ЖССТ экспертлари фикрича, мазкур муаммога бутунлай барҳам берса бўлади. Бунинг учун, аввало, қизларнинг 90 фоизи одам папиллома вирусига қарши тўлиқ эмланиши лозим. 

Қолаверса, аёлларнинг 70 фоизи ўз вақтида скрининг текширувидан ўтиши талаб этилади. 

Ўз навбатида, саратонолди ҳолатлари аниқланган хотин-қизларни даволаш қамровини 90 фоизга етказиш зарур. 

Бироқ баъзи паст ва ўрта даромадли мамлакатларда ушбу икмкониятлар чекланган. Оқибатда уларда бу касалликдан ўлим кўрсаткичи 94 фоизга етгани ачинарлидир. 

Бинобарин, ОИВ инфекцияси мавжуд аёлларда бачадон бўйни саратонига чалиниш эҳтимоли бошқаларга нисбатан 6 баробар юқори экани таъкидланмоқда.

Шу муносабат билан дунё бўйлаб ҳар йили январь ойи “Бачадон бўйни саратонидан хабардорлик ойи” сифатида ўтказилади. 

Ҳисоботда қайд этилишича, бу муаммога самарали ечим топиш учун тегишли ҳукуматлар эмлаш қамровини ошириб, соддалаштирилган скрининг дастурларини амалиётга татбиқ этишлари керак.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб миллий эмлаш календарига бачадон бўйни саратонига қарши қўлланилувчи ОПВ вакцинаси киритилган бўлиб, ҳар йили 9 ёшли 350 минг нафардан ортиқ қизлар ушбу касалликка қарши эмланмоқда.