Ушуб жараёнларда минглаб фуқаролар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар асосида ишлаб чиқлган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда қабул қилиниб, 2022 йил 25 июндан бошлаб, жорий йилнинг 5 июль кунига қадар умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинди. Шу боис, бугун қонун лойиҳаси жойларда кенг жамоатчилик иштирокида қизғин муҳокамадан ўтказилмоқда.
Хусусан, “Тараққиёт стратегияси” маркази жамоаси ҳам ушбу жараёнларда фаол иштирок этиб, Марказ платформаси орқали бир қатор давра суҳбатлари, жамоатчилик муҳокамалари ташкил этди. Шунингдек, фуқароларни Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалардан хабардор қилишга қаратилган турли хил кўринишдаги фото, видео, инфографик тўплам ва слайдлар шаклидаги тарғибот материаллари тайёрланиб, кенг жамоатчилик учун тақдим этиб келинмоқда.
Шу билан бирга, Марказ жамоаси ва экспертлари Республикамизнинг турли ҳудудларида бўлиб, вилоят, туман-шаҳар Кенгашлари депутатлари, маҳалла фаоллари, илмий-тадқиқот муассасалари, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари билан ҳамкорликда фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, асосий қонунимизни такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар, қонун лойиҳасида инсон қадрини янада юксалтириш мақсадида илгари сурилаётган ташаббуслар бўйича фуқароларга маълумотлар тақдим этиб келмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 27 июнь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳокимликлари билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаларига бағишланган тадбирлар ўтказилди.
Ушбу тадбирларда Марказ маърузачилари томонидан Конституцияга киритилаётган таклифларда фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий ва экологик ҳуқуқлари, шу жумладан аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқларини конституциявий жиҳатдан кафолатлашни кучайтириш, оила институтини мустаҳкамлаш, инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини кафолатлашга қаратилган нормалар киритилаётганлиги таъкидланди.
Хусусан, тадбирларда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаларини ташкиллаштиришда барча бирдек фаолликни ошириши зарурлигини таъкидлаб, лойиҳанинг энг асосий жиҳатларига тўхталиб ўтди.
— Бугун кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар ҳамда 6 та янги модда билан 16 та янги нормани киритиш таклиф этилмоқда, — деди Э.Туляков. – Албатта, ушбу қонун лойиҳасини тайёрлашда биринчи навбатда миллий қадриятларимиз ва миллий қонунчилигимиз тарихини ўрганиш билан бирга бир қаторда, ривожланган давлатлар Конституцияси ҳам ўрганилди.
Ўйлайманки, ушбу Конституциявий тузатишлар, биринчи навбатда жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг муайян шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини кафолатли тарзда таъминлаб ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланади.
Шунингдек, сўзга чиққан маърузачилар томонидан Конституциявий қонун лойиҳасида фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқлари, хусусий мулкчилик, иқтисодий фаолиятнинг эркинлигини ҳимоя қилишга, сифатли тиббий хизмат ва таълим олишига оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётганлиги ҳам айтиб ўтилди.
Тадбир якунида барча фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш жараёнларида фаол иштирок этишга чақирилиб, “Тараққиёт стратегияси” маркази фуқаролар томонидан билдирилган таклифларни ўрганиб чиқиб, тегишли тартибда Конституциявий комиссияга тақдим этиши таъкидлаб ўтилди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати