Ёшлар онггига таъсир этувчи турли ёт ғоялар, ахборот хавфсизлиги масаласига бағишланган ушбу тадбир Жиззах вилояти «Келажак лидерлари» клуби томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали ва Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Маълумотга кўра, «Геополитик таҳлил» лойиҳасининг асосий мақсади, кўплаб маълумотлар массасидан маълум бир тарихий лаҳзада юз берган, сиёсий маънога эга бўлган тасвирлар орқали фикрларни шакллантиришдир. Одатда, бу каби лойиҳалар ёшларни давлатлар, иттифоқлар, буфер зоналар, зиддиятли тизимлар, халқаро муносабатлардаги географик таъсирлар, халқаро рақобат натижасида давлатларнинг хатти-ҳаракатларини таҳлил қилиш каби воқеликларга беэътибор бўлмасликка ундайди.
Лойиҳа доирасида экспертлар томонидан ёт ғоялар таъсирида инқилобларнинг юзага келиши, уларнинг сабаб ва оқибатлари, ахборот хуружлари, ахборот хавфсизлик масалалари, «Тараққиёт стратегияси»нинг мазмун-моҳияти, ёшлар бандлиги, давлат хизматида уларнинг ўрни, янги жорий этилган маҳаллалардаги Ёшлар ишлари агентлигининг етакчилари, бугунги имкониятлар ҳақида муҳокама олиб борилди.
Жиззах давлат педагогика институти проректори, эксперт С.Назарқосимов томонидан замонавий дунёдаги ахборот хуружлари оқибатида инқилобларнинг юзага келиши, «давлат тўнтаришлари», «ҳарбий тўнтаришлар» қолаверса, «рангли инқилоб» атамасининг жуда кенг қўлланилаётгани, «Инқилоблар – бу ижтимоий кўриниш эмас, балки, сиёсий буюртма» эканлиги, унинг бошланиши бор, аммо, якуни йўқлиги, энг қуйи илдизи эса, ёшлар онггига бориб тақалаётгани, шу сабаб, ёшлар турли таъсирларга берилмай, ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлиш лозимлиги таъкидланди.
Клуб аъзоси С.Файзиев томонидан намойиш этилган тақдимотда инқилобларни асосий молиялаштирувчи шахс ва унинг мамлакатларнинг таназзулга юз тутишидаги манфаати ҳақида йиғилганларга батафсил маълумот берилди.
Эксперт, Жиззах давлат педагогика институти кафедра мудири Т.Ахмедов ўз нутқида кенг кўламли ислоҳотлар жараёни изчил давом этиб, улар сермаҳсул бўлишидан бутун халқимиз манфаатдорлигини, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб бериши ҳамда халқимизни умумий мақсадлар йўлида бирлаштириб турадиган яхлит маънавий асос ва мезонга айланишига ишонч билдирди.
Экспертлар фикрларидан сўнг, экспертлар, Клуб аъзолари, лойиҳа иштирокчилари, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбар ходимлари, олий таълим муассасалари ўқитувчи ва талаба-ёшлари иштирокида мавзу юзасидан якуний мухокама ва савол-жавоблар олиб борилди.
Якунда, Клуб аъзолари томонидан тайёрланган кўплаб мамлакатларда юзага келаётган нотинч вазиятлар, намойишлар, давлат тўнтаришлари ҳамда Ўзбекистондаги тинлик, осойишталик, ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар акс этган видеоролик ва институт талабалари ижросидаги саҳна кўриниши йиғилганлар эътирофига сазовор бўлди.
Мухлиса Мелиева,
Жиззах вилоят «Келажак лидерлари» клуби
Ахборот хизмати раҳбари,
Отабек Мусурмонов,
Жиззах вилоят «Келажак лидерлари» клуби
вице-президенти.