Матбуот — жамиятнинг ўзига хос кўзгуси. Унга кўз ташлаб мамлакатнинг асл қиёфасини, халқнинг турмушини, яшаш тарзини, қолаверса, босма нашрларни шакллантираётган журналистларнинг маҳоратини билиб олиш қийин эмас. Ана шу газета ва журналларсиз, радио-телевидениесиз ҳозирги замонда ҳеч бир халқ кўзлаган мақсадига эриша олмайди. Маънавияти қашшоқ, Ватанига муносиб ғоявий қуролга эгалик қилолмаган фуқаролар оддий оломондан фарқ қилмайди. Шу сабабли матбуотга, тарғиботга жиддий эътибор қаратиб келинади.
Биз матбуотни энг замонавий тарғибот воситаси, Ватан тарихининг энг ишончли солномаси, маънавиятимизнинг битмас-туганмас бебаҳо хазинаси сифатида шакллантиришга ҳаракат қилаяпмиз. Унинг эркинлигини таъминлаш, ҳақиқат йўлида толмас курашчилигини амалда намойиш этиш, келажак авлодни чинакам ватанпарвар қилиб тарбиялаш — бугунги матбуотнинг асл мақсади бўлиши учун барча имкониятлар, ҳақ-ҳуқуқлар яратилган. Буни биз яқинда қабул қилинган янги Конститутциямиз мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.
Бугун мамлакатимизда матбуотга эътибор ҳар қачонгидан юқори. Айни пайтда цензура ўрнатиш, журналист фаолиятига ноқонуний аралашиш, таҳририят ходимларига босим ҳамда тазйиқ ўтказиш ва бошқалар учун жавобгарлик кучайтирилган. Яқин-яқин йилларгача бундай босим ва тазйиқлар билан боғлиқ кўплаб воқеа ҳамда ҳодисалар бўлиб келгани ҳам бор гап.
Бу сўзларни қайд этишдан мақсад — биз эриша олмаган довонларни бугунги қалам соҳиблари эгаллашса, халқимизга янада мазмунли, ўқишли, даврга мос газета ва журналлар нашр қилишса. Муассислар ҳам ўз нашрлари ҳақида чин дилдан қайғуришса...
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни баҳонасида кўнгилдан кўп гаплар ўтади. Дарҳақиқат, чин журналистлар учун аслида байрамнинг ўзи йўқ. Улар айём кунлари ҳам тинчишмайди. Ҳаётнинг қайноқ жабҳаларида бўлишга интилишади. Ўзларининг байрамларида ҳам бирлари шодиёналарда бўлишса, бошқалари ана шу тадбирни ёритиш билан машғул.
Касб байрамимиз эса ана шу серқирра соҳада фаолият юритаётганлар учун ўзига хос бир сарҳисоб сана. Бу кун ҳар бир таҳририят жамоасининг, журналистнинг, ижодий ва техник ходимнинг ўтган даврда қилинган ишларидан қониқиш ҳосил қилиш бўйича газетхон ёки журналхон, телетомошабин ёки радиотингловчи олдида ўзига ҳос имтиҳондир.
Хўш, бугунги оммавий ахборот воситалари мухлиси ўзлари севиб ўқийдиган ва кўриб-тинглайдиган газета-журнал, радио ва телевидениедан кўнгли тўлаяптими? Радио ва телевидиние каналлари ранг-баранглашиб, хусусийлари сони анчага кўпайса ҳам, аммо мазмундор ва таҳлилий кўрсатувлар ҳамон етарли эмас. Нега?!
Тўғри, XXI аср — ахборот асри ўз ҳукмини амалда кўрсатмоқда. Тарихдан маълумки, газетанинг ахборот воситаси сифатида шаклланиши учун 2–3 аср вақт ўтган бўлса, эндиликда бир йилда, ҳатто бир ойда шундай инқилобий ўзгаришлар рўй бераяптики, кўриб-билиб ҳайрон қоласиз. Бундан 30-40 йил олдин ахборот тарқатишда газеталар ўрнини радио ва телевидение эгаллаб олмоқда деб айюҳаннос солган эдик. Энди-чи, интернет тармоқларида электрон газеталар, веб-сайтлар, блогерлар дунёга келиб ахборот майдонини тўла-текис эгаллаб олди. Эндиликда тезкор ахборот тарқатишда телевидение ва радио улар олдида “ип эшолмай” қолди. Менинг ўзим хорижий сафарлар давомида Дубайда ҳам, Макка-ю Мадинада ҳам ўзимизнинг “yuz.uz”, “uza.uz”, “kun.uz” , “gazeta.uz”, “daryo.uz” ва бошқа турли интернет сайтлари орқали Ўзбекистонда юз бераётган воқеа ва ҳодисалардан сония сайин хабардор бўлиб турдим. Хўш, бугунги кунда уларнинг тезкор ахборот хизматини газеталар уёқда турсин, телевидение ёки радио уддалай олаяптими?! Афсуски, ундай эмас.
