилоятда инвестиция ва экспорт ҳажмини изчил ошириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш масалаларига тизимли ҳамда манзилли ёндашиш лозимлиги уқтирилди.
Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан 10 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда вилоятнинг саноат ва ишлаб чиқариш салоҳиятига эътибор қаратилган бўлса, 12 февралдаги йиғилиш кун тартибидан Андижон вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва устувор вазифалар муҳокамаси ўрин олди. Унда ер ресурслари чекланган шароитда ҳар бир гектар ер, ҳар бир лойиҳа ҳамда ҳар бир инвестиция юқори қўшилган қиймат ва барқарор иш ўрни яратиши шартлиги таъкидланди. Бу вилоят раҳбарияти олдидаги энг асосий вазифа экани кўрсатиб ўтилди.
Президентимиз 20 февраль куни Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари бўйича йиғилиш ўтказди. Қорақалпоғистон улкан майдони ва қазилма бойликлар захираси билан катта иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятга эга эканига эътибор қаратилди.
Шунингдек, ҳудуд иқтисодиётида сезиларли ўзгаришларга эришилгани қайд этилди. Жумладан, 8 йил олдин ҳудуд иқтисодиёти аҳоли жон бошига ҳажм бўйича энг охирги ўринда бўлган бўлса, бугун 7-ўринга кўтарилди. Саноат маҳсулотининг атиги 4 фоизи экспортга чиққан бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 30 фоизга етди. Умумий экспорт 2016 йилдагига нисбатан 3,5 карра ошиб, 2,1 миллиард доллар бўлди.
Келгуси 5 йилда ҳудуд иқтисодиётини 102,5 триллион сўмга (2025 йилда 54,3 триллион сўм бўлган), аҳоли жон бошига эса 51 миллион сўмга етказиш, саноат ва хизматлар соҳасида 7,2 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Йиғилишда инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳудудга аввал берилган имтиёзлар муддатини узайтириш таклифи билдирилди. Президентимиз ушбу таклифни қўллаб-қувватлади.
Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонда белгиланган марраларга эришиш учун барча имконият ва ресурсларни тўлиқ ишга солиш, ҳар бир туман ва маҳаллада аниқ ҳисоб-китоб ҳамда манзилли ёндашув асосида иш ташкил этиб, аҳоли турмуш сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалий натижасини тезроқ таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
13 февраль куни Президентимиз раислигида тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш аввалида ўтган йилги макроиқтисодий натижалар қайд этилди. Камчилик ва нуқсонларга йўл қўйган, ташаббус ва фаоллик кўрсатмаган мутасадди раҳбарлар, вилоят ва туман ҳокимлари фаолияти танқид қилинди.
Давлатимиз раҳбари 2026 йил учун белгиланган кўрсаткичларга тўхталиб, 6,6 фоизли иқтисодий ўсиш орқали ялпи ички маҳсулот ҳажмини 167 миллиард долларга етказиш режаси геосиёсий вазият ва иқтисодий тебранишларни инобатга олган ҳолда шакллантирилган эҳтиёткор прогноз эканини таъкидлади.
* * *
Ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, инсон қадрини ошириш мавзулари йиғилиш ва тақдимотлар чегарасини бузиб, ҳудудларга амалий ташриф кўринишида давом этди. Президентимиз 13 февраль куни Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманига ташриф буюрди.
Сўнгги йилларда саноат, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик жадал ривожланиш палласига кирган ҳудуд сифатида эътироф этилаётган вилоятдаги ўзгариш, янгиланиш ва ислоҳотлар натижалари билан танишган давлатимиз раҳбари дастлаб юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Enco Group” корхонасида бўлди.
Бугун иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли ўсиши натижасида электр энергиясига эҳтиёж ортиб бораётгани юқори кучланишли электр узатиш тармоқларини ривожлантиришни тақозо этмоқда. Шу боис, юқори кучланишли кабель маҳсулотларига ички ва ташқи бозорларда барқарор талаб шаклланмоқда.
Фаолияти ушбу талабни қондиришга қаратилган “Enco Group” корхонаси Беларусь Республикасининг “Energokomplekt” компанияси билан ҳамкорликда “Eltech Industrial” технопарки ҳудудида 21 гектар майдонда барпо этилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 60 миллион долларни ташкил этади. Корхона тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг 600 га яқин янги иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбарига корхонанинг келгусидаги ривожланиш режалари, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ҳамда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича таклифлар тақдимот қилинди.
Президентимиз тумандаги “Vades Group” компанияси томонидан амалга оширилаётган юқори технологияли лойиҳа билан ҳам танишди. Мазкур корхонада идентификация учун мўлжалланган микропроцессор модуллари, сим-карталар, шунингдек, транспорт, ижтимоий ва халқаро тўлов карталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Шунингдек, “Infinity Copper Group” мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти мамлакатимиз етакчисининг эътиборидан четда қолмади. Лойиҳа Хитой ва Германия компаниялари билан ҳамкорликда 10 гектар майдонда амалга оширилмоқда, умумий қиймати 36 миллион долларга тенг. Қурилиш ишлари 90 фоиз якунланган, лойиҳа доирасида 14,9 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган.
Ташриф давомида “Premier” маиший техника маҳсулотлари корхонаси фаолияти билан ҳам танишилди. Келгусида мажмуа тўлиқ ишга тушиши ҳисобига 87 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутиляпти. Давлатимиз раҳбари корхонанинг иш жараёни, маҳсулотлари сифатини кўздан кечирди. Мутахассислар ва ишчилар билан суҳбатлашди.
Шу ернинг ўзида корхонанинг 2026-2027 йилларга мўлжалланган ривожланиш дастури тақдимот қилинди. Мамлакатимиздаги электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг кўргазмаси билан танишилди. Шунингдек, “Eltech Industrial” технопаркида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли режалар тўғрисида ҳам ахборот берилди.
— Электротехника саноатини иқтисодиётимиз драйверларидан бирига айлантириб, кўрсаткичларни келгусида ўн миллиард долларга етказишни стратегик мақсад қилиб қўйишимиз зарур. Бунинг учун ички ва ташқи бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллаш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда соҳа учун етук, замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратишимиз шарт, — деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз 26 февраль куни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнлари билан танишиш учун Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Амалий сафар давомида Термиз туманидаги “Томорқа мактаби”, Жарқўрғон туманида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви, у ерда фаолият юритаётган хорижий тиллар ва ахборот технологиялари ўқув маркази ҳамда 66-мактабда яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Сўнг вилоятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ҳамда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар тақдимотида иштирок этди. Жамоатчилик вакиллари иштирокида Сурхондарё вилоятида умумий қиймати 7,1 миллиард доллар бўлган 44 та лойиҳани ишга тушириш ва бошлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Президентимиз рамзий тугмани босиб, тоғ-кон саноати, геология, енгил саноат, мебелсозлик, озиқ-овқат, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида янги лойиҳаларнинг қурилиши ва фаолиятини бошлаб берди. Жумладан, Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва маҳаллий инвесторлар иштирокида 741 миллион долларлик 13 та лойиҳа ишга туширилди.
Шунингдек, Термиз шаҳрида барпо этилган этношаҳарчада бўлиб, амалга оширилган ишларни кўздан кечирди. Бундан ташқари, Термиз шаҳрида “Тўпаланг” сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига Сурхондарё вилоятида ичимлик сув таъминотини яхшилаш лойиҳасининг амалий натижалари таҳлил этилди. Давлатимиз раҳбари шу ерда вилоятнинг гидроэнергия кўрсаткичлари ҳамда соҳада амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Сафарнинг иккинчи куни давлатимиз раҳбари иштирокида Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Президентимиз вилоят фаоллари, ёшлар ва нуронийлар билан мулоқот қилди, ҳар бир масала ва йўналиш бўйича уларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди. Ҳокимлар ва мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди. Мамлакатимиз етакчиси белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш, ҳар бир йўналишда аниқ натижага эришиш бўйича тегишли топшириқлар берди.
