Ҳукуматнинг “Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (521-сон, 27.08.2020 й) қабул қилинди.  

Унда кўрсатилишича, 2018-2020 йиллар давомида мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида 2 116 та уй-жойлардан:

350 таси фойдаланишга топширилган;

296 таси ёшлар томонидан рад этилган ва 556 тасининг қурилиши бошланмаган;

2019 йилда 558 та ва 2020 йилда 356 та уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Қарор билан Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган ёш оила сифатида ҳисобга қўйилган ва тавсиянома берилган ёш оилалар учун 2019-2020 йилларда қурилган ёшлар уйлари рўйхати тасдиқланди.

Тегишли ташкилотлар 2020 йил учун ҳисобга қўйилган 356 нафар ёш оилага уй-жой ажратишда уларнинг талабидан келиб чиқиб, шаҳарларда ва қишлоқ жойларида кўп квартирали арзон уй-жойлар қуришнинг асосий параметрларига тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши белгиланди.

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг асосланган ҳисоб-китобига мувофиқ Ислом тараққиёт банкининг кредит линиялари бўйича “Қишлоқ қурилиш инвест ИК” МЧЖ ҳисобрақамларида уй қурувчиларнинг дастлабки бадаллари ҳисобидан жамланган маблағларнинг Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига қайтарилган қисми ҳисобидан:

2019 йилда ёшлар учун қурилган 558 та уйнинг дастлабки бадали учун 30,0 миллиард сўм;

2020 йилда қуриладиган уй-жойлар учун 356 нафар ёш оилага уй-жой қиймати дастлабки бадалининг 65 фоизигача бўлган қисмини молиялаштириш учун 11,6 миллиард сўм маблағларни қўшилган қиймат солиғини қўшган ҳолда ажратиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ёш оилларга уй-жой қийматининг дастлабки бадали сифатида тўланган ссуда ва унга ҳисобланган фоизларни ундириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги марказий аппаратида Ёш оилаларга ажратилган уй-жойлар билан ишлаш бўйича назорат гуруҳи ташкил этилади.