Менимча, газета ва журналлар ўз фаолиятини замон талабларидан келиб чиқиб батамом қайта қуриши керак. Улар тезкор ахборот тарқатишда ютқазишяптими, демак эндиликда босма нашрлар мамлакатда юз бераётган оламшумул ўзгаришлар — улкан завод ва фабрикалар, уй-жой қурилишлари, таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида туркум таҳлилий мақолалар, суҳбатлар, репортажлар, лавҳа ва очерклар бериб бориши керак. Ҳозирги кунда аксарият босма нашрлар ҳаётдан анча орқада қолмоқда. Фақат интернетдан фойдаланиб, хонада ўтириб ишлаш билан иш битмайди. Тинимсиз ҳаракат, изланиш керак.
Бугун мамлакатда катта ўзгаришларни ҳар жабҳада сезасиз. Ҳаётдаги бу жараён нафақат иқтисодиётга, балки ижтимоий соҳага ҳам, маънавиятга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қўймайди. Шу сабабдан босма матбуот фаолиятини, мазмун-мундарижасини, замон талаблари даржасида яхшилаш, безалишини ва моҳиятини янада юксак савияга кўтариш, бугунги матбуот олдида энг долзарб масала бўлиб турибди. Бу борада “Янги Ўзбекистон”, “XXI аср”, “Ҳуррият”, “Миллий тикланиш”, “Адолат” газеталари бирмунча олдинга қадам ташламоқда. Улар нафақат босма нашр фаолиятини қайта қуриш, уларнинг электрон веб-сайтлари ҳам кечаю кундуз ишлашини таъминламоқда. Бу ибратли ишлар яқин келажакда ўз самарасини бериши аниқ.
Лекин ҳамон долзарб таҳлилий суҳбатлар, ечимини кутаётган муаммоларга оид изчил мазмунли мақолалар, давр қаҳрамонларининг ибратли ҳаётини акс эттирувчи очерклар, камчиликларни аёвсиз фош этувчи фелъетонлар жуда кам ёритиляпти. Газеталар ҳаётдан узилиб қолмасдан, ижтимоий жараён билан “қайнаб-жўшиб” яшаши керак. Ҳали республикамизда журналистларнинг нафақат қадами, балки қалами тегмаган жойлар, мавзулар жуда кўп.
Аввало, ҳар бир ахборот воситаси ходими ўзига юклатилган вазифанинг нақадар муҳимлигини, масъулиятини англаши, “мухбир”, “журналист” деган ўта залворли сўзнинг қадрига етиши лозим.
Матбуот саҳифаси – бу артиллерия майдони эмас, бир-бирига “ўқ” отадиган. Танқидий, муаммоли мавзулар ўзига хослиги билан ажралиб туради. Бу ерда танланган объектни чуқур ўрганиб, ҳар томонлама таҳлил қилиб, юксак масъулиятни ҳис этиб, сўнгра қўлга қалам олиш ва ҳар бир сўзни ишлатишдан олдин пухта ўйлаб қоғозга тушириш керак. Ҳиссиётга берилиб енгил-елпи, ўйланмай ёзилган танқидий мақолалар пуфакка ўхшаб ёрилиб кетади. Уларнинг самараси ҳам бўлмайди.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, газета ва журналлар ададини, ўқишли адабиётлар ҳамда муҳим ижтимоий-сиёсий китобларнинг тиражини талаб даражасида оширмасдан туриб, халқимиз маънавиятини юксалтириб бўлмайди. Маънавият ва мафкура — давлат сиёсатининг энг муҳим бўғинидир.