— Сурхондарё нафақат табиати гўзал замин, балки руҳи бақувват, ғайрати баланд, орияти мустаҳкам инсонлар юртидир. Сурхонни ривожлантириш янги Ўзбекистоннинг жанубий таянч устунини мустаҳкамлаш демакдир, — деди давлатимиз раҳбари.
Ҳудудлар тараққиёти ва ҳаёти, маҳаллий тадбиркор ва ишлаб чиқарувчиларни қўллаб- қувватлаш ҳақида гап кетар экан, Президентимиз 4 февраль куни имзолаган “Маҳаллий ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини янги тизим асосида ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон, унинг аҳамияти ва моҳияти ҳақида гапирмасак бўлмас.
Ҳужжат маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш, саноат тармоқлари ва аҳоли истеъмоли учун зарур маҳсулотларни ўзлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришда бозор механизмларини кенг жорий қилиш, маҳаллий тадбиркорлик субъектлари ва йирик корхоналар ўртасида саноат кооперациясини тизимли кенгайтириш, давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар харидини рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш чора-тадбирларини акс эттирган.
Фармоннинг асосий мақсадлари сифатида саноат кооперацияси ва давлат харидлари соҳасида ягона бошқарувни жорий этиш орқали яхлит ва мувофиқлаштирилган давлат сиёсати юритилишини йўлга қўйиш, юқори технологияли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган қўшилган қиймат занжирларини яратиш, ўзлаштириш тавсия этиладиган рақобатбардош маҳсулотларни аниқлаш ва бошқа жиҳатлар ўрин олган.
Бундан ташқари, янги бошқарув тизимини яратиш, дастурий чора-тадбирлар, янги инструментлар, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлиги, давлат харидларининг самарадорлигини ошириш, кадрлар сиёсати каби устувор мақсадлар бўйича вазифалар белгилаб берилган.
Халқаро майдонда ишончли ҳамкор
Президентимизнинг 5-6 февраль кунлари Покистон Ислом Республикасига давлат ташрифи давлатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга асос яратгани билан тарихий аҳамиятга эга бўлди. Ташриф давомида эришилган келишув ва шартномалар нафақат мамлакатларимиз, балки Марказий ва Жанубий Осиёни ўзаро боғловчи, тўлдирувчи сифатида ҳар икки томонга улкан имкониятлар тақдим этади.
Дангалини айтганда, Ўзбекистон манфаати нуқтаи назаридан, Покистон портлари денгиз йўлига чиқишимиз учун дунё бозорига элтувчи дарвозаларнинг олтин калити вазифасини бажаради. Ўз навбатида, Покистон ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтириш, мамлакатимиз билан дўстона муносабатда бўлиш тарафдори.
Ташриф давомида давлатимиз раҳбарига “Нишони Покистон” ордени топширилди. Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф “Нишони Покистон” давлатнинг энг олий мукофоти экани, агар бундан ҳам юксакроқ мукофот бўлса, унга ҳам энг муносиб шахс Шавкат Мирзиёев бўлишини таъкидлаб, лутф этди. Бу эътироф Президентимиз билан бирга янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида хизмат қилаётган халқимизга кўрсатилган юксак эҳтиром рамзи ҳамдир.
Шунингдек, Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида Ўзбекистон Президентига Покистон Миллий фан ва технологиялар университети фахрий доктори ва профессори унвонларини бериш маросими бўлиб ўтди. Бош вазир Шаҳбоз Шариф давлатимиз раҳбарига бу ҳақдаги тегишли сертификатни топширди.
Ушбу унвонлар Ўзбекистон етакчисининг ижтимоий-иқтисодий ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар, мамлакатни изчил модернизациялаш, фан ва технологияларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик ҳамда академик алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун берилди.
Президентимиз давлат ташрифи доирасида “Айвони Садр” қароргоҳида Покистон Ислом Республикаси Президенти Асиф Али Зардорий билан тор доирада ва делегациялар иштирокида учрашув ўтказди. Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, дўстлик ҳамда стратегик шерикликни мустаҳкамлашнинг жорий ҳолати ва долзарб йўналишлари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Асиф Али Зардорийни Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.
* * *
Президентимиз Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 17-19 февраль кунлари Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Вашингтон шаҳрида бўлди.
Тинчлик кенгаши АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ташаббуси билан ташкил этилган. Ўтган ойда Ўзбекистон Швейцариянинг Давос шаҳрида можаронинг кескинлашув хавфини камайтириш, Ғазо секторида иқтисодий ва ижтимоий тикланиш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган Тинчлик кенгаши таъсисчиларидан бири бўлгани катта сиёсий воқеа сифатида баҳоланди.
Давлатимиз раҳбари 19 февраль куни Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди. АҚШ Президенти Дональд Трамп раислигида ўтказилган тадбирда Озарбайжон, Қозоғистон, Баҳрайн, Индонезия, Аргентина, Парагвай, Руминия, Миср, Қатар, Покистон, Венгрия, Албания, Арманистон, Вьетнам, Камбоджа, БАА, Туркия, Кувайт, Саудия Арабистони, Исроил, Марокаш ва бошқа давлатлар делегациялари раҳбарлари ҳам қатнашди.
Ғазо секторини қайта тиклаш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш, шунингдек, минтақада тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари нутқида Ўзбекистон Тинчлик кенгашини тузиш бўйича тинчликсевар ташаббусни қўллаб-қувватлагани ва уни муваффақиятли рўёбга чиқаришда амалий иштирок этишини қатъий тасдиқлагани таъкидланди.
— Ишончим комил, кенгаш иши Ғазо минтақасини иқтисодий ва ижтимоий қайта тиклаш учун қулай шароит яратишга имкон беради, — деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ушбу ҳудудда турар жойлар, болалар боғчалари, мактаб ва шифохоналар барпо этишга имкон қадар ҳисса қўшишга тайёрлигини қайд этди.
— Бизнинг учрашувимиз халқаро бирдамлик, тинчликсеварлик ва Яқин Шарқдаги вазиятни яхшилашга бўлган умумий интилишимизнинг ёрқин ифодасидир. Биз янги Ғазони — иқтисодиёти фаровон, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларига эга бўлган минтақани барпо этиш учун ушбу тарихий имкониятдан фойдаланишимиз зарур, — деди Шавкат Мирзиёев.
Тадбирда бошқа хорижий мамлакатларнинг давлат, ҳукумат ва ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари ҳам сўзга чиқди. Йиғилиш якунида Тинчлик кенгаши фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги декларация имзоланди.
Мамлакатнинг олтин фонди
Кўксарой қароргоҳида 24 февраль куни Президентимизнинг ёшлар билан мулоқоти бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари учрашув давомида мамлакатимиз келажагининг олтин фонди бўлган ёшларга ишонишини, суянишини, уларнинг салоҳиятини тўла намоён қилишлари учун барча имконият ва шароитларни яратиб беришини таъкидлади. Ўз навбатида, иштирокчилар томонидан билдирилган турли соҳаларга оид таклиф ва ташаббусларни тинглади.
Учрашувда илгари сурилган ташаббуслар кўлами ва миқёси доимгидек салмоқли бўлди. Тадбир шаклан мулоқот кўринишида кечган бўлса-да, мазмунан давлат ва ёшлар ўртасидаги ижтимоий шартноманинг янги моделини ифода этди. Яъни бу ерда ёшлар майдонга ижтимоий ҳимоя объекти эмас, тараққиёт субъекти сифатида олиб чиқилди.
