Кечаси ва эрта тонгда ҳаво 13-16° гача салқинлашди, кундуз кунлари эса ҳарорат 29-32° дан юқорига кўтарилмади, фақат жанубий ҳудудларнинг энг чеккасида 32-35° қийматларига этди.

Ҳафтанинг бошида салқин об-ҳаво сақланиб туради. Бугун кундуз куни ҳарорат 28-33°, эртага 30-35° атрофида бўлади.

Чоршанба кунидан эса салқин ҳаво массаси Ўзбекистон ҳудудидан чекина бошлайди ва унинг ўрнига Эрон ҳудудларидан нисбатан иссиқ об-ҳаво кириб келади.

Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва ҳафтанинг охирига келиб, кечалари 18-20° гача, кундуз кунлари 36-38° гача кўтарилади.

Бундай ҳарорат август ойининг иккинчи ярми учун бўлган ўртача кўп йиллик қийматлардан 2-3° га юқори бўлади. Бироқ шуни қайд этиш жоизки, ушбу даврда Ўзбекистон ҳудудида энг иссиқ йилларда ҳарорат 40-41° гача, жанубда эса 42-44° гача кўтарилган. Биз ҳафта давомида ва кейинчалик ҳам бундай иссиқни кутмаяпмиз.

Республика бўйича ҳафта давомида бироздан ўртачагача бўлган шамоллар билан қуруқ ва асосан кам булутли об-ҳаво сақланиб туради.

Фарғона водийси вилоятларининг айрим тоғли ҳудудларида фақат бугун кечқурун момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.