Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Кўксарой қароргоҳида ташкил этилган байрам тадбирида маълум қилди.
«Аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши муросасиз муҳит яратиш – биз учун стратегик вазифа.
Шу ҳафтада яна бир муҳим фармонни имзоладим. Энди хотин-қизлар ва болаларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларига қарши қатъий тизим асосида кураш олиб борамиз», – деди Президентимиз.
Турли сабабларга кўра билиб-билмай жиноятга қўл урган аёллар ҳам шу юртнинг фуқаролари экани таъкидланди. Уларни ижтимоий ҳаётга қайтариш, жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлантириш тўғрисида ҳам жиддий ўйлаш кераклиги қайд этилди.
Жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган аёлларнинг кўпчилиги ўрта маълумотли, касби ёки ҳунари йўқ. Айримлари олий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган.
Шу боис, бундай хотин-қизлар билан манзилли ишлаш бўйича «Янги ҳаёт» дастури бошланади. Улар 3-6 ой касб дастурларида ўқитилиб, сертификат олади.
Шунингдек, маҳкумаларга муассасаларнинг ўзида имтиҳон топшириб, олийгоҳларга кириш ва масофавий ўқиш имконияти яратиб берилади. Контракт асосида ўқишга қабул қилинганларга жазони ўтаб, ишга жойлашгандан кейин қайтариш шарти билан фоизсиз ссуда ажратилади.