Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида 2019 йил 6 декабрдан бошланган Жиноий даромадларни қонунийлаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳига аъзо давлатларнинг ўзаро баҳолаш бўйича иккинчи раунди доирасида жиноий даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини баҳолашнинг асосий тартиб-қоидалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, мазкур учрашувда Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда амалга оширилаётган тадбирлар муҳокама қилинди. Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов хусусий секторнинг хабардорлигини ошириш мақсадида вазирликнинг расмий веб-сайтида жиноий даромадларни қонунийлаштиришга қарши курашиш бўйича махсус ахборот блоки жойлаштирилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шу билан бирга, эндиликда хусусий сектор билан ҳамкорликни кенгайтириш учун таҳдидлар, заифликлар ва жиноий даромадларни ювишнинг оқибатлари ҳақида тушунишни кучайтиришга қаратилган мунтазам учрашувлар ўтказиб борилади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, вазирлик суғурта, аудиторлик ва лизинг ташкилотлари, қимматбаҳо металлар ва тошлар билан операцияларни амалга оширувчи шахслар ҳамда жорий йил 1 майдан қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари ва лотереялар ташкилотчилари фаолиятида хавфларни баҳолаш учун масул ҳисобланади.
Ҳар бир сектор учун «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан операцияларни амалга оширувчи барча ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ички назорат қоидалари тасдиқланди, деб хабар беради Молия вазирлиги матбуот хизмати.
Учрашув якунида томонлар пул ювиш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича қўшма тадбирларни ўтказишда Жиноий даромадларни қонунийлаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳига аъзо давлатларнинг самарали ҳамкорлигини таъминлаш ва ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирдилар.