Ўрганиш давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни муҳокама қилиш мақсадида вилоят ҳокимлиги анжуманлар залида вилоят ҳокими, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда Таълим инспекцияси раҳбари, ректорлар, мактабгача, халқ таълими ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Жиззах вилоятида 5 та олий таълим муассасаси, жумладан, 2 та институт, 1 та филиал ва 1 та нодавлат таълим муассасаси (“Sambhram” университети) фаолият олиб бормоқда. 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб эса, 1 та хорижий олий таълим муассасаси филиали (Қозон Федерал университетининг филиали) иш бошлайди.
Хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурларида (double degree) 18 та таълим йўналиши ва 1 та мутахассисликда 359 нафар талаба таҳсил олмоқда. Жорий ўқув йилида олий таълим билан қамров 34.1% ни, талабалар контингенти 31 287 нафарни, профессор-ўқитувчилар 1 176 нафарни ташкил қилади. Илмий салоҳият 30,5% кўрсаткичда.
Кредит-модуль тизими асосида таълим йўналишлари ва мутахассисликларнинг ўқув адабиётлар билан таъминланиши 65% ни ташкил этади.
Ўрганиш натижаларига кўра, таълим сифатини ошириш ва профессор-ўқитувчилар фаолият самарадорлигини яхшилаш борасида қатор камчиликлар ҳамда муаммолар борлиги аниқланди. Жумладан, жорий ўқув йилида янги очилган таълим йўналишлари ва мутахассисликларда ўқитилаётган фанлар кредит-модуль тизимига мослаштирилмаган. Дастурлар ўқув режаларга мос эмас, мустақил таълимни ташкил этиш ва талабаларни баҳолаш бўйича аниқ механизм йўлга қўйилмаган. Интернет тезлигининг пастлиги масофавий таълим платформаларидан фойдаланиш имконияти чекланган. Расмий веб-саҳифаларида муассасага тегишли маълумотлар янгиланмаган.
Хусусан, Жиззах политехника институтида профессор-ўқитувчиларнинг кредит-модуль тизимида етарли тажрибага эга эмаслиги талабаларнинг ўқув ютуқлари ва мустақил таълимини баҳолашда нохолисликларга олиб келгани, ахборот-ресурс марказида ўқув адабиётларни электрон ресурс шаклга ўтказиш учун зарур қурилмалар етарли эмаслиги аниқланган.
Ўзбекистон миллий университети Жиззах филиалида янги очилган таълим йўналишлари ва мутахассисликларда ўқув адабиётлари етарли эмас, магистратура мутахассисликлари учун йўриқнома ва мезонлар ишлаб чиқилмаган.
Жиззах давлат педагогика институтида инглиз тили амалий курси, вокал чолғу ижрочилиги ҳамда мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия кафедраларида илмий салоҳият тушганлигининг гувоҳи бўлинди.
Бундан ташқари, таълим муассасаларида илмий салоҳиятли педагог кадрларни ишга қабул қилишнинг аниқ механизми ишлаб чиқилмаган. Хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасаларида қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтаганлар сони жорий ўқув йилида 31 нафарни ташкил этади. “Эл-юрт Умиди” жамғармаси стипендиялари асосида стажировка ва стипендия эгалари йўқ.
Юқоридаги таълим муассасаларида талабалар ўртасида ўтказилган онлайн сўровномада таълим олиш учун яратилган шароитлардан 22,7% (6 789 нафар) талаба қониқмаслиги билдирилган. Ўрганишлар давом этмоқда.