Бунда уларнинг техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмасликлари натижасида ер ости ўпирилиши муҳим омил бўлмоқда. 2018-2019 йилларда 19 нафар шахс ана шундай вазиятда аянчли ўлим топган.

Маълумотларга кўра, 2018-2019 йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан таркибида олтин моддаси бўлган рудаларни ноқонуний қазиб олиш билан боғлиқ 220 та ҳолат аниқланган, 125 нафар шахсга нисбатан 42 та жиноят иши ҳамда 276 нафар шахсга нисбатан 186 та маъмурий иш қўзғатилган.

Ўғирланган олтинлардан заргарлик буюмлари ясалиб, бозорларда сотилади.

Жумладан, 2019 йилнинг сентябрь ойида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган тезкор тадбир давомида 8,5 млрд сўмлик умумий оғирлиги 11 кг.дан ортиқ заргарлик буюмларининг Ҳиндистонга олиб чиқиб кетилишига чек қўйилди.

Тадбир доирасида тилла буюмларни олиб чиқиб кетаётган 37 нафар йўловчи, шунингдек, жиноий гуруҳнинг 5 нафар ташкилотчиси ҳамда заргарлик буюмлари тайёрлаш ва қимматбаҳо металларга ишлов бериш цехларининг 11 нафар эгалари ушланди.

Жорий йилнинг 1 январидан 10 июнига қадар бўлган давр мобайнида эса ДХХ ва ИИВ саъй-ҳаракатлари билан ноқонуний олтин қазиб олиш билан боғлиқ 65 та ҳолат аниқланди. Хусусан, Навоий вилоятининг Хатирчи туманида 25 та, Томди туманида 11 та, Нурота туманида 5 та, Учқудуқ туманида 4 та, Навбаҳор туманида 2 та, Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида 7та ҳамда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида 11та ҳолат кузатилди. 145 нафар шахс қўлга олиниб, уларга нисбатан 4 та жиноят иши ва 43 та маъмурий иш қўзғатилди.

Тезкор қидирув тадбирлари давомида таркибида «999» пробали, тахминий қиймати 1 млрд сўмлик 2 кг 102 гр. олтин бўлган 98,5 тонна руда мусодара қилинди. Жиноят қуроли сифатида 2 та «Камаз” автомашинаси, 6 та «Нива» автомобили, 3 та «Форд» ва «Газел» микроавтобуслари олиб қўйилди.

Шунингдек, жорий йилнинг дастлабки 5 ойи мобайнида ДХХ ходимларининг ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлари натижасида Тошкент вилоятининг Ангрен ва Олмалиқ шаҳарлари ҳамда Оҳангарон тумани ҳудудларида 26 та ана шундай ҳолат фош этилди. 51 нафар шахс қўлга олиниб, уларга нисбатан 5 та жиноят иши ва 18 та маъмурий иш қўзғатилди.