Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ҳаёт йўли, уларнинг бой тажрибаси – ёшларга ўрнак. Шу боисдан ҳам вилоят маркази ва туманлар бўйлаб ўтаётган самимий учрашув ва суҳбатларда мамлакатимиз миқёсида бўлаётган тарихий ўзгаришлар асосий мавзу бўлмоқда. Жиззах шаҳридаги сўлим хиёбонда ташкил этилган байрам оқшоми аввалида иштирокчиларга намойиш этилган ҳужжатли фильмда сўнгги беш йилда воҳа ҳаётида рўй берган туб ўзгариш ва ютуқлар, Манас, Гагарин, Қўйтош каби кўпмиллатли қишлоқ ва маҳаллалар, туманлар марказлари қиёфаси янгидан чирой очгани, иқтисодиётнинг барча тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва спорт соҳаларидаги салмоқли ишлар ҳақида сўз борди.
Барча соҳаларга хос ўзгаришлар таълим-тарбия йўналишига ҳам хосдир, дейди умрининг ярим асрини педагогликка бағишлаган Олга Хван. Бугунги кунда мактабларимизда яратилган шароитларни биз бир умр орзу қилганмиз дея таъкидлайди Олга Борисовна.
Ҳаёт сифати ва турмуш тарзи нафақат марказ, балки узоқ, чекка ва чегарадош қишлоқларга ҳам кириб бормоқда.
Жиззах вилоятида турли миллатларга мансуб юртдошларимиз бир оила аъзоларидек аҳил ва иноқликда яшаб келмоқда ва буни кўз қорачиғидек асраш керак бўлган улкан бойлик сифатида юксак қадрлайди. Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳри ана шундай кўп сонли масканлардан бири бўлиб, 2018 йилда бу ерда мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари бажарилди. Шаҳар бутунлай янгидан қад ростлади, десак, ҳам асло муболаға бўлмайди. Ўтган даврда узоқ ва чекка, кўпмиллатли ҳудудлар меъморий қиёфасини янгилаш, бундай ҳудудларни ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги тажрибасини ўрганиш мақсадида кўплаб хорижий давлатлар делегациялари меҳмон бўлди. Ана шундай юқори мартабали меҳмонлардан бири, Россия Қаҳрамони Владимир Шамановнинг болалиги эса Гагарин шаҳри билан чамбарчас боғлиқ.
Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш масаласи узоқ йиллардан буён вилоят учун ғоятда долзарб масала бўлиб келган. Нуронийлар ва ёшлар ўртасида кечган жонли мулоқотларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур муаммо ечимига қаратилган йирик лойиҳалар амалга оширилаётганига алоҳида урғу берилди.
Президент мактаби, замонавий ахборот технологиялари парки бу объектлар энди глобал давр имкониятлари асосида келажак учун қўйилган мустаҳкам қадам. Мавжуд шароитлар учрашув иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Уч авлод учрашуви иштирокчилари велоспортнинг БМХ йўналиши учун барпо этилган замонавий иншоотда ҳам бўлиб, спортсевар ёшлар учун муҳайё этилган янгиликлар билан яқиндан танишишди.
Учрашувда сўзга чиққан кўпни кўрган нуронийлар халқимиз ҳаёти ва турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборган кўплаб эзгу ишлар, барқарор ривожланиш ва турган гапки, келажакни барпо этишда ёшларнинг ўрни ва мавқейи қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўзларининг қимматли маслаҳатларини беришди.
Бугун кексаю ёш барча юртдошларимиз кўнглида «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» деган якдиллик борлиги шубҳасиз. Бинобарин, юртимиздаги улкан ўзгаришлар воҳа ёшлари қалбида катта кўтаринкилик учун илҳом манбаи бўлаётир.
Маданият, маънавият инсон қалби ва онги тоза ҳамда гўзал бўлиши гарови. Янгиланишлар силсиласида мазкур соҳалар ҳам янги сифат босқичига чиқди. Туманлар марказлари, қишлоқларда кўплаб янги маданият ва санъат саройлари пайдо бўлдики, бу қишлоқ аҳли маънавий ҳаётига ўзгача маъно-мазмун бахш этаётир.
Барча орзуларимизга қанот бўлган Мустақиллик тушунчаси бугун том маънода авлодлар ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлаш, эзгу анъаналарни келажак авлодларга безавол етказиш учун устувор кафолат ҳамдир. Уч авлод учрашувида янграган Она Ватан ва инсон қадри, ҳақидаги жонбахш қўшиқлар барчанинг қалбидаги энг эзгу туйғуларни жонлантириб, янги – янги мақсад-манзиллар сари рағбат бағишлади.