Давлат дастурида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига 30 та бандда вазифаларни бажариш юклатилган бўлиб, вазирлик шундан 7 тасида асосий ижрочи, 23 тасида эса ҳамижрочи этиб белгиланган. Айни пайтда 7 та банддан 5 тасининг ижроси таъминланди, бажариш муддати йил якунига қадар бўлган яна 2 та банд ижроси бажарилмоқда. Дастур ижроси юзасидан вазирлик томонидан Президентнинг 3 та, Вазирлар Маҳкамасининг эса 1 та қарори қабул қилинган.
Хусусан, давлат дастурининг 83.4-бандида Наманган тўқимачилик саноати институтини ташкил этиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди. Бу бўйича Президент қарори қабул қилиниб, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб институтда ўқув жараёни бошланиши белгиланди. 86.4-бандда жорий йил давомида электротехника соҳасига кадрлар етказиб беришнинг янгича тизимини йўлга қўйиш, “дуал таълим” дастурини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриш белгиланган.
Жорий ўқув йилидан Тошкент давлат техника университети, Фарғона политехника ва Наманган муҳандислик-технологиялар институтларида Россия Федерацияси ва Беларусь Республикаси билан электротехника соҳаси учун кадрларни дуал таълимга асосланган қўшма таълим дастурлари асосида тайёрлаш йўлга қўйилди.
213-бандда ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий маълумот олиш имкониятини янада кенгайтириш, бунда босқичма-босқич масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Бу борада эса Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилиниб, бугунги кунда 15 та олий таълим муассасасида масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Шунингдек, Давлат дастурининг 214-бандида қабул параметрини шакллантириш ва тасдиқлашни соддалаштириш, ушбу жараёнда олий таълим муассасалари ваколатини кенгайтириш бўйича Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Ушбу топшириқ ижроси бўйича давлатимиз раҳбарининг қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари фақат давлат гранти бўйича тасдиқланиши белгиланди.