Ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш жараёнида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар белгилаб берилди. Хусусан, вилоят бўйича газ тартиблаш пунктларидаги байпас тармоқларини ёпиб, истеъмолчиларга редуктор орқали табиий газ етказиб берилишини йўлга қўйиш, газ тартиблаш пункти редукторларини таъмирлаб, ишга тушириш, уларнинг бир қисмига монометр ўрнатиш, яна бир қисмини тафтиш қилиш ва турли даражада таъмирлаш ишларини амалга ошириш ишлари белгилаб берилди.

Вилоятда табиий газ истеъмолчилари сони 151 972 тани ташкил этади. Истеъмолчиларга куз-қиш мавсумида жами 569,0 миллион куб метр табиий газ етказиб бериш режалаштирилган.

Истеъмолчиларни табиий газ билан таъминлаш учун 5 678,3 километр газ қувурлари ва 5 394 та газ тақсимлаш пунктларидан фойдаланилади.

Айни пайтга қадар 3,8 километр газ қувурлари реконструкция қилинди ҳамда 5 126 та газ тақсимлаш пунктлари техник тафтишдан ўтказилди.

Вилоятда 26 та газ тақсимлаш станцияси мавжуд. Жорий йил 1 октябрдан бошлаб 15 та махсус техника ва 60 нафар ходимлардан иборат 15 та тезкор бригада фаолият юрита бошлайди.

Шунингдек, вилоятда 86 126 та аҳоли хонадонини суюлтирилган газ билан таъминлаш учун 5 та автоцистерна ва 29 та ISUZU автомашинасидан фойдаланилади. Шу билан бирга, вилоятда 4 та газ тўлдириш станцияси ва пункти ҳамда 9 та газ баллон сақлаш сервис марказлари фаолият юритмоқда.

Куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларини бир маромда табиий газ билан таъминлаш мақсадида барча мавсумий истеъмолчиларга, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб табиий газ етказиб берилишига йўл қўйилмаслиги, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, аҳоли хонадонларида мавжуд газ асбоблари дудбуронларининг созлигини ўрганиш ва уларни тозалаш бўйича Жиззах вилоятида сервис хизмати ташкил этиш топшириғи берилди.

Шунингдек, аҳоли хонадонларидаги ностандарт ва маънавий эскирган иситиш қозонларини энергия тежамкор қозонларга алмаштириш чораларини кўриш, куз-қиш мавсумида вилоят аҳолисига 9 139 тонна суюлтирилган газ етказиб берилишини таъминлаш, «Қизил» ҳудуд деб белгиланган Жиззах шаҳри аҳоли хонадонларига 32 440 дона электрон газ ҳисоблагичларни 2020 йил 1 декабрга қадар ўрнатиш лозимлиги белгилаб берилди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.