Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев бошчилигидаги Республика Ишчи гуруҳи Пахтакор туманидаги «SILVERLEAFE» МЧЖ лойиҳаси фаолиятини ўрганди.
Умумий қиймати 344 миллион долларга тенг бўлган лойиҳа юз фоиз хорижий инвестиция эвазига 2019-2023 йиллар давомида амалга оширилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳа доирасида йилига 35 минг тонна пахта хомашёсини қайта ишлаш қувватига эга «SILVERLEAFE» МЧЖ кластер корхонаси ишга тушиши билан бу ерда жами 500 дан зиёд янги иш ўрни, шундан 300 та доимий ва 250 та мавсумий иш ўринлари яратилади.
Бугунги кунгача 23 дона юқори унумли ҳайдов тракторлари, 28 дона пахта териш машиналари, 12 дона культиваторлар, 62 дона агрегат ва бошқа техникалар, жами бўлиб 125 дона қишлоқ хўжалиги техникалари олиб келинган.
Ҳозирги кунда пахта териш ишлари давом этяпти. Лойиҳа бўйича кейинги босқичларда тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, пахта чигитидан ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда уруғчиликни ташкил этиш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги матбуот хизмати.