1
Муддаога ўтишдан аввал Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасидаги 2025 йилда ислоҳотлар қатъий давом эттирилиб, иқтисодиёт, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология — барча-барча соҳаларни ривожлантиришда улкан ютуқларга эришилди деган таъкидни бир ёдга олсак.
Янги Ўзбекистон етакчиси юрт қайғуси, халқ фаровонлиги йўлида бир сония ҳам тиним билмай меҳнат қилаётгани ва атрофидаги барча мутасаддилардан ҳам шуни талаб этаётгани гувоҳи бўлиб турибмиз. Давлатимиз раҳбарининг жўшқин кечган 2025 йилдаги фаолият суръатини туширмасдан, аксинча, янада юқори босқичга олиб чиқиб, 2026 йилда ҳам давом эттириш мақсади январь ойининг дастлабки кунлариданоқ аён бўлди.
Президентимиз хориж давлатларига сафарлар қилди. Ҳудудларга ташриф буюриб, оддий одамларнинг орзу-истаклари, келгуси режалари билан қизиқди. Уларни ўйлантираётган айрим масалаларга ечим бўладиган янги лойиҳа ва ташаббусларни илгари сурди. Дунёнинг етакчи давлатлари раҳбарлари билан учрашув ва қабуллар ўтказди. Умуман, бу ойда ҳам давлатимиз раҳбарининг ишчанлик кайфияти, тиғиз иш куни, изчил фаолияти халқимизга кўтаринкилик бахш этди.
Ана энди муддаога ўтамиз. Биз “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”дан нималар кутамиз, истиқбол режамизда мақсадларимиз қай йўсин шаклланган, унда бизнинг иштирокимиз қандай? Бу саволларга янги йилнинг илк сонияларида Президентимиз Ўзбекистон халқига йўллаган табрикда ойдинлик киритилган: “...2026 йилда ҳам барча ислоҳотларимиз, саъй-ҳаракатларимиз одамларимиз яхши яшаши ва бизнес учун энг қулай шароитларни яратишга қаратилади. Тажрибали маҳалла раислари ва фаоллари, зиёлилар, тадбиркорларимиз, серғайрат ёшларимиз, кенг жамоатчилигимиз, ҳар бир ватандошимиз ушбу олижаноб ишларга муносиб ҳисса қўшади деб ишонаман!”.
Юртимизда кечаётган ислоҳотлар йилдан йилга жадаллашиб, ортга қайтмас тус оляпти. Олдимизда бизни ғоят улкан мақсад ва вазифалар, машаққатли марралар кутяпти. Президентимиз Мурожаатномасида қайд этилган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг такомиллаштирилиши давр талаби, халқ хоҳиш-иродаси ва тараққиёт қонуниятидир. Биз янги Ўзбекистонни бунёд этишдек шарафли ва масъулиятли йўлда собитқадамлик билан олға борар эканмиз, келгуси тараққиётимизга дахлдор ушбу ҳужжатнинг мукаммал бўлиши, унда ҳар бир юртдошимизнинг орзу-интилишлари акс этиши барчамиздан фаоллик ҳамда фидойилик талаб қилади.
2
Январь ойида янги йил шодиёналарига икки байрам уланиб кетади: 8 январь — Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни ва 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни. Дастлаб Президентимизнинг “Прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги, сўнгра “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонлари эълон қилинди. Унга кўра, бир гуруҳ прокуратура ва ҳарбий соҳа вакиллари Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари уларга байрам табриги йўллади.
Мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини янада мустаҳкамлаш масаласи Хавфсизлик кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 13 январь куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида ҳам асосий мавзу бўлди. Унда бу борадаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Олий Бош Қўмондон тинчлик ва хотиржамлик энг қиммат бойликка айланаётганини бир дақиқа ҳам унутмаслик лозимлигини таъкидлади. Бу бойликни асраб-авайлаш учун эса ҳар бир соҳа ва тармоқ хавф-хатарларга олдиндан жавоб қайтариш бўйича “проактив иш режими”га ўтиши шартлигини кўрсатиб ўтди.
— Минтақавий ва глобал вазиятни доимий таҳлил қилиб бориш, миллий армиямизнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш — бугунги кун талаби. Ўзбекистон армияси халқ ҳимоясига доимо тайёр туриши, бунинг учун тезкор, юқори технологияли, янги жанг шароитларига мос бўлиши керак, — деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари мудофаа саноатини янада ривожлантириш, соҳа корхоналарида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш устувор вазифалардан бири бўлиши кераклигини қайд этди.
Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидан сўнг мамлакатимиз етакчиси Чирчиқ авиация таъмирлаш заводига ташриф буюрди. Корхонада амалга оширилган кенг кўламли модернизация натижалари ҳамда унинг янги юқори технологик бўлинмалари фаолияти билан танишди. Ташриф якунида мамлакатимиз мудофаа саноати салоҳиятини янада мустаҳкамлаш бўйича топшириқлар берди.
Шу куни Президентимиз Чирчиқ шаҳридаги технопаркда мудофаа саноати корхоналари ва Тошкент вилоятидаги Махсус операциялар кучлари полигони билан танишиб, Мудофаа вазирлиги қўшинларининг комплекс ҳарбий машқларини кузатди.
3
Мамлакатимизда энергия самарадорлигини ошириш, энергетика бозорини ривожлантириш ҳамда газ қазиб олиш ҳажмини кўпайтириш масаласи доим долзарблик касб этиб келган. Айниқса, қиш фаслида бунинг аҳамияти каррасига ортади.
Давлатимиз раҳбари “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти фаолиятининг келгусидаги вазифалари ва режалари, шунингдек, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда электр энергияси таъминотида бозор механизмларини жорий этиш юзасидан тақдимотлар билан танишди.
Биринчи тақдимотда “Ўзбекнефтгаз” АЖ олдида турган энг асосий вазифа табиий газ захираларини ошириш ва қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтириш экани қайд этилди. Компания кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 66 миллион куб метрдан 70 миллион куб метрга кўпайтириш, бу йил камида 25,4 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш чораларини кўриши зарурлиги таъкидланди. Нефть-газ соҳасида ўғрилик ва коррупция ҳолатларига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Тизимдаги ҳар қандай ноқонуний ҳолатни тезкор аниқлаш ва олдини олиш бўйича самарали тизим яратиш вазифаси қўйилди.
Иккинчи тақдимотда қайд этилганидек, Ўзбекистон энг кўп энергия сарфлайдиган мамлакатлар қаторига киради. Хусусан, юртимизда биноларнинг якуний энергия истеъмолидаги улуши қарийб 50 фоизни ташкил этиб, бир квадрат метрга тўғри келадиган энергия сарфи Европа мамлакатларидагига нисбатан бир неча баробар юқори.
Шу боис, ўтган йилда энергия самарадорлиги соҳасидаги ислоҳотларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида алоҳида агентлик ташкил этилди. Ушбу тузилмага 2030 йилга қадар иқтисодиётда энергия сарфини камида 20 фоиз, давлат идоралари ва ижтимоий объектларда эса 15 фоиз қисқартириш вазифаси юклатилган. Тақдимотда агентликнинг 2026 йилдаги фаолияти режалари кўриб чиқилди.
* * *
Кечиктириб бўлмас вазифалар белгилаб олинган навбатдаги тақдимотда кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминлашга қаратилган таклифлар кўриб чиқилди.
Бошқарув сервис компаниялари фаолияти барқарорлиги ва самарадорлигини юксалтириш орқали хизматлар сифатини ошириш, қўшимча сервис турларини жорий этиш долзарб аҳамиятга эга. Бугунги кунда юртимизда 44 мингдан зиёд кўп квартирали уйда 7,1 миллион аҳоли яшайди. Уларга 900 дан ортиқ бошқарув сервис компанияси ва 200 дан ортиқ ширкат хизмат қилади.
Президентимиз мутасаддиларга қисқа муддатда соҳанинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, уй-жой мулкдорлари ва бошқарув сервис компаниялари учун бирдек манфаатли, иқтисодий жиҳатдан барқарор ва шаффоф тизим яратиш юзасидан топшириқлар берди.
Қурилиш лойиҳалари тақдимот қилинган яна бир йиғилишда давлатимиз раҳбари туризм, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган ишлар билан танишди. Лойиҳаларни амалга оширишда сифат, қулайлик ва замонавий талабларга қатъий риоя қилиш, шаҳарсозлик маданиятини юксалтириш ҳамда аҳоли эҳтиёжларини инобатга олиш муҳимлиги таъкидланди.
15 январь куни бўлиб ўтган, туризм ва маданият соҳасидаги масалалар муҳокама қилинган тақдимотда ҳам халқаро маданий тадбирларнинг натижалари, туризм соҳасини ривожлантириш бўйича навбатдаги вазифалар ҳамда йирик маданият ва туризм объектларини барпо этишга оид масалалар кун тартибидан жой олди. Президентимиз маданият лойиҳаларини туризмни ривожлантириш вазифалари билан ўзаро боғлаган ҳолда амалга ошириш, уларнинг иқтисодий барқарорлиги ва сифатли бошқарувини таъминлаш зарурлигини алоҳида қайд этди.
4
Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида давлатимиз раҳбари мазкур учрашув жаҳонда кескин геосиёсий ўзгаришлар бўлаётган, давлатлар суверенитетига хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган мураккаб бир пайтда ўтаётганини қайд этди. Бундай шароитда ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятни танқидий муҳокама қилиб, Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар ишини янгича ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.
— Очиқ, прагматик, пухта ўйланган ва ташаббускор ташқи сиёсатимиз натижасида Ўзбекистон глобал тинчлик ва дипломатия марказларидан бирига айланиб бормоқда, — деди Президентимиз.
2017 йилдан буён хорижий давлатларда 16 та янги дипломатик ва консуллик ваколатхонаси очилиб, уларнинг сони 60 тага, дипломатик алоқа ўрнатилган давлатлар сони эса 165 тага етди. Элчихоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналар штатлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг иш ҳақи оширилгани қайд этилди.
Шу билан бирга, “Барча дипломатик ваколатхоналар мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланяптими?” деган масала ўртага қўйилди.
— Ҳозирги шароитда элчи дегани фақат сиёсий мулоқот юритувчи шахс эмас. Элчи инвестиция ва технология олиб келадиган, янги экспорт бозорларини очадиган, транспорт-логистика йўлакларини ишга соладиган, туристлар оқимини кўпайтириб, қонуний меҳнат миграцияси учун шароит яратадиган, энг асосийси, фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган давлат вакилидир, — деди давлатимиз раҳбари.
Шу муносабат билан элчилар учун улар фаолият юритаётган давлатлардан экспорт тушумлари, сайёҳлар оқими ҳамда ушбу мамлакатларга қонуний меҳнат миграцияси самарадорлик мезони бўлиши қайд этилди. Иқтисодий дипломатияни кучайтириш орқали экспорт ва инвестиция ҳажмини ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
* * *
19 январь куни Ўзбекистон Президенти пойтахтимизда тўхтаган Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони билан учрашув ўтказди. Унда икки давлат стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди. Халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.
5
Амалиётдан маълумки, самарали давлат бошқарувида мамлакатдаги аниқ демографик ва ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар алоҳида аҳамият касб этади. Барқарор тараққиёт йўлидан бораётган янги Ўзбекистон учун бу масала янада долзарб. Ҳар бир давлатни ривожлантириш истиқболларини белгилашда унда яшовчи аҳолининг сони, турмуш даражаси ва фаровонлиги, қишлоқ хўжалиги ҳолатини аниқлаш бирламчи вазифалар қаторида туради.
Бунда рўйхатга олиш муҳим роль ўйнайди. Аҳоли сони, ҳудудлар бўйича жойлашуви, бандлик таркиби ҳамда ер ресурсларидан фойдаланишнинг реал ҳолати тўғрисида аниқ маълумотга эга давлат қарорларни тахминлар асосида эмас, балки ишончли ва текширилган манбаларга таяниб қабул қилади.
Бугун Ўзбекистонда давом этаётган рўйхатга олиш тадбирлари жорий йилнинг 15 январидан 28 февралигача икки босқичда ташкиллаштирилган. Биринчи босқичда фуқаролар махсус ахборот тизими орқали онлайн рўйхатдан ўтди. Энди иккинчи босқичда 4-28 февраль кунлари “маҳалла еттилиги” ходимлари томонидан уйма-уй юриб, саволномалар планшет қурилмалари орқали тўлдирилади.
