Бунинг учун:

- импорт қилинадиган махсус техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона божидан 3 йилга озод этилади;

- саралаш ва қайта ишлаш техникаси хариди учун 5 йилгача имтиёзли кредитлар ажратилади ва қайта молиялаштириш ставкасидан ошган қисми қоплаб берилади;

- чиқиндини қайта ишлашга қодир кластерларга ер, мол-мулк ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланади;

- кластерларни ташкил этиш тартиби қайта кўриб чиқилади, уларга ўз ҳудудидаги чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини камида 40 фоизга олиб чиқиш талаби қўйилади;

- 1 мартга қадар 51 туман ва шаҳарда хусусий шерикчилик асосида жами 38 та корхона ташкил этиш бўйича танловлар бошланади, йил якунига қадар ушбу ҳудудлар учун 500 та махсус транспорт харид қилинади;

- 1 октябрга қадар ижтимоий муассасалар ва бозорларга 8 мингта, келгуси йил 1 майга қадар 11 мингта контейнер ўрнатилади.

Йиғилишда янги кўп қаватли уй-жойлар лойиҳасида санитар-гигиеник талаблар асосида замонавий чиқинди йиғиш шохобчалари қуриш талаби шаҳарсозлик нормаларига киритилиши зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, ҳудудлар раҳбарларига ресурсини ўтаб бўлган маиший чиқинди полигонларини (жами 165 гектар майдонда 24 та) 1 майга қадар кўмиш чораларини кўриш топширилди.

Мутасаддиларга полигонларни рекультивация қилиш дастурини ишлаб чиқиб, тегишли ишларни бошлашга топшириқ берилди.

Умуман, келгуси йилдан полигонлар ташкил этиш ва уларни ёпишни тартибга солиш бўйича аниқ молиявий манбаларини кўрсатган ҳолда қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Бир ой муддатда Оҳангарон туманида Осиё тараққиёти банки иштирокидаги 30 гектар майдонда полигон ташкил этиш бўйича 17 миллион долларлик лойиҳа доирасидаги қурилишни бошлашга кўрсатма берилди.