Мамлакатимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас. Айниқса, имконияти чекланган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш учун барча имкониятлар яратилган. Бунга жавобан улар ҳам илм-фан, санъат ва спорт соҳаларида халқаро майдонда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.
Жорий йил 24 августдан 5 сентябргача Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтган паралимпия мусобақалари бунинг ёрқин намунасидир. Унда иштирок этган спортчиларимиз имконияти чекланган бўлишига қарамай, ўзларининг етук тайёргарлиги ва юксак маҳоратини кўрсатиб, юртимиз спортидаги энг юқори кўрсаткич — 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медални қўлга киритди. Бу ғалабадан нафақат уларнинг ота-оналари, балки барча юртдошларимизнинг қалби фахрга тўлгани айни ҳақиқат.
Давлатимиз раҳбари 10 сентябрь куни XVI Паралимпия ўйинларида иштирок этган спортчи ва мураббийлар билан учрашиб, барчани спортчиларимизнинг ана шу улкан ғалабаси билан муборакбод этар экан, қаҳрамонларимизнинг ҳар бири номма-ном тилга олинди.
Таъкидланганидек, улар эришган ютуқлар тинимсиз жисмоний машқлар билан бирга, кучли руҳий тайёргарлик, мустаҳкам ирода ва пок ният самарасидир. Инсон олдига ана шундай аниқ мақсад қўйиб, унга эришиш йўлида астойдил меҳнат қилса, тунни тун, кунни кун демай ҳаракат қилса, ғалаба сари интилса, албатта, ниятига етади. Зеро, ҳар қандай хайрли иш пок ният ва ҳаракат билан ижобат бўлади.
Сўнгги йилларда юртимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик эса ушбу интилишларга рағбат бермоқда. Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида ана шундай матонатли спортчиларимизни тайёрлаш учун барча шароитлар яратиляпти.
Учрашувда Президентимиз эришилган натижаларни мустаҳкамлаш, янада кўпроқ ютуқларни қўлга киритиш учун 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларига ҳозирданоқ аниқ тизим асосида тайёргарлик кўриш зарурлигини таъкидлаб, бу борадаги муҳим вазифаларни белгилаб берди. Жисмоний имконияти чекланган фуқароларни спортга кенг жалб этиб, паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, иқтидорлиларни саралаб, тарбиялаш, хориждан тажрибали мутахассис ва мураббийлар жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Спорт таълими масканларида паралимпия бўйича бўлимлар ташкил этилиб, қўшимча квоталар ажратилиши, махсус ўқув дастурлари ва методика жорий қилиниши айтилдики, бу ёшларни спортга жалб қилиш, уларни баркамол қилиб тарбиялашда катта аҳамият касб этади. Келгуси ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси қошида Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислар тайёрлаш институтининг ташкил этилиши эса юртимизда соҳага юқори даражада катта эътибор қаратилаётганидан далолат беради.
Ҳозирги кунда ёшлар орасида ҳаётда озгина тўсиқ ёки қийинчиликка учраса, ўзини йўқотиб, умидсизликка тушиб қоладиган йигит-қизларимиз афсуски, йўқ эмас. Бу борада алоҳида мактаб ташкил этилса, у ерда тажрибали устозлар, спортчилар ёшлар билан учрашиб, уларга ҳаёт йўллари, эришган ютуқлари, қийинчиликларни қандай енгиб ўтаётгани ҳақида сўзлаб берса, ишонаманки, йигит-қизларимиз ҳам уларга ҳавас қилиб, кетидан эргашади. Улардек вақтнинг қадрига етишни ўрганади, спорт билан шуғулланиб, ўзбек йигитлари, ўзбек қизлари нимага қодир эканликларини исботлайди.
Қувонарли томони, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида халқимиз, айниқса, ёшларимиз қанчалик кўп хабардор бўлса, улардан ўрнак олиб яшаса, бу жамиятимиздаги маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга хизмат қилади. Шу жиҳатдан, бу борада Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси таркибида “Матонат мактаби” ташкил этилиши айни муддао бўлди.
Албатта, имконияти чекланган спортчиларнинг тақдир синовларига мардона бардош бериб, сабр-тоқат ва шукроналик руҳи билан, ҳаётда ўз муносиб ўрнини топиб яшаётганининг ўзи катта жасорат. Уларнинг эришган ютуқлари мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор амалда ўз самарасини бераётганининг яна бир яққол далили бўлди.
Одинахон ОТАХОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати