Сайёр судда 28 нафар маҳкумларнинг иши кўриб чиқилди. Уларнинг 3 нафари Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган бўлса, 3 нафар маҳкум тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан енгилроқ жазо яъни ахлоқ тузатиш жазоси билан алмаштирилиб, жазони ижро этиш муассасасидан озод этилди.

Жумладан, маҳкум Р.Рустамов жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судининг 2019 йил 14 февралдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисмининг «б,в» бандлари, 25-, 223-моддаси 2-қисмининг «в» банди билан ЖКнинг 57,59-моддалари тартибида 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган бўлиб, жиноят ишлари бўйича Сардоба туман судининг 2019 йил 18 декабрдаги ажримига кўра, ўталмай қолган 1 йил 11 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

У ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташ даврида тартиб интизомни бузганлиги сабабли жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг 2020 йил 25 майдаги ажримига кўра, ўталмай қолган 1 йил 11 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси шу муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилади. Аммо у бундан ҳам тўғри хулоса чиқармайди. Натижада, жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг 2021 йил 27 январдаги ажримига кўра, ўталмай қолган 1 йил 3 ой озодликни чеклаш жазоси шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилади ва жазони Поп туман 6-сонли ЖИEМда ўтайди.

2021 йил 7 апрелда жиноят ишлари бўйича Поп туман суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида унинг илтимосномаси кўриб чиқилади ва уни инсонпарварлик тамойили асосида ўталмай қолган 1 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосидан муддатидан олдин шартли озод қилинди ва жазони ижро этиш муассасасидан чиқарилди.

Бундан ташқари, маҳкум Ф.Салаев 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,97-моддасининг 1-қисми назарда тутилган жиноятни содир этганлиги боис жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг 2017 йил 24 августдаги ҳукмига кўра, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

У Поп туман 6-сонли жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб келган. Ф.Салаев 2021 йил 7 апрелга қадар тайинланган жазони ярмидан кўпроғини ўтаган, туман судига муассаса томонидан унга нисбатан тақдимнома киритилади ва ўтказилган сайёр суд мажлисида тақдимнома кўриб чиқилиб, Ф.Салаев маъмурият ходимларига ва атрофдаги маҳкумларга нисбатан муносабати қониқарлилиги, содир этган жиноятидан пушаймон экани, жазони ўташ давомида интизомий жавобгарликка тортилмаганлигини инобатга олиниб унинг ўталмай қолган 3 йил 11 ой 24 озодликдан маҳрум қилиш жазоси, ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди.

Бундан ташқари, сайёр судда колонияда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган 22 нафар маҳкумларга нисбатан киритилган тақдимномалар ҳам кўрилиб, суд томонидан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини манзил-колонияларида ўташ белгиланди.

Дилмурод Мадаминов,
Жиноят ишлари бўйича
Поп туман судининг раиси