Даволаш муассасаларига қўйилган талаблар енгиллаштирилди. Эндиликда клиникалар ҳудуди атрофи ўралиши ва қўриқланиши, багаж сақлаш учун хона мавжуд бўлиши, вақтинчалик фойдаланиш учун инвентарлар тақдим қилиш талаблари бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 15 октябрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунининг 25-моддасига мувофиқ меҳмонхона ва ўхшаш жойлаштириш воситаларида ногиронлар учун шароитлари бўлган камида битта хонанинг мавжуд бўлиши ҳамда хонани жиҳозлаш бўйича талаблар киритилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг2020 йил 10 июлдаги 433-сонли қарори билан тасдиқланган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳолатларнинг мамлакат туризм соҳасига салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси”га мувофиқ ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш ва улар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида меҳмонхона ва ўхшаш жойлаштириш воситаларида електрон дастур билан интеграциялашган електрон калитли (пластик магнит карта) електрон қулфлар ва “Хавфсиз туризм” ва “Хавфсиз шаҳар” тизимлари билан интеграциялашган видеокузатув тизимларини мавжуд бўлиши талаблари жорий қилинди. Ушбу талаблар 2022 йил 3 январдан амалда кучга киради.

Юқоридаги қарорга мувофиқ, меҳмонхоналарда мижозларга қўшимча қулайлик яратиш, ҳамда қўшимча пул тушумини ошириш мақсадида уч ва ундан юқори тоифали меҳмонхоналарда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган дўконлар ва савдо шаҳобчаларини ташкил қилиш талаби ҳам жорий қилинди.

Ўз ДСт 3220:2017 давлат стандартига киритилган ўзгартиришлар2021 йил 3 июлдан, Ўз ДСт 3296:2018 давлат стандартига киритилган ўзгартиришлар 2021 йил 30 июндан амалга киритилди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, тадбиркорлик субъектларига жойлаштириш воситаларини давлат стандартлари талабларига мувофиқлаштириш лозимлиги эслатиб ўтилади.

 

Туризм ва спорт вазирлиги Ахборот хизмати