Навоий вилоятида ўқишга киритишга бўлган яна бир уриниш фош этилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар И.К. ва О.Х. ўзаро тил бириктириб, фирибгарлик йўли билан даромад орттириш мақсадида фуқаролар Д.М. ва О.У.нинг ишончига киришиб, уларни Тошкент давлат аграр университетига шартнома асосида ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан И.К. ва О.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Сирдарёда фермер хўжалигига тегишли бўлган ерни сотмоқчи бўлган фирибгар ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Н.И. “N.A.M.” фермер хўжалигига тегишли бўлган анорчилик учун мўлжалланган 2,5 гектар ер майдонини сотиш ва юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали “мижозининг” номига ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 66 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Н.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Сурхондарёда ер майдонини турар жой сифатида расмийлаштириб бермоқчи бўлган кадастр ходими қўлга тушди

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Сурхондарё вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Жарқўрғон тумани филиали мутахассиси Э.И. фуқаро Г.Х.га тегишли бўлган 12 сотих ер майдонини турар жой сифатида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 4 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Н.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Сергели туманида ижара ҳуқуқи асосида берилган ер майдонини 37 500 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган МЧЖ раҳбари тергов қилинмоқда

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Сергели тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “G.C.” МЧЖ раҳбари А.У. жамиятга қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи объект қуриш, 1,5 миллиард сўм инвестиция киритиш ва янги иш ўринларини яратиш каби шартлар билан ижара ҳуқуқи асосида берилган 11 сотих ер майдонида ҳеч қандай қурилиш ишларини амалга оширмасдан, ноқонуний йўл билан даромад орттиришни кўзлаб, “E.D.” МЧЖ раҳбари С.У. ва фуқаро Д.Н. нинг ишончига кириб, уларга ушбу ер майдонига тўлақонли эгалик қилишини айтиб 37 500 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган. 

Мазкур ҳолат юзасидан А.У. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

билан ҳамкорликда тайёрланди