Сенат аъзоси Фарод Боқиев ушбу масала юзасидан ўз мулоҳазаларини билдириб, кадастр соҳасида учраётган муаммо ва камчиликларга эътибор қаратди.
– Кадастр агентлиги ташкил этилгандан буён 354 мингта қўшимча объект аниқланган ва бюджетга 468 млрд сўм қўшимча маблағ туширилган, – деди сенатор Ф.Боқиев. – Жойлардаги 403 мингта кўчмас мулк объектида қўшимча қурилмалар аниқланган ва кадастр баҳоси қайта кўриб чиқилиб, бюджетга мол-мулк солиғи бўйича қўшимча 99,9 млрд сўмлик манба яратилган. Умуман олганда, Кадастр агентлиги ҳозирда 17 турдаги хизматлардан 13 таси электрон инсон омилисиз амалга оширилмоқда. Бу яхши, албатта.
Бироқ охирги пайтларда кадастр соҳасида деярли ҳар куни ер билан боғлиқ коррупцион ҳолатлар содир бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 2020 йилда 67 нафар ва 2021 йилнинг олти ойида 48 нафар агентлик мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан 70 та жиноят содир этилган. Натижада давлат ва жамият манфаатларига 1,8 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Албатта, жиноят содир этганлар жазосини олиши муқаррар, етказилган зарар ҳам ундирилади.