8 март - Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўтказилган ушбу тадбирни Журналист аёллар кенгаши Феруза Одилова олиб борди. Давра суҳбатда фаол журналист аёллар, Уюшма масъуллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарилигида  хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, куни кеча давлатимиз раҳбари қарорига мувофиқ, турли соҳаларда эришган алоҳида ютуқлари учун бир гуруҳ қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлангани, Уюшма томонидан оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган журналист аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ижодий салоҳиятини намоён қилишига кўмаклашиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди. Давра суҳбати иштирокчилари — фаол журналист аёлларни Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий қутлади

Дарҳақиқат, бугунги кунда хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги улуши 33 фоизга, сиёсий партиялар сафида 47 фоизга, тадбиркорликда  37 фоизга етгани, оммавий ахборот воситаларида ҳам салмоқли ўрин эгаллагани эътирофга молик.

Давра суҳбатида журналист опа-сингилларимизнинг ёзган мақолалари, тайёрланган телекўрсатув ва радиоэшиттиришларида нафақат касб маҳорати, балки қалб қўри, аёллик назокати ҳам яққол сезилиб туриши, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ҳар қачонгидан муҳимлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мулоқот жараёнида аёл журналистлар фаолиятида дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш зарурлиги юзасидан “Postda” — “На посту” газеталари ва “Qalqon” — “Щит” журналлари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Бернора Содиқова,  “Ўзбекистон” телеканали “Перспектив телелойиҳалар, кино дастурлар ва тезкор дубляж” студияси катта муҳаррири Нилуфар Умирзоқова, “Севимли” телеканали “Замон” информацион дастури мухбири Мўътабар Нурмуҳаммедова аниқ мисолларни келтириб ўтди.

Давра суҳбатида журналистларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун “Ишонч телефони” фаолиятини йўлга қўйиш, “Фаол журналист аёллар” клубини ташкил этиш, фахрий журналист аёлларнинг тажрибасидан самарали фойдаланиш, республикамиз ҳудудлари бўйлаб журналист аёллар учун пресс-турлар ўтказиш бўйича таклифлар ўртага ташланди ва муҳокама қилинди.

—Журналистиканинг нони қаттиқ, дейишади. Бу жиҳатларни ҳар бир журналист ўзининг кундалик фаолияти давомида ҳис этади, — деди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Сиёсат ва янгиликлар таҳририяти маданият ва маърифат бўлими мудири Назокат Усмонова. —  Бугун Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси мамлакатимизнинг энг чекка ва олис ҳудудларида ҳам соҳа ходимлари холидан хабар олиши, ёшларга касбий маҳорат сирларини ўргатиши яхши анъанага айланди. Бу йўналишдаги эзгу ишлар бардавом бўлишини истаймиз.

 Тадбир якунида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, бунёдкорлик ишларини, жамият ҳаётида рўй бераётган янгиланишларни оммавий ахборот воситалари ёритишда фаоллик кўрсатиб, кенг жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган бир гуруҳ журналист аёлларга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг эсдалик совғалари топширилди.

—Бугун Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қошидаги Журналист аёллар кенгаши томонидан ташкил этилган давра суҳбатида қатнашдик. Муҳим масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашдик, — дейди  таниқли журналист Нилуфар Умирзоқова. — Байрам арафасида  бизга Уюшманинг совғалари тақдим этилди. Бундан жуда мамнунмиз, миннатдорлик билдирамиз. Мана шу фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиздаги барча аёллар, журналист аёлларни байрам билан такриклаймиз. Иштиёқингиз ҳеч қачон сўнмасин! Иштиёқ сўнмаса, қаламлар тебранади, чиройли кўрсатувлар бўлади, радиоэшиттириш ва мақолалар ёзилади. Ўзбекистондаги ҳар бир аёл эътибор ва эътирофга лойиқ! 

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Ахборот хизмати