Президентимиз ёшлар билан мулоқот доирасида “Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап” — “President Tech Award” лойиҳаси ғолибларининг тақдимоти билан танишди. Мазкур танлов Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси томонидан Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида 2023 йилдан бошлаб ўтказилмоқда. Унинг умумий мукофот жамғармаси 1 миллион долларни ташкил этади.
Танловда сунъий интеллект, ижтимоий технологиялар, MicroSaaS ва AdTech, молиявий технологиялар ва тадбиркорлик, ўйин дастурлари ҳамда махсус йўналиш — хакатон бўйича энг намунали лойиҳалар танлаб олинади.
Илк ташкил этилган танловда тўрт мингдан зиёд иштирокчи қатнашган бўлса, 2025 йилга келиб улар сони олти мингга яқинлашди. Жамоаларнинг сони эса 444 тадан 862 тага етди. Давлатимиз раҳбарига танлов ғолиблари ўзларининг стартап лойиҳалари, уларнинг афзалликлари ва амалий самараси хусусида сўзлаб берди.
— Биз кичик стартаплар катта-катта лойиҳаларга, даромадли бизнесга айланиши учун зарур шароитларни яратиб беришга тайёрмиз. Бунинг учун ҳар бир стартапчи билан мулоқот қилиш, унга керакли ёрдамни кўрсатиш лозим, — деди Президентимиз.
Ёшларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш орқали келажак касбларига замин яратилаётгани, дунё давлатлари ҳам ёшларнинг стартап лойиҳаларига алоҳида қизиқиш билдираётгани таъкидланди.
Президентимиз стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга маблағ янада кўпайтирилишини айтиб, ёшлар ўзларининг янгича қарашлари ва ғоялари билан яна қайси соҳа ва йўналишларда изланиши кераклиги юзасидан тавсияларини берди.
* * *
Йилнинг иккинчи ойи тақдимот, йиғилиш ва қабулларга ҳам бой бўлди. Жумладан, фуқаро авиацияси, кўмир ва уран тармоқларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда навбатдаги лойиҳалар, урбанизация ва уй-жой қурилиши, сув ресурсларидан фойдаланиш, мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигида янги ерларни ўзлаштириш ҳамда илм-фанни ривожлантиришга қаратилган таклифлар бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари ҳузурида креатив иқтисодиётни ривожлантириш ва янги маданият масканлари лойиҳалари, техник тартибга солиш соҳаси, фазога сунъий йўлдош учириш ва биринчи миллий космонавтни тайёрлаш бўйича таклифлар, ипакчилик соҳаси, қишлоқ хўжалигида техникалар паркини янгилаб, рақамли ечимларни кенг жорий этиш ва бошқа қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Сенати Раиси Файсал Ақиф Мисқал ал-Фаёз, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзоу Цзяи бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Мамлакатимиз етакчиси Буюк Британиянинг Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича савдо вакили лорд Жон Олдердайс, иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчи Сума Чакрабарти, Беларусь Республикаси Бош вазири Александр Турчин билан учрашувлар ўтказди.
Кўриб турганингиздек, энг қисқа ой бўлса- да, февраль мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида залворли воқеликларга бой палла сифатида тарихга кирди. Мақоламиз аввалида Амир Темурнинг мамлакатимиз ва дунё тарихида тутган ўрни ҳақида сўз очгандик. Сўнгида эса Соҳибқирон ўгитларидан қуйидаги парчани келтирсак: “Ҳар кимдан кенгаш олдим, ҳар кимдан фикр ўргандим, қайси бири фойдалироқ бўлса, уни кўнгил хазинасида сақлаб, ишлата билдим”. Бу иқтибос Президентимиз бошчилигида февраль ойи мобайнида мамлакатимизда кечган сиёсий-ижтимоий жараён шиддати ва моҳиятини янада теранроқ англаш ва ҳис қилишга ёрдам беради.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири