“Эркин иқтисодий зоналар пандемиядан кейин иқтисодиётни тиклаш жараёнида муҳим аҳамиятга эга.
“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида Марказий Осиёда рақобатчиси бўлмаган учта корхона “Софител”, “Экоклимат” ва “Минюан силу индастри” қўшма корхоналарининг фаолияти билан яқиндан танишдик.
Ушбу корхоналарнинг маҳсулотларига талаб юқори. Лекин уларнинг фаолиятини ривожлантиришга арзимаган муаммолар халал бермоқда.
Масалан, “Минюан силу индастри” газ таьминотидаги тартибсизлик ва электр таьминотидаги узилишлар натижасида уч кунда 600 минг доллар зарар кўрди. Газ босимининг биз учун одатийдек туюлган ўйнаши маҳсулотнинг бозорбоплигини бузади. Корхона ташкил этилибдики, ушбу муаммолар бартараф этилиши бўйича ваъдалар эшитади.
“Экоклимат” қўшма корхонаси стекловата ишлаб чиқаради. Ажойиб маҳсулот, хомашёси ўзимизники. Талаб жуда юқори. Энергия ишлаб чиқарувчилар амалдаги қонунларга мувофиқ энергияни корхонанинг киришигача келтириб бериши шарт. Корхона учун ишлаб чиқаришни ошириш учун зарур бўлган юқори вольтли электр таьминоти учун кабель тортиш бир йилдан бери ваъда берилади.
“Софител” жуда ноёб маҳсулот ишлаб чиқаради. Давлат стандартлаштириш маркази томонидан мувофиқлик сертификати берилмагани учун корхона маҳсулотини ягона харидори — Хитой фирмасига таннархида сотишга мажбур. Сертификат бўлмагани учун корхона маҳсулотни таъсисчисидан бошқа ҳеч кимга сотолмайди.
2013 йилда ҳукумат дастурига киритилган “Жиззах” ЭИЗда қуввати 16 мВа бўлган “Саноат-1” ним станцияни қуввати 40 мВа бўлган ним станцияга алмаштириш масаласи унутиб юборилгандек.
Хуллас, эркин иқтисодий зоналарнинг муаммолари билан жиддий шуғулланадиган алоҳида идора ташкил этиш зарурати бор. Бундай муҳим масалада иккиламчи даражада шуғулланиш тўғри эмас”.