Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Жиззах вилояти бошқармаси кўмаги билан ташкил этилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари – зиёлилар, ёзувчи-шоирлар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, давлат ва нодавлат ташкилотлар масъуллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ёшлар, журналистлар иштирок этди.

Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари С.Раҳмонқулов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Назарқосимов, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист М.Ҳазратқулов ва бошқалар ҳар икки газета ўтган қисқа давр мобайнида катта аудиторияни қамраб олгани, таҳлилий-танқидий мазмундаги мақолалар билан бугунги ислоҳотлар самарадорлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётганини қайд этди.

Маълумки, “Янги Ўзбекистон” газетасининг илк сони 2020 йил 25 январда чоп этилган. Бугунгача унинг 780 дан зиёд сони муштарийлар қўлига етиб борди. Эътиборлиси, ҳафтада беш кун, мамлакат ҳаётига доир муҳим сана ва воқеалар билан боғлиқ ҳолатларда эса етти кун ҳам чиқадиган газета 6 саҳифада, бошдан охиригача рангли чоп этилади. Ҳозир унинг адади 80 мингдан ошади.

Яна бир эътиборли жиҳат. “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан биринчи интервью олган оммавий ахборот воситаси сифатида тарихга муҳрланди.

Таҳририят Ўзбекистондаги энг кекса ва энг ёш нашрларни бирлаштирган. 1917 йилдан буён чоп этиб келинаётган “Правда Востока” газетаси Ўзбекистоннинг амалдаги энг кекса газетаси саналади. У бу йил 105 ёшга тўлди.

Ҳар икки нашр бугун ўз саҳифаларида замонавий тенденциялардан унумли фойдаланиб келмоқда. Жумладан, трансформация жараёни эътиборга молик. Таҳририятда медиаконвергенцияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Янги Ўзбекистон” газетасининг деярли ҳар бир сонида “матн+фото+QR код” форматдаги мақолаларни ўқишингиз, шунингдек, видео орқали кўришингиз мумкин.

“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти ижтимоий тармоқларда ҳам ўз нуфузига эга. Бугунги кунда таҳририятнинг www.yuz.uz расмий сайти, телеграм, фейсбук, инстаграм каби виртуал саҳифалари фаол ва кўп сонли ўқувчиларни қамраб олган.

Ахборотлар, мақолалар, видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда, хусусан, Фейсбук, Инстаграм, Телеграм, Яндекс ва Гугл платформаларида ҳам фаол берилиши бугун “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” нашрлари ҳамда веб-сайтининг мамлакат ва жаҳон ахборот майдонида нуфузи мустаҳкамланишига асос бўлмоқда.

Тадбирда “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Всотока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров Таҳририятнинг вилоятдаги фаол муштарийларига эсдалик совғалари топширди.

Шунингдек, ёшлар ўртасида ҳар икки газета фаолиятига доир блиц саволлар викторинаси ҳам ўтказилди ва фаол иштирок этган йигит-қизларга Таҳририятнинг эсдалик совғалари улашилди.