Маросимда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, университет ректори С.Сафоев, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Шерматов, IT Park директори Ф.Ибрагимов, ташқи ишлар, олий ва ўрта таълим вазирликлари вакиллари, олий ўқув юртлари ректорлари, етакчи хусусий компаниялар раҳбарлари, ОАВ вакиллари, ЖИДУ ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Ўз чиқишида С.Сафоев қуйидагиларни таъкидлади: «Рақамли технологияларнинг фаол ривожланиши бугунги кунда бутун дунёда асосий тренд ҳисобланади. Тобора кўпроқ мамлакатлар ушбу ўзгаришларнинг аҳамиятини англаб етиб, ушбу йўналишга алоҳида эътибор қаратяпти, давлат, ижтимоий, таълим ва бошқа жараёнларни ҳар томонлама рақамлаштиришга қаратилган миллий рақамли ривожлантириш стратегияларини қабул қиляпти.
«Рақамли дипломатия» атамаси мустаҳкам ўрин олган халқаро муносабатлар соҳасида ҳам жадал ривожланиш кузатиляпти. Ўзбекистонда давлатимиз раҳбарининг Фармони билан «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси қабул қилинди. Ушбу кенг кўламли дастурий ҳужжат иқтисодиётнинг устувор тармоқлари ва мамлакатимиз ҳудудларини рақамли ўзгартириш бўйича йўл хариталарини ўз ичига олади».
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети «Huawei Technologies» компанияси билан биргаликда ягона IT экотизимини яратиш концепцияси – «Smart University»ни амалга оширишга киришди. Бугун очилаётган учун Инкубация ва акцелерация маркази унинг таркибий қисми ҳисобланади. Марказ иқтидорли талабаларнинг ғояларини очиб бериш учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга мўлжалланган ва стартап лойиҳаларини яратиш учун рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилади.
Университет ҳудудидаги марказ учун жиҳозланган аудиториялар ажратилган, улар орасида интерактив машғулотлар ўтказиш учун 60 кишилик аудитория, музокаралар хонаси мавжуд. Барча зарур жиҳозларга эга алоҳида коворкинг-офис, лойиҳа босқичлари тақдимотлари учун ихтисослаштирилган аудитория мавжуд. Марказ фаолияти доирасида талабалар учун маслаҳатлашувлар, турли танловлар ўтказилади.
Талабалар, шунингдек, 8 та модулни ўз ичига олган инкубация дастурларига ҳам жалб қилинади. Ушбу модуллар турли бизнес соҳаларидаги маърузачилар иштирокида ўтказилади, бу эса талабаларга ўз лойиҳасини самарали ва батафсил ишлаб чиқиш имконини беради.
Инкубация дастури даврида ЖИДУ профессор-ўқитувчилари талабаларга маркетинг, лойиҳа бошқаруви, юриспруденция, маркетинг тадқиқотлари ва бизнес режалар ва ҳоказолар бўйича билим олишга ёрдам беради. Инкубация дастурининг охирига келиб, талаба инвестиция фондлари билан ҳамкорлик қилиш учун пухта ишлаб чиқилган тақдимотларга эга бўлади. Ҳар бир модуль бўйича ўқиш билан бир қаторда, резидентларга хатолар устида ишлаш ва маҳсулотларни такомиллаштириш учун координатор билан эксперт сессияси ўтказилади.
Тадбир доирасида меҳмонларга университет талабаларининг таълим ва қурилиш соҳасидаги стартап ғоялари тақдимотлари ҳам ўтказилди. Бундан ташқари, ЖИДУ битирувчиси, Black Swan Consulting юридик консалтинг компанияси раҳбари А. Ахмедов томонидан «Стартап ва венчур инвестицияларни ривожлантириш истиқболлари: норматив-ҳуқуқий база, қонунчиликдаги камчиликлар, амалдаги ва хорижий амалиёт» мавзусида интерфаол машғулот ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.