Бугунги кунга қадар дунёда коронавирусга қарши 200 дан ортиқ вакцина яратилган, улардан олтитаси клиник синовларнинг илғор босқичларида. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебреесус Аспен хавфсизлик форумида маълум қилди.

Шу билан бирга, вакциналар билан боғлиқ ишларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида изоҳ бераркан, ташкилот раҳбари ўзини тутиб гапирди.

«Умид бор, аммо биз клиник тадқиқотлар натижаларини олмагунимизча, бизда вакцина бор деб, айта олмаймиз», деди Тедрос Адханом Гебреесус.

Шунингдек, у муҳим вазифа нафақат вакцинани ривожлантиришни жадаллаштириш, балки унинг барчага тенг имконият яратилган ҳолатда адолатли тақсимланишини таъминлашдан иборатлигини таъкидлади.

«Буни амалга ошириш учун айниқса, эмлашни глобал бозор учун маҳсулот сифатида тушуниш зарур. Бу сиёсий қарор ва биз сиёсий раҳбарларнинг шундай қарор қабул қилишини истаймиз. Вакцина масаласида миллатчилик ёмон ва бу бизга ёрдам бермайди» — деб эълон қилди у.

ЖССТнинг Соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Раян 165 та номзод вакцина синовнинг у ёки бу босқичида эканлигини айтди.

"Олтита номзод вакцина синовларнинг илғор босқичида. Булар учтаси Хитойдан, бири Оксфордда, AstraZeneca компаниясида ишлаб чиқарилган, шунингдек, Американинг Moderna ва Pfizer" компаниялари ишланмаларидир, деди Раян.

Унга кўра, гап синовнинг кенг аҳоли иштирокидаги учинчи босқичи ҳақида кетмоқда. «Бу фақат бошланиш», дея таъкидлади у.