Мамлакатимиз етакчиси ҳузурида 19 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича қилинаётган ишлар юзасидан ахборот берилди. Давлатимиз раҳбари 36 йилда биринчи марта ўтказилаётган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини сифатли ташкиллаштириш, маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш ва улардан қарор қабул қилиш жараёнларида кенг фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.
6
Президентимиз Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеясида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Етакчи халқаро ва минтақавий спорт ташкилотлари раҳбарлари ва вакиллари, махсус меҳмонлар ва расмийлар ҳузурида давлатимиз раҳбари тобора кучайиб бораётган глобал зиддиятларга қарамай, спорт давлатлар ва халқлар ўртасидаги мулоқот, ўзаро англашув ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг универсал воситаси сифатида ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.
“Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ барча соҳалар қатори жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратдик. Олимпия ҳаракати тарғиботини энг қуйи бўғиндан бошлаш ва селекцияни кенгайтириш мақсадида уч босқичли “Президент Олимпиадаси” комплекс спорт мусобақалари тизимини йўлга қўйдик. Бу мусобақаларнинг ҳар бир босқичига халқаро спорт мезонлари ва талаблари татбиқ қилинди”, деди Президентимиз.
Мамлакатимиз етакчиси янги Ўзбекистон барча давлатлар билан спорт соҳасида кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун очиқлигини, спорт дипломатиясини ривожлантириш ҳамда қўшма ташаббусларни илгари суришга тайёрлигини таъкидлади.
Тадбир якунида Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний олимпия ҳаракатини ривожлантириш, муҳим спорт ташаббусларини илгари суришга қўшаётган алоҳида ҳиссаси учун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг “Шон-шараф” ордени билан тақдирланди.
Шу куни Президентимиз Осиё Олимпия кенгаши раҳбарияти ва ташкилот Бош ассамблеяси иштирокчиларини қабул қилди. Учрашув аввалида Осиё Олимпия кенгашининг янги сайланган президенти Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний давлатимиз раҳбарига Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Мамлакатимиз етакчиси Ўзбекистонга халқаро спорт ҳаракатининг ишончли ҳамкори сифатида юксак ишонч билдирилиб, ташкилот ассамблеясини Тошкентда ўтказишга қарор қилингани учун миннатдорлик изҳор этди.
* * *
Президентимиз ҳузурида 20 январь куни спорт соҳасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар, йирик мусобақалар натижалари ҳамда 2026 йил учун мўлжалланган вазифалар юзасидан тақдимот ўтказилди. Танишув жараёнида давлатимиз раҳбари соҳани янада ривожлантиришда илмий ёндашувни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Юқори спорт натижаларига эришиш нафақат инфратузилма ва мусобақалар, балки спорт фанининг барча йўналишларини тизимли ривожлантириш билан бевосита боғлиқ эканини таъкидлади.
Тақдимотда жорий йил Италияда бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг иштироки бўйича ҳам ахборот берилди. Президентимиз белгиланган вазифаларни тўлиқ ва сифатли бажариш, спортни оммалаштириш ҳамда халқаро майдонда барқарор натижаларга эришишни таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
7
Тинчлик борасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларига айланган. Мамлакатимиз ҳар доим уруш эмас, мулоқот тарафдори бўлиб келган ва можароларни дипломатик йўл билан ҳал этиш, давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш тарафдори сифатида халқаро майдонда эътироф этилган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 21 январь куни Давос шаҳрида Америка етакчиси ташаббуси билан ташкил этилаётган Тинчлик кенгаши низомини имзолаш маросимида иштирок этди. Аввалроқ давлатимиз раҳбари кенгашга таъсисчи давлат сифатида қўшилиш таклифини қабул қилган эди.
Тинчлик кенгашининг ташкил этилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг тинчликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари ва кўп қиррали ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифаларига мосдир. Янги тузилма БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан қўллаб-қувватланган Ғазо секторидаги можарони тугатиш бўйича комплекс режани амалга ошириш доирасида шакллантирилмоқда. Бу фаровон иқтисодиёт ва тинч-осойишта ҳаётга эга янги Ғазони барпо этиш, истиқболда Фаластин давлатини тузиш имкониятини вужудга келтиради. Кенгаш таркибидан жаҳоннинг турли мамлакатларидан нуфузли ва таъсирга эга етакчилар ўрин олди. Кенгаш низомини имзолаб, Ўзбекистон уни таъсис этган давлатлардан бирига айланди.
Тинчлик кенгаши низомини имзолаш маросими доирасида давлатимиз раҳбари билан Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. Етакчилар дўстона руҳда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Кўп томонлама, шу жумладан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, мамлакатимиз раҳбари Давос шаҳрига амалий ташрифи доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, “Blackrock” компанияси директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлеси билан ҳам учрашувлар ўтказди.
8
Хастимом даҳаси азалдан эски шаҳарнинг “юраги” ҳисобланади. Сўнгги йилларда бу ерда бажарилган ишлар кўлами нафақат пойтахт аҳли ва меҳмонлари, шу билан бирга, хорижлик сайёҳларнинг ҳам ҳайратларига ҳайрат қўшмоқда. Ҳудуд асрлар давомида шаклланган тарихий қиёфаси, миллий меъморлик анъаналари ва ҳунармандлик руҳи билан ажралиб туради. Айниқса, бу ерда қад ростлаган Ислом цивилизацияси маркази ва унга ёндош маҳаллалардаги ободонлаштириш ишлари шахсан давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори ҳамда назоратида бўлди.
Президентимиз 23 январь куни Зарқайнар кўчасида ташкил этилган туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишди. Миллий меъморий услубда таъмирланган хонадонлар, обод кўчалар ва аҳоли учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Шу ерда истиқомат қилаётган оилалар, сайёҳлар, ҳунармандлар билан самимий суҳбатлашди.
— Биз сайёҳлар учун шароит яратишни истаймиз, лекин бунинг асосини ҳам тўғри йўлга қўйишимиз керак. Масалан, ҳунармандлик — миллийлигимизни ифодалайдиган асосий йўналишлардан бири. Шу боис, ҳунармандларга маҳсулот ишлаб чиқариши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериш бизнинг вазифамиз. Малакали кадрлар тайёрлаш зарур. Шу мақсадда ҳунармандлар университетини ташкил этиш мақсадга мувофиқ, — деди Президентимиз.
Мутасаддиларга туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ишларни янада такомиллаштириш, маҳаллалардаги тарихий муҳитни асраб-авайлаган ҳолда иқтисодий фаолликни ошириш, энг муҳими, одамлар манфаатига хизмат қиладиган барқарор тизимни шакллантириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Шу куни давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида жорий йил учун 1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингтага етказиш, ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизга тушириш каби кўплаб вазифалар белгилаб олинди.
Президентимиз Олмазор туманидаги “Sinomed” кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти билан ҳам танишди. Кўп тармоқли тиббиёт марказида кўрсатилаётган хизматлар, беморлар учун яратилган имкониятлар, жумладан, амбулатор шароитда даволаш хоналари билан танишди.
9
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 27 январь куни Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри республиканинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаганини, пойтахтда иқтисодий ривожланиш даражаси сезиларли ошганини таъкидлади.
Ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда асосий бўғин — маҳалла профилактикаси. Бироқ Тошкент шаҳридаги профилактика хизматларининг иши тўғри ташкил этилмагани учун муаммолар тўпланиб қолгани қайд этилди.
Мутасаддиларга ички ишлар органларининг аҳоли билан бевосита ишловчи, жамоат хавфсизлиги ва жиноятчиликка қарши курашувчи тузилмаларини янги тизимга ўтказиш бўйича фармон лойиҳасини киритиш топширилди. Ушбу бўлинмалар учун хизматни ўташ, муомала маданияти, тезкор ҳаракатланиш, куч ва қурол ишлатиш бўйича ягона стандартлар жорий этилиб, улар сервис тузилмага айланиши белгиланди.
Шу куни Президентимиз Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги қўриқлаш хизмати фаолияти билан танишди. Хизмат биноси ҳовлисида хизматда қўлланилаётган махсус техника воситалари, дронлар манёври, жамоат тартибини сақлашга жалб этиладиган транспорт воситаларини кўздан кечирди.
Сўнг қўриқлаш техникаси воситаларининг кўргазмали тақдимоти билан танишилди. Бу ерда “Хавфсиз шаҳар” концепциясини жорий этиш ва уни изчил ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича ахборот берилди.
Ички ишлар ва қўриқлаш хизмати ишларини маҳалладан бошлаш, хонадонларнинг ҳолатини ўрганиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Тошкент мегаполис шаҳар эканини инобатга олган ҳолда қонунбузарлик ва жиноят омилларини мунтазам таҳлил қилиш кераклигига эътибор қаратилди.
10
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған таклифига биноан 29 январь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Анқара шаҳридаги Президент саройида икки мамлакат етакчиларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Сўнг биринчи раҳбарлар раислигида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Томонлар сиёсий мулоқот жадал ривожланаётгани, халқаро масалалар юзасидан томонларнинг позицияси ўхшаш экани мамнуният билан қайд этди. Йиғилиш якунида икки давлат ҳукуматларига қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди.
Президентлар Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши якунлари бўйича қўшма баёнот ҳамда Кенг қамровли стратегик шериклик доирасидаги ҳамкорлик механизмлари тўғрисидаги қарорни имзолади. Бундан ташқари, кўп қиррали шерикликнинг турли йўналишларини қамраб олувчи икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланди.
Расмий ташриф доирасида Ҳатай вилоятида мамлакатимиз томонидан барпо этилган “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Туркия етакчилари иштирок этди. Давлатимиз раҳбари уч йил олдин содир бўлган вайронкор зилзила қардош турк халқи учун оғир синов бўлганини таъкидлади.
Ўзбекистон ушбу фожиали даврнинг дастлабки кунлариданоқ Туркияга ҳар томонлама ёрдам кўрсатди. Қисқа муддатда вилоятнинг Арсуз туманида 300 дан зиёд тўлиқ жиҳозланган хонадон, жами 24 та кўп қаватли уйдан иборат, барча зарур инфратузилмага эга замонавий турар жой мажмуасини барпо этди.
Туркия Президенти ушбу мажмуа нафақат жабрланган оилалар учун янги уй, балки ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги абадий дўстликнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлади. Давлат раҳбарлари янги хонадонлар калитларини уларнинг эгаларига тантанали равишда топширди.
Шунингдек, Президентлар Истанбулнинг Бекиркёй туманида ўзбек мактаби қурилишини бошлаб берди. Мазкур даргоҳ Ўзбекистоннинг хориждаги биринчи таълим муассасаси бўлади. Янги ўқув маскани Туркияда яшовчи ўзбек оилалари фарзандларига ўз она тилида таълим олиш билан бирга миллий қадриятлар, маданият ва анъаналарни сақлаб қолиш имконини беради.
11
Мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар ҳақида “Янги Ўзбекистон” газетасида мунтазам мақолалар берилади. Кўзга кўринган мутахассис ва мутасаддилар, таниқли экспертлар, сиёсатчию иқтисодчиларнинг ҳар бир чиқиши таҳлиллару таққосларга бой. Ўтган йилдан бошлаб эса давлатимиз раҳбарининг фаолияти — учрашув, қабул, ҳудуд ва хорижга ташрифлари, тақдимот ва видеоселектор йиғилишлари моҳияти, халқаро тадбирлардаги нутқлари, имзоланган ҳужжатлари мазмунини ойлар кесимида ёритиб боришга ҳаракат қиляпмиз.
Лекин ҳар сафар “Ой сарҳисоби” рукни учун тайёрланадиган мақоламизга Президентимизнинг кўлами, қамрови ва суръати билан катта-катта тадқиқот ва китобларга жо бўладиган фаолиятининг барча эпизодларини қамраб олишнинг иложини тополмаймиз. Газета ҳажми ва имкониятлари бунга изн бермайди. Тақдимотлар, йиғилиш ва қабуллар ҳақида ахборотнинг ҳаммаси ҳам битта мақолага сиғмайди.
Бу сафар ҳам шундай бўлди.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири