Президентимиз буни қўллаб-қувватлади ва фармацевтика корхоналари учун янги имкониятларни эълон қилди.
Жорий йил 1 апрелдан бошлаб қаерда жойлашганидан қатъи назар, янги фармацевтика воситалари ишлаб чиқариш, доривор ўсимлик етиштириш ва қайта ишлаш йўналишидаги лойиҳалар бошланганидан эътиборан уч йил муддатга ер солиғидан озод қилинади. Тадбиркорлар лойиҳа ишга тушгандан бошлаб уч йил давомида фойда ва мол-мулк солиқларини тўламайди.
Шу билан бирга, биологик фаол қўшимча ва косметика воситалари ишлаб чиқарувчилари ҳам хомашё, ускуна, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар импорти божидан озод қилинади, фармацевтика корхоналарига ўз линиясида биологик фаол қўшимча ишлаб чиқаришга рухсат берилади.
Бундан буён ҳар йили 1 июлгача маҳаллийлаштириш тавсия этиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати тадбиркорларга эълон қилиб борилади.
Рўйхатдаги дориларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа қилмоқчи бўлган тадбиркорларга хорижий валютада 7 фоизли кредитлар берилади.
Шунингдек, мавжуд маҳсулотлари бўйича маҳаллийлаштиришни чуқурлаштирмоқчи бўлган тадбиркорларга Саноат кооперацияси жамғармасидан 10 йилгача хорижий валютада 6 фоизли, миллий валютада 12 фоизли кредит ажратилади.