Шу муносабат билан «Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш» ҳафталиги доирасида Зомин туманидаги «Тараққиёт» МФЙ ҳамда «Дуоба» ҚФЙ аҳолиси билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Абдулазиз Аққулов аҳоли вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари билан мулоқотда бўлиб, бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллаларга қаратилаётган эътибор ва олиб борилаётган ислоҳотлар мазмуни ҳар бир оилага кириб бориши лозимлигини таъкидлаб ўтди. Учрашув Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Зомин туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилиб, куннинг биринчи ярмида «Тараққиёт» МФЙ вакиллари билан учрашув ташкил этилиб, бунда аҳоли томонидан билдирилган талаб ва таклифлар, уларни қизиқтирган масала ва муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Учрашувдан сўнг ташкилотчилар томонидан ушбу ҳудудда «Темир дафтар»га киритилган оилалар ҳолидан хабар олинди ва уларнинг ижтимоий ҳолати ўрганилди.

Куннинг иккинчи ярмида «Дуоба» ҚФЙ аҳолиси билан учрашув ташкил этилиб, унда асосан, Зомин тумани туризм салоҳияти юқори ҳудуд ҳисобланганлиги сабабли «Туризм қишлоғи» ва «Туризм маҳалласи» ташкил этилиши масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Бу орқали эса аҳолининг бандлигини таъминлаш, қўшимча иш ўринларини яратиш, уларнинг туризм соҳасидаги билимларини янада мустаҳкамлаш ва хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш бўйича тушунчалар берилди. Бундан ташқари, ўз оилавий тадбиркорлигини бошлаган бир қанча фуқароларга оилавий меҳмон уйларини ташкил этганликлари муносабати билан Жиззах вилоят Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси томонидан сертификатлар ҳам топширилди.