Миссия раҳбари Кетрин Смолвуд жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти делегациясининг мамлакатга 10 кунлик ташрифидан сўнг Ашхободда бўлиб ўтган матбуот анжуманида, ҳукуматга “агар мамлакатда COVID-19 пайдо бўлса, соғлиқни сақлаш тизимида қандай чора кўриш кераклиги бўйича тавсиялар берди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа сектори учун масъул бўлган Смолвуд, мамлакатда коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисми сифатида Туркманистонда «яқинда кучайтирилган чора-тадбирларнинг жорий этилгани»ни эътироф этди.
Смолвуднинг билдиришича, унинг жамоаси ўткир респиратор касалликлар ёки келиб чиқиши номаълум бўлган пневмонияга чалинган беморлар сонининг ортиши тўғрисидаги кўплаб хабарлардан воқиф ва бу уни хавотирга солмоқда.
— Эпидемик кузатув ва синов тизимларини кучайтиришни тавсия этамиз ва кўплаб мамлакатларда касаллик авж олишининг дастлабки босқичларида бўлганидек, намуналарни ЖССТнинг синов лабораторияларига қайта синовдан ўтказиш учун юбориш керак, — деди Смолвуд.
Миссия раҳбари вирусни тўхтатиш бу умумий вазифа эканини, одамларга ўз ва яқинларининг соғлиғини ҳимоя қилиш имкониятини бериш жуда муҳимлигини таъкидлади.
— Кўрилган саъй-ҳаракатлар натижаларига таяниб, ўткир респираторли инфекциялар ва COVID-19 га шубҳали ҳолатларда кейинги ҳаракатларни кучайтириш ва синовни ўтказиш вақти келди, барча соғлиқни сақлаш муассасалари ва тиббий мутахассисларни COVID-19 билан келган беморларни қабул қилишга тайёрлаш, аҳолини жавоб ҳаракатларида қатнашиш, кўп тармоқли жавобга тайёргарликни кенгайтириш вақти келди, — дея хулоса қилди Смолвуд.
Расмий равишда Туркманистонда бирорта коронавирус инфекцияси қайд этилмаган, аммо ОАВ касалхоналарда пневмония аломатлари бўлган беморлар кўплиги, уларнинг баъзилари, шу жумладан, шифокорлар вафот этаётгани ҳақида хабар берган.
Шу ҳафта бошида Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари фуқароларни «ўпкаларини чангдан ҳимоя қилиш» учун тиббий ниқоб кийишга чақирди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 6 июль куни Туркманистонга коронавирус билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун келди. Туркманистон ҳукумати миссия аъзоларининг бутун мамлакат бўйлаб тиббий муассасалар, соғлиқни сақлаш марказлари, лабораторияларга ташрифини уюштирди. Шунингдек, 3 кириш жойи, жумладан Туркманбошидаги денгиз порти назоратга олинди.