Яна бир масала. Ҳозирги кунда нафақат ишбилармон ва тадбиркорлар, балки бугунги воқеликдан хабардор ижодкор ёки газета-журнал ходими ҳам электрон алоқа воситаси орқали тезкор савдо тармоқларига уланиб, зарур техник восита ёки бошқаларни тез муддатда дунёнинг турли бурчагидан бемалол қабул қилиб олиши мумкин. Бизда-чи, баъзида газета ва журналларни ўз эгаларига етказиш учун кунлар эмас, ҳафталар керак бўлаётгандай. Буюртма китобларни эгаларига тезкор етказиш тизимини йўлга қўйиш эса долзарб бўлиб қолаётир.
Бинобарин, маърифат ва маънавият соҳасидаги ишлар ҳали ҳам бугунги замон талаби даражасида эмасдек. Кўпгина нашрларнинг молиявий аҳволи начор. Миллий мафкурамизни тўла-тўкис яратиб, уни халқимизга хизмат қилдириш борасида ҳали жуда кўп ишлар қилишимиз керак. Бу эса фақат мустақиллигимиз таг-заминини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Хўш, бугунги журналист қандай бўлиши керак? Бу савол кўпчилик ижод аҳлини қизиқтиради. Ҳар куни турли ижтимоий тармоқларда ўзини кўз-кўз қилиб, ижтимоий ҳаёт этикасига тўғри келмайдиган қирраларини эфирга узатаётган айрим блогерлар услубини қўлласинми ёки хонада ўтириб олиб интернет янгиликларини, шов-шувли хабарлардан иборат нашрни шакллантирсинми? Бундай хаёллар ҳар бир таҳририят ходимининг фикру хаёлини чулғаб олгани рост.
Лекин эндиликда газетхон ҳам анойи эмас. У сиздан интернетда эълон қилинмаган (улар ҳам сиз каби интернетнинг у ёғидан кириб бу ёғидан чиқишади) ноёб, теша тегмаган мавзуларни, муаммоларни дадил кўтариб чиқадиган суҳбат ва мақолалар кутишади. Газетани кўп ҳам безамасдан (айрим нашрлар фақат дизайнига эътибор бериб, мазмун-мундарижасини эсдан чиқаришади) тош босадиган мақолаларни, хабар ва янгиликларни чоп этишлари керак.
Бугунги журналист ҳар томонлама мукаммал ижодкор, блогер, сайт яратувчиси, қолаверса, радио эшиттирувчиси ҳам бўлиши керак. Эндиликда муштарий қўлига кечикиб борган нашрнинг оддий қоғоздан фарқи қолмайди.
Журналистика мисоли бир очилмаган қўриқ. Уни ҳар бир қалам аҳли ўзича ўзлаштиришга, очишга интилади. Кимки маҳорат билан, чуқур билим ва истеъдод ила ҳаракат қилса мақсадига эришади. Образли айтганда, қўриқда боғ яратади, мевасидан завқланади, келажакка хизмат қилишини ўйлаб, кўнгли ёришади.
Мен, бир фахрий журналист сифатида, заҳматкаш ижод аҳлининг байрами баҳонасида бир мунча фикрлар билан ўртоқлашдим. Айтаверсам гап кўп. Лекин газета ва журналларни, китобларни иштиёқ билан ўқийдиган, уларни излаб юрадиган давр ютуқларини йўққа чиқармасдан, вазиятни ўзимиз ўнглашимиз, келажакка хизмат қилдиришимиз керак. Бугунги авлод таълим-тарбияда, илмий ишларда, ижодда, ҳатто илоҳиётда ҳам шу заминда яшаб ўтган улуғ аждодларидан ортда қолмаслиги, уларнинг муносиб вориси бўлишлари лозим.
Мен ҳозирги ёш авлод вакилларига ниҳоятда ҳавас қиламан. Улар бугун ҳар қанча меҳнат қилсалар, излансалар арзийди. Зеро, журналистнинг қаттиқ нонини қадрлайдиган, унинг сўзини эътиборга оладиган ажойиб замонларга ҳам етиб келдик. Эл-юртни рози қилиш йўлида бошланган ислоҳотларни тарғиб этишда иштирок этаётган ҳар бир қалам аҳли ўзини жуда бахтли инсон деб ҳисоблайди. Холислик, тезкорлик ва дадиллик билан юртимизнинг ҳар бир гўшасига кириб бораётган, мавжуд муаммоларга ечим излаётган журналистларга матонат ёр бўлсин!
Жаббор РАЗЗОҚОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист