1

 Муддаога ўтишдан аввал Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўз­бекистон халқига йўллаган Мурожаатно­масидаги 2025 йилда ислоҳотлар қатъий давом эттирилиб, иқтисодиёт, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, эко­логия — барча-барча соҳаларни ривожлантиришда улкан ютуқларга эришилди деган таъкидни бир ёдга олсак.

Янги Ўзбекистон етакчиси юрт қайғу­си, халқ фаровонлиги йўлида бир сония ҳам тиним билмай меҳнат қилаётгани ва атрофидаги барча мутасаддилардан ҳам шуни талаб этаётгани гувоҳи бўлиб ту­рибмиз. Давлатимиз раҳбарининг жўшқин кечган 2025 йилдаги фаолият суръати­ни туширмасдан, аксинча, янада юқори босқичга олиб чиқиб, 2026 йилда ҳам давом эттириш мақсади январь ойининг дастлабки кунлариданоқ аён бўлди.

Президентимиз хориж давлатларига сафарлар қилди. Ҳудудларга ташриф буюриб, оддий одамларнинг орзу-истаклари, келгуси режалари билан қизиқди. Уларни ўйлантираётган айрим масалаларга ечим бўладиган янги лойиҳа ва ташаббусларни илгари сурди. Дунёнинг етакчи давлатла­ри раҳбарлари билан учрашув ва қабуллар ўтказди. Умуман, бу ойда ҳам давлатимиз раҳбарининг ишчанлик кайфияти, тиғиз иш куни, изчил фаолияти халқимизга кўтаринкилик бахш этди.

Ана энди муддаога ўтамиз. Биз “Маҳал­лани ривожлантириш ва жамиятни юксал­тириш йили”дан нималар кутамиз, истиқ­бол режамизда мақсадларимиз қай йўсин шаклланган, унда бизнинг иштирокимиз қандай? Бу саволларга янги йилнинг илк сонияларида Президентимиз Ўзбекистон халқига йўллаган табрикда ойдинлик ки­ритилган: “...2026 йилда ҳам барча ис­лоҳотларимиз, саъй-ҳаракатларимиз одамларимиз яхши яшаши ва бизнес учун энг қулай шароитларни яратишга қаратилади. Тажрибали маҳалла раис­лари ва фаоллари, зиёлилар, тадбир­корларимиз, серғайрат ёшларимиз, кенг жамоатчилигимиз, ҳар бир ватан­дошимиз ушбу олижаноб ишларга му­носиб ҳисса қўшади деб ишонаман!”.

Юртимизда кечаётган ислоҳотлар йилдан йилга жадаллашиб, ортга қайтмас тус оляпти. Олдимизда бизни ғоят улкан мақсад ва вази­фалар, машаққатли марралар кутяпти. Пре­зидентимиз Мурожаатномасида қайд этилган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг тако­миллаштирилиши давр талаби, халқ хоҳиш-иродаси ва тараққиёт қонуниятидир. Биз янги Ўзбекистонни бунёд этишдек шарафли ва масъулиятли йўлда собитқадамлик билан олға борар эканмиз, келгуси тараққиётимизга дахл­дор ушбу ҳужжатнинг мукаммал бўлиши, унда ҳар бир юртдошимизнинг орзу-интилишлари акс этиши барчамиздан фаоллик ҳамда фидойилик талаб қилади.

2

Январь ойида янги йил шодиёналарига икки байрам уланиб кетади: 8 январь — Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходим­лари куни ва 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни. Дастлаб Президентимизнинг “Проку­ратура органлари ходимлари куни муносаба­ти билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги, сўнгра “Ўзбекистон Республика­си Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муно­сабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармон­лари эълон қилинди. Унга кўра, бир гуруҳ про­куратура ва ҳарбий соҳа вакиллари Ватанимиз­нинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари уларга байрам табриги йўллади.

Мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини янада мустаҳкамлаш масала­си Хавфсизлик кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 13 январь куни бўлиб ўтган кен­гайтирилган йиғилишида ҳам асосий мавзу бўлди. Унда бу борадаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Олий Бош Қўмондон тинчлик ва хотиржам­лик энг қиммат бойликка айланаётганини бир дақиқа ҳам унутмаслик лозимлигини таъкид­лади. Бу бойликни асраб-авайлаш учун эса ҳар бир соҳа ва тармоқ хавф-хатарларга олдиндан жавоб қайтариш бўйича “проактив иш режи­ми”га ўтиши шартлигини кўрсатиб ўтди.

— Минтақавий ва глобал вазиятни доимий таҳлил қилиб бориш, миллий армиямизнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш — бугунги кун талаби. Ўзбекистон армияси халқ ҳимоясига доимо тайёр туриши, бунинг учун тезкор, юқо­ри технологияли, янги жанг шароитларига мос бўлиши керак, — деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари мудофаа саноатини янада ривожлантириш, соҳа корхоналарида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш устувор вазифалардан бири бўли­ши кераклигини қайд этди.

Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидан сўнг мамлакатимиз етакчиси Чир­чиқ авиация таъмирлаш заводига ташриф буюр­ди. Корхонада амалга оширилган кенг кўламли модернизация натижалари ҳамда унинг янги юқори технологик бўлинмалари фаолияти би­лан танишди. Ташриф якунида мамлакатимиз мудофаа саноати салоҳиятини янада мустаҳкам­лаш бўйича топшириқлар берди.

Шу куни Президентимиз Чирчиқ шаҳрида­ги технопаркда мудофаа саноати корхоналари ва Тошкент вилоятидаги Махсус операциялар кучлари полигони билан танишиб, Мудофаа вазирлиги қўшинларининг комплекс ҳарбий машқларини кузатди.

3

Мамлакатимизда энергия самарадорлигини ошириш, энергетика бозорини ривожлантириш ҳамда газ қазиб олиш ҳажмини кўпайтириш масаласи доим долзарблик касб этиб келган. Айниқса, қиш фаслида бунинг аҳамияти карра­сига ортади.

Давлатимиз раҳбари “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти фаолиятининг келгусидаги вазифалари ва режалари, шунингдек, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда электр энер­гияси таъминотида бозор механизмларини жорий этиш юзасидан тақдимотлар билан та­нишди.

Биринчи тақдимотда “Ўзбекнефтгаз” АЖ олдида турган энг асосий вазифа табиий газ захираларини ошириш ва қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтириш экани қайд этилди. Компания кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 66 миллион куб метрдан 70 миллион куб метр­га кўпайтириш, бу йил камида 25,4 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш чораларини кўри­ши зарурлиги таъкидланди. Нефть-газ соҳаси­да ўғрилик ва коррупция ҳолатларига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратил­ди. Тизимдаги ҳар қандай ноқонуний ҳолатни тезкор аниқлаш ва олдини олиш бўйича сама­рали тизим яратиш вазифаси қўйилди.

Иккинчи тақдимотда қайд этилганидек, Ўзбекистон энг кўп энергия сарфлайдиган мамлакатлар қаторига киради. Хусусан, юрти­мизда биноларнинг якуний энергия истеъмоли­даги улуши қарийб 50 фоизни ташкил этиб, бир квадрат метрга тўғри келадиган энергия сарфи Европа мамлакатларидагига нисбатан бир неча баробар юқори.

Шу боис, ўтган йилда энергия самарадор­лиги соҳасидаги ислоҳотларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида алоҳида агентлик ташкил этилди. Ушбу тузилмага 2030 йилга қадар иқтисодиётда энергия сарфини камида 20 фоиз, давлат идоралари ва ижтимоий объектларда эса 15 фоиз қисқартириш вазифаси юклатилган. Тақдимотда агентликнинг 2026 йилдаги фаолияти режалари кўриб чиқилди.

* * *

Кечиктириб бўлмас вазифалар белгилаб олинган навбатдаги тақдимотда кўп квартира­ли уй-жой фондини бошқариш тизимини тако­миллаштириш ва аҳолига сифатли хизмат кўр­сатишни таъминлашга қаратилган таклифлар кўриб чиқилди.

Бошқарув сервис компаниялари фаолияти барқарорлиги ва самарадорлигини юксалти­риш орқали хизматлар сифатини ошириш, қў­шимча сервис турларини жорий этиш долзарб аҳамиятга эга. Бугунги кунда юртимизда 44 мингдан зиёд кўп квартирали уйда 7,1 миллион аҳоли яшайди. Уларга 900 дан ортиқ бошқарув сервис компанияси ва 200 дан ортиқ ширкат хизмат қилади.

Президентимиз мутасаддиларга қисқа муд­датда соҳанинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, уй-жой мулкдорлари ва бошқарув сервис компаниялари учун бирдек манфаатли, иқтисодий жиҳатдан барқарор ва шаффоф ти­зим яратиш юзасидан топшириқлар берди.

Қурилиш лойиҳалари тақдимот қилинган яна бир йиғилишда давлатимиз раҳбари ту­ризм, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган ишлар билан та­нишди. Лойиҳаларни амалга оширишда сифат, қулайлик ва замонавий талабларга қатъий риоя қилиш, шаҳарсозлик маданиятини юксалти­риш ҳамда аҳоли эҳтиёжларини инобатга олиш муҳимлиги таъкидланди.

15 январь куни бўлиб ўтган, туризм ва маданият соҳасидаги масалалар муҳокама қилинган тақдимотда ҳам халқаро маданий тадбирларнинг натижалари, туризм соҳасини ривожлантириш бўйича навбатдаги вазифалар ҳамда йирик маданият ва туризм объектларини барпо этишга оид масалалар кун тартибидан жой олди. Президентимиз маданият лойиҳа­ларини туризмни ривожлантириш вазифалари билан ўзаро боғлаган ҳолда амалга ошириш, уларнинг иқтисодий барқарорлиги ва сифатли бошқарувини таъминлаш зарурлигини алоҳида қайд этди.

4

Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масала­ларига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида давлатимиз раҳбари мазкур учрашув жаҳонда кескин геосиёсий ўзгаришлар бўлаёт­ган, давлатлар суверенитетига хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган мураккаб бир пайтда ўтаётганини қайд этди. Бундай шароитда ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятни танқидий муҳокама қилиб, Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар ишини янгича ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.

— Очиқ, прагматик, пухта ўйланган ва ташаббускор ташқи сиёсатимиз натижасида Ўзбекистон глобал тинчлик ва дипломатия марказларидан бирига айланиб бормоқда, — деди Президентимиз.

2017 йилдан буён хорижий давлатларда 16 та янги дипломатик ва консуллик ваколат­хонаси очилиб, уларнинг сони 60 тага, дипло­матик алоқа ўрнатилган давлатлар сони эса 165 тага етди. Элчихоналар, консуллик муас­сасалари ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналар штатлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг иш ҳақи оширилга­ни қайд этилди.

Шу билан бирга, “Барча дипломатик вако­латхоналар мавжуд имкониятлардан тўлиқ фой­даланяптими?” деган масала ўртага қўйилди.

— Ҳозирги шароитда элчи дегани фақат сиёсий мулоқот юритувчи шахс эмас. Элчи ин­вестиция ва технология олиб келадиган, янги экспорт бозорларини очадиган, транспорт-ло­гистика йўлакларини ишга соладиган, туристлар оқимини кўпайтириб, қонуний меҳнат миграцияси учун шароит яратадиган, энг асо­сийси, фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қи­ладиган давлат вакилидир, — деди давлатимиз раҳбари.

Шу муносабат билан элчилар учун улар фаолият юритаётган давлатлардан экспорт тушумлари, сайёҳлар оқими ҳамда ушбу мам­лакатларга қонуний меҳнат миграцияси сама­радорлик мезони бўлиши қайд этилди. Иқтисо­дий дипломатияни кучайтириш орқали экспорт ва инвестиция ҳажмини ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

* * *

19 январь куни Ўзбекистон Президенти пойтахтимизда тўхтаган Италия Республика­си Бош вазири Жоржа Мелони билан учрашув ўтказди. Унда икки давлат стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг ама­лий жиҳатлари кўриб чиқилди. Халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.

5

Амалиётдан маълумки, самарали давлат бошқарувида мамлакатдаги аниқ демографик ва ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар алоҳида аҳамият касб этади. Барқарор тараққиёт йўли­дан бораётган янги Ўзбекистон учун бу масала янада долзарб. Ҳар бир давлатни ривожланти­риш истиқболларини белгилашда унда яшовчи аҳолининг сони, турмуш даражаси ва фаро­вонлиги, қишлоқ хўжалиги ҳолатини аниқлаш бирламчи вазифалар қаторида туради.

Бунда рўйхатга олиш муҳим роль ўйнай­ди. Аҳоли сони, ҳудудлар бўйича жойлашу­ви, бандлик таркиби ҳамда ер ресурсларидан фойдаланишнинг реал ҳолати тўғрисида аниқ маълумотга эга давлат қарорларни тахминлар асосида эмас, балки ишончли ва текширилган манбаларга таяниб қабул қилади.

Бугун Ўзбекистонда давом этаётган рўйхат­га олиш тадбирлари жорий йилнинг 15 янва­ридан 28 февралигача икки босқичда ташкил­лаштирилган. Биринчи босқичда фуқаролар махсус ахборот тизими орқали онлайн рўйхат­дан ўтди. Энди иккинчи босқичда 4-28 февраль кунлари “маҳалла еттилиги” ходимлари томо­нидан уйма-уй юриб, саволномалар планшет қурилмалари орқали тўлдирилади.

Мамлакатимиз етакчиси ҳузурида 19 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини таш­кил этиш ҳамда ўтказиш бўйича қилинаётган ишлар юзасидан ахборот берилди. Давлатимиз раҳбари 36 йилда биринчи марта ўтказилаётган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини сифатли ташкиллаштириш, маъ­лумотларнинг ишончлилигини таъминлаш ва улардан қарор қабул қилиш жараёнларида кенг фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.

6

Президентимиз Осиё Олимпия кенгаши­нинг 46-Бош ассамблеясида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Етакчи халқаро ва минтақавий спорт ташкилотлари раҳбарлари ва вакилла­ри, махсус меҳмонлар ва расмийлар ҳузурида давлатимиз раҳбари тобора кучайиб бораётган глобал зиддиятларга қарамай, спорт давлатлар ва халқлар ўртасидаги мулоқот, ўзаро англа­шув ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг универсал воситаси сифатида ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

“Биз ислоҳотларимизнинг илк кунла­риданоқ барча соҳалар қатори жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратдик. Олимпия ҳарака­ти тарғиботини энг қуйи бўғиндан бошлаш ва селекцияни кенгайтириш мақсадида уч босқичли “Президент Олимпиадаси” ком­плекс спорт мусобақалари тизимини йўлга қўйдик. Бу мусобақаларнинг ҳар бир босқи­чига халқаро спорт мезонлари ва талаблари татбиқ қилинди”, деди Президентимиз.

Мамлакатимиз етакчиси янги Ўзбекистон барча давлатлар билан спорт соҳасида кўп қир­рали ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун очиқли­гини, спорт дипломатиясини ривожлантириш ҳамда қўшма ташаббусларни илгари суришга тайёрлигини таъкидлади.

Тадбир якунида Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний олимпия ҳаракатини ривожланти­риш, муҳим спорт ташаббусларини илгари суришга қўшаётган алоҳида ҳиссаси учун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг “Шон-шараф” ордени билан тақдирланди.

Шу куни Президентимиз Осиё Олимпия кенгаши раҳбарияти ва ташкилот Бош ассам­блеяси иштирокчиларини қабул қилди. Уч­рашув аввалида Осиё Олимпия кенгашининг янги сайланган президенти Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний давлатимиз раҳбари­га Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Мамлакатимиз етакчиси Ўзбекистонга халқаро спорт ҳаракатининг ишончли ҳамкори сифатида юксак ишонч билдирилиб, ташкилот ассамблеясини Тошкентда ўтказишга қарор қи­лингани учун миннатдорлик изҳор этди.

* * *

Президентимиз ҳузурида 20 январь куни спорт соҳасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар, йирик мусобақалар натижалари ҳамда 2026 йил учун мўлжалланган вазифалар юзаси­дан тақдимот ўтказилди. Танишув жараёнида давлатимиз раҳбари соҳани янада ривожланти­ришда илмий ёндашувни кучайтириш масала­ларига алоҳида эътибор қаратди. Юқори спорт натижаларига эришиш нафақат инфратузилма ва мусобақалар, балки спорт фанининг барча йўналишларини тизимли ривожлантириш би­лан бевосита боғлиқ эканини таъкидлади.

Тақдимотда жорий йил Италияда бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг иштироки бўйи­ча ҳам ахборот берилди. Президентимиз бел­гиланган вазифаларни тўлиқ ва сифатли бажа­риш, спортни оммалаштириш ҳамда халқаро майдонда барқарор натижаларга эришишни таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

7

Тинчлик борасидаги ташаббусларни қўл­лаб-қувватлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларига айланган. Мамлакати­миз ҳар доим уруш эмас, мулоқот тарафдори бўлиб келган ва можароларни дипломатик йўл билан ҳал этиш, давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш тарафдори сифатида халқаро майдонда эътироф этилган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трампнинг такли­фига биноан 21 январь куни Давос шаҳрида Америка етакчиси ташаббуси билан ташкил этилаётган Тинчлик кенгаши низомини имзо­лаш маросимида иштирок этди. Аввалроқ дав­латимиз раҳбари кенгашга таъсисчи давлат си­фатида қўшилиш таклифини қабул қилган эди.

Тинчлик кенгашининг ташкил этилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг тинчликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари ва кўп қиррали ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифаларига мосдир. Янги тузилма БМТнинг Хавфсизлик Кенга­ши резолюцияси билан қўллаб-қувватланган Ғазо секторидаги можарони тугатиш бўйича комплекс режани амалга ошириш доирасида шакллантирилмоқда. Бу фаровон иқтисодиёт ва тинч-осойишта ҳаётга эга янги Ғазони барпо этиш, истиқболда Фаластин давлатини тузиш имкониятини вужудга келтиради. Кенгаш тар­кибидан жаҳоннинг турли мамлакатларидан нуфузли ва таъсирга эга етакчилар ўрин олди. Кенгаш низомини имзолаб, Ўзбекистон уни таъсис этган давлатлардан бирига айланди.

Тинчлик кенгаши низомини имзолаш ма­росими доирасида давлатимиз раҳбари би­лан Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. Етакчилар дўстона руҳда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Кўп томон­лама, шу жумладан, Туркий давлатлар ташки­лоти доирасидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, мамлакатимиз раҳбари Давос шаҳрига амалий ташрифи доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, “Blackrock” компанияси ди­ректорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлеси билан ҳам учра­шувлар ўтказди.

8

Хастимом даҳаси азалдан эски шаҳарнинг “юраги” ҳисобланади. Сўнгги йилларда бу ерда бажарилган ишлар кўлами нафақат пой­тахт аҳли ва меҳмонлари, шу билан бирга, хо­рижлик сайёҳларнинг ҳам ҳайратларига ҳайрат қўшмоқда. Ҳудуд асрлар давомида шаклланган тарихий қиёфаси, миллий меъморлик анъаналари ва ҳунармандлик руҳи билан ажралиб туради. Айниқса, бу ерда қад ростлаган Ислом цивилизацияси маркази ва унга ёндош маҳал­лалардаги ободонлаштириш ишлари шахсан давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори ҳамда назоратида бўлди.

Президентимиз 23 январь куни Зарқайнар кўчасида ташкил этилган туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан таниш­ди. Миллий меъморий услубда таъмирланган хонадонлар, обод кўчалар ва аҳоли учун яра­тилган шароитларни кўздан кечирди. Шу ерда истиқомат қилаётган оилалар, сайёҳлар, ҳунар­мандлар билан самимий суҳбатлашди.

— Биз сайёҳлар учун шароит яратишни ис­таймиз, лекин бунинг асосини ҳам тўғри йўл­га қўйишимиз керак. Масалан, ҳунармандлик — миллийлигимизни ифодалайдиган асосий йўналишлардан бири. Шу боис, ҳунармандлар­га маҳсулот ишлаб чиқариши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериш бизнинг ва­зифамиз. Малакали кадрлар тайёрлаш зарур. Шу мақсадда ҳунармандлар университетини ташкил этиш мақсадга мувофиқ, — деди Пре­зидентимиз.

Мутасаддиларга туризм ва хизмат кўрса­тиш соҳаларидаги ишларни янада такомил­лаштириш, маҳаллалардаги тарихий муҳитни асраб-авайлаган ҳолда иқтисодий фаолликни ошириш, энг муҳими, одамлар манфаатига хиз­мат қиладиган барқарор тизимни шаклланти­риш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Шу куни давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асо­сий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғи­лишида жорий йил учун 1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оила­ни камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингтага етказиш, ишсизлик ва камбағал­лик даражасини 4,5 фоизга тушириш каби кўплаб вазифалар белгилаб олинди.

Президентимиз Олмазор туманидаги “Sinomed” кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти билан ҳам танишди. Кўп тармоқли тиббиёт марказида кўрсатилаётган хизматлар, беморлар учун яратилган имкониятлар, жум­ладан, амбулатор шароитда даволаш хоналари билан танишди.

9

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 27 январь куни Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳит­ни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизли­гини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Давлати­миз раҳбари Тошкент шаҳри республиканинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий маркази си­фатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаганини, пойтахтда иқтисодий ривожланиш даражаси сезиларли ошганини таъкидлади.

Ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда асосий бўғин — маҳалла профилакти­каси. Бироқ Тошкент шаҳридаги профилактика хизматларининг иши тўғри ташкил этилмагани учун муаммолар тўпланиб қолгани қайд этил­ди.

Мутасаддиларга ички ишлар органлари­нинг аҳоли билан бевосита ишловчи, жамоат хавфсизлиги ва жиноятчиликка қарши кура­шувчи тузилмаларини янги тизимга ўтказиш бўйича фармон лойиҳасини киритиш топши­рилди. Ушбу бўлинмалар учун хизматни ўташ, муомала маданияти, тезкор ҳаракатланиш, куч ва қурол ишлатиш бўйича ягона стандартлар жорий этилиб, улар сервис тузилмага айлани­ши белгиланди.

Шу куни Президентимиз Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги қўриқлаш хизмати фаолияти билан танишди. Хизмат биноси ҳовлисида хизматда қўлланила­ётган махсус техника воситалари, дронлар манёври, жамоат тартибини сақлашга жалб этила­диган транспорт воситаларини кўздан кечирди.

Сўнг қўриқлаш техникаси воситаларининг кўргазмали тақдимоти билан танишилди. Бу ерда “Хавфсиз шаҳар” концепциясини жорий этиш ва уни изчил ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича ахборот берилди.

Ички ишлар ва қўриқлаш хизмати ишла­рини маҳалладан бошлаш, хонадонларнинг ҳолатини ўрганиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Тошкент мегаполис шаҳар эканини инобатга олган ҳолда қонунбузарлик ва жиноят омил­ларини мунтазам таҳлил қилиш кераклигига эътибор қаратилди.

10

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Тур­кия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған таклифига биноан 29 январь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Анқара шаҳридаги Президент саройида икки мамлакат етакчиларининг тор доирадаги учра­шуви бўлиб ўтди.

Сўнг биринчи раҳбарлар раислигида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Томонлар сиёсий мулоқот жадал ривожланаётгани, халқаро масалалар юзасидан томонларнинг позиция­си ўхшаш экани мамнуният билан қайд этди. Йиғилиш якунида икки давлат ҳукуматларига қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топши­рилди.

Президентлар Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши якунлари бўйича қўшма баёнот ҳамда Кенг қамровли стратегик шериклик доирасидаги ҳамкорлик механизмлари тўғрисидаги қарор­ни имзолади. Бундан ташқари, кўп қиррали шерикликнинг турли йўналишларини қамраб олувчи икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Расмий ташриф доирасида Ҳатай вилоя­тида мамлакатимиз томонидан барпо этилган “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг очи­лиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Туркия етакчилари иштирок этди. Давлатимиз раҳбари уч йил олдин содир бўлган вайронкор зилзила қардош турк халқи учун оғир синов бўлганини таъкидлади.

Ўзбекистон ушбу фожиали даврнинг даст­лабки кунлариданоқ Туркияга ҳар томонлама ёрдам кўрсатди. Қисқа муддатда вилоятнинг Арсуз туманида 300 дан зиёд тўлиқ жиҳозлан­ган хонадон, жами 24 та кўп қаватли уйдан ибо­рат, барча зарур инфратузилмага эга замонавий турар жой мажмуасини барпо этди.

Туркия Президенти ушбу мажмуа нафақат жабрланган оилалар учун янги уй, балки ўз­бек ва турк халқлари ўртасидаги абадий дўст­ликнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлади. Давлат раҳбарлари янги хонадонлар калитла­рини уларнинг эгаларига тантанали равишда топширди.

Шунингдек, Президентлар Истанбулнинг Бекиркёй туманида ўзбек мактаби қурилишини бошлаб берди. Мазкур даргоҳ Ўзбекистоннинг хориждаги биринчи таълим муассасаси бўла­ди. Янги ўқув маскани Туркияда яшовчи ўзбек оилалари фарзандларига ўз она тилида таълим олиш билан бирга миллий қадриятлар, мада­ният ва анъаналарни сақлаб қолиш имконини беради.

11

Мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар ҳақида “Янги Ўзбекистон” газе­тасида мунтазам мақолалар берилади. Кўзга кўринган мутахассис ва мутасаддилар, таниқ­ли экспертлар, сиёсатчию иқтисодчиларнинг ҳар бир чиқиши таҳлиллару таққосларга бой. Ўтган йилдан бошлаб эса давлатимиз раҳбари­нинг фаолияти — учрашув, қабул, ҳудуд ва хо­рижга ташрифлари, тақдимот ва видеоселектор йиғилишлари моҳияти, халқаро тадбирлардаги нутқлари, имзоланган ҳужжатлари мазмунини ойлар кесимида ёритиб боришга ҳаракат қиляпмиз.

Лекин ҳар сафар “Ой сарҳисоби” рукни учун тайёрланадиган мақоламизга Прези­дентимизнинг кўлами, қамрови ва суръати билан катта-катта тадқиқот ва китобларга жо бўладиган фаолиятининг барча эпизодлари­ни қамраб олишнинг иложини тополмаймиз. Газета ҳажми ва имкониятлари бунга изн бермайди. Тақдимотлар, йиғилиш ва қабул­лар ҳақида ахборотнинг ҳаммаси ҳам битта мақолага сиғмайди.

Бу сафар ҳам шундай бўлди.

 

Нодир МАҲМУДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири