4 сентябрь, чоршанба куни АҚШнинг Жоржия штатидаги “Апалачи” ўрта мактабида 14 ёшли ўқувчи ўт очди. Камида тўрт киши ҳалок бўлди, тўққиз киши жароҳат олиб касалхонага ётқизилди, дея хабар беради Жоржия тергов бюроси. Икки нафар ўқувчи ва икки нафар ўқитувчи ҳужум қурбонига айланди.
CNN манбаларининг айтишича, жабрланганлар сони 30 нафарга етиши мумкин, аммо уларнинг қанчаси ўқдан жароҳат олгани номаълум. Шифохонага ётқизилган ўқувчилар ва бир ўқитувчи яшаб кетади, дея хабар бермоқда телеканал Барроу округи шерифига таяниб.
Ҳужум уюштирган шахс Колт Грей эканлиги аниқланиб, қўлга олинди ва қотилликда айбланди. Расмийларга кўра, полиция Уиндер шаҳридаги мактабга отишма бошланганидан бир неча дақиқа ўтиб етиб келган ва ўт очган ўқувчи дарҳол ҳуқуқ-тартибот ходимларига таслим бўлган.
CNN таъкидлаганидек, ўтган йили Грей интернет орқали мактабда отишма содир этиш билан таҳдид қилгани ҳақидаги аноним хабарлар юзасидан полиция томонидан сўроқ қилинган эди. Ўша сўроқ пайтида ўқувчи ўз айбини тан олмади.
Уиндерда хавфсизлик кучайтирилди. GBI раҳбари Крис Хоси Грейнинг шериги борлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигини айтди. Шу билан бирга, Хосининг айтишича, полиция яқин атрофдаги мактабларда бошқа таҳдидлар бор-йўқлигини текширмоқда, деб хабар беради dw.com.